Очиғи, ҳар сафар мулоҳаза ёзишдан аввал бизни «Футболимиздаги ҳақиқий аҳволни айтиш керакми?» қабилидаги истиҳола қийнайди. Демоқчимизки, ҳақиқатни ёзиш осон кечмайди. Ҳақиқатни айтиш учун ўзинг билан ўзинг курашасан киши. Чунки футболимиздаги муҳит ҳали ҳақиқатни ўз ҳолича қабул қиладиган даражага кўтарилмади. Мухлислар савияси эса футболимиз муҳитидан анчагина юқорилаб кетди. Уларнинг ОАВ олдига қўядиган талаблари мутлақо ўзгача, футболимиз мутсаддилари, мураббийлар ва ўйинчиларнинг фикрларидан фарқланади. Қисқаси, матбуот икки ўртада овораю сарсон. Бундай муносабат газетамизнинг аввалги сешанба сонида эълон қилинган мулоҳазаларимиздан сўнг яққол кўзга ташланди. Айрим мухлисларимиз қўнғироқ қилиб, Суперлига инқирози ҳақидаги мақолада сал ошириб юборганимизни айтишди. Тан оламиз, бироз кескинроқ ёзишга интилдик, лекин кескин ёзмадик. Ўта кескин бўлмаган мулоҳазалар ҳам мухлисларимизни ҳушёрликка чорлаганидан тушуниш мумкинки, ҳали катта инқилобий ўзгаришларга тайёр эмасмиз.

«Офсайд» кўрсатувида айтилган дангал гаплардан кейин Иброҳим Аҳмедовнинг вазиятни юмшатишга урингани ҳам фикримиз далилидир. Муҳими, бир йўлини топиб, айрим ҳақиқатлар айтилмоқда. Суперлиганинг аввалги турида «Андижон» ўз ўйини билан мухлисларни футболдан бездирувчи, кўнглини қолдирувчи йўл тутганди. Бу сафар АГМК шу ишни такрорлади. «Андижон»нинг қилиғидан икки хил маъно уққандик: 1. Ўз майдонидаги йирик ҳисобдаги мағлубият - жамоанинг мутасаддиларга нисбатан исёни. 2. Жамоа келажагига ишонмай қўйган футболчилар энди ғалаба учун жон куйдиришмайди. Инсонгарчилик! Ҳар икки ҳолатни тушунса бўлади. Бироқ АГМК­нинг ўз майдонида «Пахтакор»га бу қадар йирик ҳисобда ютқазишини тушуниш мушкул. Тўғри, «Пахтакор» ҳозирги ҳолатда Суперлига савиясидан анча баланд жамоа. Буни ҳамма кўриб-билиб турибди. Шота Арвеладзе жамоасининг ғалабаси аввалдан башорат қилинди ҳам. Шу маънода ўйин натижаси бизни унча қизиқтирмади. Ўйлантирган масала бошқа - Миржалол Қосимовда рақибга қаршилик кўрсатиш туйғусининг кўзга ташланмагани. Бу ўринда «Пахтакор» ёки АГМК манфаатларини бир четга сурамиз. Эътирозимиз Миржалол Қосимовнинг шахсан ўзига. Унутмаслик керак, Миржалол Қосимов шахси - ўзбек футболининг ёрқин саҳифаси. Шу тарих ҳурмати АГМК устози Шота Арвеладзега недир «сюрприз» тайёрлаши керак эди.

Мухлислар жамоаларнинг биринчи даврадаги дурангидан келиб чиқиб, Шота Арвеладзе ўзини кўрсатишга интилишини кутишаётганди. Ўйлаймизки, буни Миржалол Қосимов ҳам сезган. Сезмаслиги мумкин эмас. Афсуски, Миржалол Қосимов жамоасидаги иштиёқсизлик туфайли мураббийлар дуэлида Шота Арвеладзенинг қўли баланд келди. Албатта, ҳозир футбол ўйнаш, осон эмас. Ҳар ким ўз ёғига ўзи қовурилмоқда. Майдон эса ичингиздан нелар ўтаётгани билан ҳисоблашмайди. Майдонга тушиш - курашиш дегани. Курашмасдан енгилиш футболга ҳурматсизликдир....

Давоми бор.
Батафсил ўқиш учун ссилкага босинг