Шота Арвеладзе: Биз учун финалга тенг яна бир қизиқ ўйин бўлади

"Шаҳр Ҳодро" ва "Пахтакор" ўйинидан олдин жамоамиз бош мураббийи Шота Арвеладзе ва ҳужумчи Эрен Дердийок матбуот анжуманида қатнашишди.

Арвеладзе: - Биз учун ҳар бир ўйин финалга тенг бўлмоқда. Биз бир-биримизни яхши биламиз. Улар учун бу ўйин фахрланиш ҳиссини уйғотади, форсларнинг характери жанговар. Буни биламиз, чунки Эрон клублари билан кўп бор тўқнаш келганмиз. Биз учун эса мусобақани давом эттиришни ёки аксини кўрсатиб беради. Юқори даражадаги яхши ўйин бўлади деб ўйлайман.

Гуруҳимиздаги иккинчи ўйин натижасини кўришга ва кузатиб боришга имкониятим бўлмайди. Чунки бор эътиборни ўз ўйинимизга қаратамиз. Барчаси ўз қўлимизда.

Футболчилар билан ҳар куни суҳбатлашаман. Бу футбол. Баъзида гол урасиз, баъзида эса йўқ. Ҳар бир ўйинда яратаётган вазиятларимиз жуда муҳим, чунки сен кўпроқ вазият яратаётган бўлсанг, демак рақибдан кўра ақллироқ ўйин намойиш этаётган бўласан. Сен уларни тўпни майдон ташқарисига ёки шунчаки олдинга тепиб юборишга, баъзида эса хато қилишга мажбур қиласан. Бундан ташқари, рақиб ҳимоячилари ва дарвозабони ҳам майдонда шунчаки чиройли фотолар учун турмайди. Биз янада кўпроқ вазиятлар яратишга ҳаракат қилишимиз керак. Лекин, шундай ҳолатлар ҳам бўлади -  битта вазиятда гол уриб кетасиз. Футболда нима бўлишини олдиндан айтиб беролмайсиз, шуниси билан ҳам у қизиқ.

Ҳеч кимнинг бўшашишига йўл қўймаймиз. Рақибнинг ўйини статистика бўйича ёмон эмас. Улар вазиятлар яратишмоқда. Хатто, улар билан Тошкентда ўтган баҳсимизда йирик (3:0) ҳисобда ғалаба қозонган бўлсак-да, улар ўйин бўйича жуда яхши таассурот қолдиришганди. Бу характерли ва жанговар жамоа. "Ал Ҳилол"га қарши олдинги беллашувда уларда ҳеч қандай имконият қолмаганди, шунга қарамай борларини бериб ўйнашди. Менимча, эртага биз билан ҳам охиригача курашишади.

Дердийок: - Биз уч ўйин ўтказдик ва уларнинг барчасида ғалаба қозонишга ҳаракат қилдик. Охирги тур баҳси эса ўз-ўзидан биз учун финалдек бўлади. Эртага энг яхши ўйинларимиздан бирини кўрсатишга ва гуруҳдан чиқишга ҳаракат қиламиз.

"Пахтакор" жуда катта потенциалга эга жамоа ва клуб. Кейинги босқичга чиқиш учун жуда яхши имкониятга эгамиз. Биз бутун мамлакат шарафини ҳимоя қилаётганимизни тушуниб турибмиз ва мақсадга етиш учун олдинга интиламиз.

Ўқилган: 5026
Осиё Чемпионлар лигаси Пахтакор Шота Арвеладзе

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича