Қўқонда АГМК доғда қолдирилди ёҳуд кетма-кет учинчи ғалаба

Қўқондаги “Марказий” стадионида Coca Cola суперлигасининг 21-туридан ўрин олган, “Қўқон-1912” – АГМК учрашуви якунига етди.  Турнинг марказий ўйинлардан бири сифатида эътироф этилган баҳсда Бахтиёр Ашурматов шогирдлари ғалаба қозонишди.

Учрашувни вакилларимиз фаол тарзда бошлашди. 5-дақиқада чап қанотдан Муҳаммаданас Ҳасановнинг жарима майдончасига узатмасини дарвозабон ўқий олди.  Акс ҳолда Райевац қулай вазиятга чиқиб кетар эди.

21-дақиқада Ҳусниддин Ғофуров дарвозабонимиз билан деярли бирга-бир вазиятга чиқиб бориб, зарба йўллаган эди. Музаффар Абдуллаев ажойиб ҳаракати билан хавфни бартараф этди.

Муҳаммаданаснинг зарбаси тўғри дарвозага борган эди. Султонов қийинчилик билан тўпни уриб юборди.

34-дақиқада рақибларимизнинг тезкор қарши хужумлари самарасиз якунланди. Григалашвилининг зарбаси ноаниқ бўлди. 43-дақиқада тиниб-тинчимас Қувондиқ Рўзиев марказда тўпни эгаллаб, ўнг қанотга яхши узатмани амалга оширган эди. Рақиб футболчилари комбинацияни ўқий олишди. Танаффусга жамоалар нурсиз дуранг билан чиқиб кетишди.

Иккинчи бўлимни ҳам футболчилариз фаол тарзда бошлашди. 52-дақиқада Авазхон Маматхўжаевнинг ўнг қанотдан рақиб жарима майдончасига кириб дарвоза томон йўллаган зарбаси ҳимоячига тегиб майдонни тарк этди. Бурчак зарбасидан сўнг эса Рўзиевнинг зарбаси бироз ноаниқ чиқди.

70-дақиқада Норбеков майдонни шифоорлар ёрдамида тарк этди. Майдонга ёш ҳужумчимиз Ҳамидилло Абдуҳамидов тушди. 72-дақиқада чиройли комбинация, ажойиб ҳужум. Рўзиев – Бердиев – Маматхўжаев комбинацияси Авазхоннинг зарбаси билан якунланди. Ҳимоячилар бир амаллаб тўпни қайтариб қолишди. 79-дақиқада футболчиларимиз ҳисобни очишди. Гол муаллифи Мурод Холмуҳаммедов бўлди. Жамоамиз сардори тахминан 20-21 метрлардан рақиб дарвозасига аниқ ва кучли зарба йўллаб рақиб дарвозасини ишғол этди. Голдан кейин ҳам футболчиларимиз рақиб дарвозаси олдида кўплаб вазиятларни юзага келтиришди. Ана шундай ҳужумларнинг бирида Абдухамидовнинг бош билан йўллаган зарбасини Султонов қийинчилик билан ушлаб олди. Қолган дақиқаларда ҳар икки жамоа вакиллари ҳужумкор ўйин намойиш этишларига қарамай, ҳисоб ўзгармади. Шу тариқа, қўқонликлар кетма-кет учинчи баҳсда ғалаба қозониб, очколар сонини 38 тага етказиб олишди.

Coca Cola суперлигаси, 21-тур
“Қўқон-1912” – АГМК – 1:0 (0:0)
Ҳакамлар: Виктор Серазитдинов, Тимур Гайнулин, Андрей Цапенко, Акмал Раҳимов.
Назоратчи: Игорь Нехочин.
Комиссар: Бекзод Арипов.
Гол: Мурод Холмуҳаммедов (79).
“Қўқон-1912”: 21.Музаффар Абдуллаев, 3.Бобур Акбаров, 9.Суҳроб Бердиев, 10.Қувондиқ Рўзиев, 14.Аваз Маматхўжаев, 15.Ойбек Рустамов, 22.Муҳаммаданас Ҳасанов (20.Иқбол Маликжонов, 86), 23.Александр Мерзляков, 33.Иван Йосович, 69.Филип Райевац (7.Шоҳназар Норбеков, 61, 19.Ҳамидулло Абдуҳамидов, 71), 70.Мурод Холмуҳаммедов.
Захира: 1. Ботирали Эргашев, 4. Собит Синдаров, 13. Сардор Азимов, 17. Музаффар Музаффаров, 91. Якуба Бамба, 99. Бек Абдуллаев.
АГМК: 32. Суҳроб Султонов, 3. Сардор Раҳмонов (5. Дилшод Жўраев, 82), 11. Мурод Тошматов, 17. Санжар Турсунов, 18. Баҳром Абдураҳимов (10. Шаҳзод Нурматов, 63), 20. Мирғиёс Сулаймонов, 21. Мате Ватсадзе (30. Жасур Умаров, 74), 23. Йован Жокич, 44. Бобур Йўлдошев, 77. Арслонмират Аманов (7. Элгужа Григалашвили, 63), 94. Ҳусниддин Ғофуров (9.Зафар Полвонов, 74).
Захира: 35. Валижон Раҳимов, 2. Акмал Шораҳмедов, 31. Сайдулло Раҳматов.

Ўқилган: 536
АГМК Қўқон-1912 Ўзбекистон. Суперлига

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича