Бахтиёр Ҳамидуллаев: Суперлигада қолиш учун биринчи қадам қўйилди

Coca Cola Cуперлига 16-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Андижон” (0:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида андижонликлар устози Бахтиёр Ҳамидуллаев иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.

- “Водий дербиси” мақомидаги ўйинларда жамоаларнинг турнир жадвалидаги ўрнига қаралмайди. Айни пайтда эса жамоамизга очколар сув ва ҳаводек зарур. “Навбаҳор”нинг қандай кучга эга эканлиги ва юқори ўринлар учун курашаётгани барчага аён. Шу сабабли, қисқа муддат ичида наманганликларга қарши кечадиган баҳсга яхши тайёргарлик кўрдик ҳамда бир очкога эга бўлдик. Лекин “Навбаҳор”да гол уриш учун биздан кўра кўпроқ вазиятлар бўлди.

Мезбонларнинг голи инобатга олинмаган вазият мен турган жойдан аниқ кўринмади. Жамоамизнинг олдинги учрашувларида ҳам ҳакамлар хатоларга йўл қўйишганди. Мен ҳакамлар ҳақида гапиришни истамайман, улар ўз ишларини қилишади.

Ҳозирги ҳужумчиларда жўшқинлик, ҳаракат етишмаяпти. Бизнинг жамоа ҳужумчиларида ҳам шундай, майдонда ҳар бир қаричда, ҳар бир дақиқада вазият бўлиб қолиши мумкин, улар эса бунга тайёр туришмайди. Улар тайёр вазият бўлса бўш дарвозага тепиб, гол уришни ўйлашади, шекилли.

Менимча, жорий мавсум якунигача “Андижон”ни ўзим бошқарсам керак.

Биласиз, ҳозирги чемпионатимизнинг тур учрашувлари оралиғида озгина вақт бор. Эртага дам олинади, индинга жамоа йиғилади. Тайёргарлик кўрилади, ҳужумчилар билан алоҳида шуғулланиш учун вақт кам, ҳозирча машғулотлардан сўнг оғзаки тарзда жарима майдончаси атрофида қандай очилиш кераклиги, нима қилиш кераклиги ҳақида тушунчалар бериб боряпмиз. Айтганимдек, вақтимиз оз қолмоқда.

Жамоамиз иштирокидаги олдинги  иккита учрашувда ҳам жамоамиз мағлубиятга яраша ўйин қилмаган эди. Футболчиларда ишонч ва иштиёқ етишмаётган эди. Бугунги бир очкодан сўнг, жамоада ишонч ортади, деб ўйлайман

Менга клуб раҳбарияти томонидан ҳар бир учрашув ўтгани сари, жамоа ўйини сифатини яхшилаб бориш вазифаси қўйилган.

Худо хоҳласа, Суперлигада қолиш учун бугун биринчи қадам қўйилди. Кейинги турда бизни “Бухоро”га қарши кечадиган олти очколик асосий ўйин кутиб турибди. Худо хоҳласа, бўлажак баҳсда ғалаба қозонамиз.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Ўқилган: 593
Андижон Навбаҳор Ўзбекистон. Суперлига

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича