Ўз ёшини кичрайтирган Суперлига футболчиси аниқланди

Футболда ёш кичрайтириш билан боғлиқ иллат борлиги сир эмас. Бу нафақат Ўзбекистоннинг ташқи имиджига ўз таъсирини кўрсатади, балки бир қатор иқтидорли футболчиларнинг миллионлар ўйинидан кўнгли совуб, кейинчалик уни тарк этишга олиб келади.

ЎзПФЛ ёшни кичрайтириш билан боғлиқ ҳолатларга жиддий эътибор қаратишни тўғри йўл деб билади. Бунда қамров доирасини кичрайтириш учун асосан 2000 йилдан кейин туғилган футболчилар масаласи ўрганилмоқда. Боиси, шу йилдан кейин таваллуд топган футболчилар ҳозирча йирик халқаро мусобақада иштирок этиб улгурмади. Аммо ЎзПФЛ томонидан ўтказиладиган мусобақаларда улар фаол иштирок этмоқда.   

Бундай иллатларни йўқотиш мақсадида ФҲДЁ органлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида футболчиларнинг хужжатларидаги туғилганлик ҳақидаги ёзувларнинг ҳақиқийлиги ўрганилмоқда. Мана шундай изланишда Суперлига клубларининг бирида тўп сурувчи футболчининг туғилганлик ҳақидаги далолатномаси ва бошқа хужжатлари ўртасида туғилган йили бўйича тафовут борлиги аниқланди. Яъни, Давлат хизматлари агентлиги томонидан тақдим этилган маълумотномага мувофиқ, унинг туғилганлик ҳақидаги далолатномасида туғилган йили 2002 йил этиб кўрсатилган, фуқаролик паспортида эса 2004 йил этиб қайд қилинган.

ЎзПФЛ футбол клубига футболчининг ҳужжатларида чалкашлик борлиги аниқлангани, шундан келиб чиқиб топширилган ҳужжатларни қайта ўрганиб чиқишни сўраб икки марта расмий хат юборди. Бироқ футбол клуби томонидан мазкур ҳолат бартараф этилмади.

Шундан сўнг ЎзПФЛ ҳолатга аниқлик киритилиши ва қонунбузилиш ҳолатига ваколати доирасида ҳуқуқий баҳо беришини сўраб вилоят прокуратурасига мурожаат қилди. Маълумотга асосан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилди ҳамда футболчинининг ёшини кичрайтириш билан боғлиқ хужжатларни расмийлаштирган шахслар аниқланди.

Кейинчалик туман прокуратурасининг талаби билан тумани ИИБ М ва ФРБ томонидан футболчи номига ёши кичрайтирилган ҳолда расмийлаштирилган фуқаролик паспорти ва хорижга чиқиш биометрик паспорти амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилиниб, унинг номига ҳақиқий туғилган йили бўйича фуқаролик паспорти расмийлаштириб берилди.

Бугун — 26 октябрь куни ЎзПФЛ футболчи тўп сурадиган клубга бу борада маълумот тақдим этди ҳамда футболчининг ҳужжатларини асл туғилган йили билан қайта расмийлаштириш талабини қўйди. Биз футболчининг карьерасига салбий таъсир кўрсатиш фикридан йироқмиз. Аммо унинг фаолиятини ёлғонлардан бошлашга уриниш принципига қарши курашамиз. Барча масала қонун доирасида тўғри ҳал этилса, кейинчалик бундан Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам манфаат кўради, шунингдек, мана шундай ҳолатлар касрига қолиб кетаётган бошқа ёш футболчиларда футболга нисбатан қайта умид уйғонади.

ЎзПФЛ ўз фарзанди келажаги борасида қайғураётган ота-оналардан бу каби иллатларга учмасликларини сўрайди. Шунингдек, кейинчалик ҳам бу каби ҳолатларга қарши кураш олиб боради. Биз бу борадаги ёрдамлари учун Давлат хизматлари агентлиги ҳамда прокуратурага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Ўқилган: 781
Ўзбекистон. Суперлига

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича