14-дақиқада Мессининг узоқдан тўп узатишидан сўнг Дембеле тўпни қабул қилди. Усмон тўп олиши билан ҳимоячини алдаб ўтди ва ўнг оёғи билан зарба берди. Лекин тўп Кьезанинг оёғига тегди ва йўналишини ўзгартириб дарвозага кирди. “Барса” олдинроқ ҳам гол уриши мумкин эди, Гризманнда ажойиб имконият бор эди. Аммо у дарвозани ишғол қила олмади.
“Юве” ўйинни 3-4-3/3-5-2 кўринишида бошлади, аммо ҳимояланаётганда 4-4-2 схемасида ўйнади, Пирло жамоага келгандан буён шундай тактика қўллаяпти. Шунинг учун ҳужум вақтида Дибала орқароқдан югуриб бориши ва очиқ зонада туриши, Кьеза қанотдан ҳужумга ўтиши ва жарима майдони ичида Моратани қидириб топиши керак бўлади. Туринликларнинг чап қанотидан кўра ўнг қаноти активроқ бўлди. У қанотдан Куадрадо ҳужумга ўтиб турди, чап қанот эса кўпроқ ҳимоявий ўйнади. Чунки у тарафдан Дембеле хавф солиб турганди.
Рональд Араухо биринчи бўлим сўнггида жароҳат олди ва иккинчи бўлимда унинг ўрнига Серхио Бускетс майдонга тушди. Айнан Бускетс Рональднинг ўрнида ҳимояда ҳаракат қилиши керак эди, аммо Куман бошқача қарор қабул қилди: Ланглега ҳимояда Де Йонг ёрдам беради, Бускетс эса доимгидек таянчда ҳаракат қилади.
Фати майдонга тушиши билан жамоанинг схемаси 4-4-2 га ўзгарди. Ансу ўнг қанот ярим ҳимоясида ўйнаган бўлса, Педри чап қанотга кўчди. Месси доимгидек прессинг уюштирди, Фати тушиши билан жамоа ҳимоявий ўйин кўрсатишни бошлади.