Айни пайт Қатар чемпионатида маҳаллий «Ал-Гарафа» клуби шарафини ҳимоя қилаётган мексикалик Эктор Морено миллий жамоа либосида 100 мартадан кўп майдонга тушган таниқли ҳимоялардан биридир. У ёрқин фаолиятини 2005 йили U-17 тоифасидаги жаҳон чемпионида олтин медаль ютган Мексика ўсмирлар термасида бошлаганди. Эктор охирги 10 йил давомида «ацтеклар» бош жамоасида мунтазам тўп суриб, ЖЧда 3 марта ва КОНКАКАФ кубогида 2та  иштирок этди. Футболчининг совринлари орасидан КОНКАКАФ чемпиони унвони (2та) бор. Қисқаси, фаолиятини якунлаш арафасида турган фахрий ҳимоячи ушбу рекорд натижаси билан фахрланса, арзийди. Бироқ Морено халқаро фаолиятини ҳали якунламоқчи эмас. У ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида ўзига қадрли бўлиб қолган Қатар заминидаги мундиалда Мексика термасида муҳим роль ижро этишни кўзлаётганини яширгани йўқ.

 - Эктор, Европада узоқ давом этган самарали фаолиятдан кейин Қатар сафарига бел боғлашингизга нима туртки берди - пулми ёки...?

- Нафақат футболчилик фаолиятим, балки ҳаётим учун ҳам муҳим саналган бу қадамни бир қатор омилларга асосан ташладим. Асосий сабаб - «Ал-Гарафа»нинг муносиб чорлови. Клуб ўз олдига совринлар учун курашиш баробарида ёш авлодни муносиб тарбиялаш вазифасини қўйган. Ҳозир қатарликларга халқаро ва Европа майдонларида тўплаган тажрибам билан имкон доирасида ёрдам беряпман. Қолаверса, жамоада тажрибали ҳимоячига эҳтиёж сезишганди.

- Осиёга йўл олишингиздан аввал Қатар ва маҳаллий Юлдузлар Лигасига умумий муносабатингиз қандай эди?

- Таклиф олгач, Қатарда ўйнаган бир қатор танишларим билан боғландим, уларнинг фикр-мулоҳазаларига қизиқдим. Аксарият дўстларим мамлакат чемпионатидаги рақобат, лиганинг савияси ва тараққиёти хусусида ижобий фикр билдиришди. Қолаверса, 2019 йили Қатар миллий жамоаси Осиё чемпионатида ғолиб чиққанди. Умуман, Европада афсона даражасига кўтарилган бир қатор машҳур футболчилар ҳам Қатардан олам-олам таассуротлар билан қайтишганини айтишди. Шу тариқа таклифнинг ўзим ва оиламга тегишли жиҳатларини ҳам кўриб чиққач, розилик билдирдим.

- Қатардаги дастлабки таассуротларингиз қандай бўлди? Мамлакатнинг бўлажак мундиалга қаратилган тайёргарлик ишларига баҳо Бера оласизми?

- Митти мамлакатда иш ҳамон қизғин. Барча шаҳарлар 2 йилдан кейин ўтказиладиган турнирни муносиб ташкиллаштириш юмушлари билан банд. Ҳозирнинг ўзида ҳаммаси шайдек туюлади. Мундиал чоғи бу ерга ташриф буюрадиган мухлислар ҳайратланарли таассуротлар билан қайтишларига аминман. Ҳаттоки, бир кунда 2та учрашувни бевосита стадионда томоша қилиш имконияти бўлади. Бу жуда ажойиб.

- ЖЧ учун барпо этилган стадионларнинг айримларида майдонга тушдингиз. Хўш, улар ёқдими, умуман, бўлажак мундиални қандай тасаввур қиляпсиз?

- Ҳа, янги ареналарда ўйнаш бахтига мушарраф бўлдим. Яна 3та стадион тайёр - тез орада очилиш маросими ўтказилади. Стадионларнинг ташқи кўриниши кўзни қамаштирадиган даражада чиройли - худди одамларни ўз бағрига чорлаётгандек. Ички қулайликларни таърифлашга эса тил ожиз. Назаримда, майдон муҳити бизга ўзгача қулайлик яратиб, бор куч билан ўйнаш имконини бераётгандек. Ўйин учун энг мақбул ҳарорат таъминлаётганини ҳам бемалол таъкидлашим мумкин. Биз мавсумни ёзда якунладик, янгисини 3 ой аввал бошладик. Муҳими, совутиш тизими аъло даражада. ЖЧ бўлиб ўтадиган ноябрь-декабрь ойларида барча мухлислар ажойиб об-ҳаводан баҳра оладилар. Уларни ҳеч иккиланмай, Қатар сафарига тадорик кўришга даъват этаман.

- Терма жамоадаги дўстларингиз ва Мексика футболи расмийлари сизга Қатар хусусида мурожаат қилишяптими?

- Албатта. Улар мамлакатдаги кундалик ҳаёт ва бошқа кўплаб масалалар юзасидан саволлар беришади. Буларга жавобан «Инстаграм» орқали бир нечта фотосурат жўнатдим, қолаверса, ўтган ҳафта жамоа йиғинига борганимда, ҳаммаси ҳақида бафуржа суҳбатлашдик. Қолаверса, аввалроқ бу ерга Мексика футбол федерацияси вакиллари келиб, объектлар билан танишдилар ва ажойиб таассуротлар олдилар.

- Энди Қатарда истиқомат қилиб, мамлакат майдонларида ўйнаганча фаолиятингиздаги 4-мундиалда иштирок этишни мўлжаллаяпсиз, шундайми?

- Ҳа, албатта. Айни пайт бутун эътиборим футболга қаратилган. Мақсадим - терма жамоа таркибидан жой олиш. Бизда ёш футболчилардан ажойиб таркиб шаклланганини биламан, лекин ўз имкониятимга ҳам ишонаман, ҳали жамоага манфаат келтира оламан. Олдимизда турган 2 йил давомида ишончли тўп суриб, таркибдаги ўрнимни сақлаб қолиш учун бор кучимни сарфлайман. Ҳозир асосий эътиборни саралаш босқичи ўйинлари ва йўлланма ютишга қаратганман.



Давоми бор. Ушбу СУҲБАТни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин...