Рустам Шоабдураҳмонов: Юртбошимиз илгари сураётган Миллий ғоя – Учинчи Ренессанс спорт соҳаси учун ҳам жуда зарур

Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташаббуси билан терма жамоаларимизни Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёрлаш бўйича режалар тақдимотини ўтказиш давом этади. Бугун Ўзбекистон ўқ отиш спорт федерациясининг 2021-2024 йиллар учун тузиб чиққан режаси муҳокама қилинди. ZOOM платформасида ўтган мазкур тадбирда Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги МОҚ мутасаддилари ва Ўзбекистон ўқ отиш федерацияси вакиллари иштирок этишди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур йўналиш бўйича Токио-2020 Олимпия ўйинларига жами 30 та йўлланма ўйналади. Бироқ вакилларимизнинг ҳеч бири лицензион мусобақалар орқали тўғридан тўғри йўлланма қўлга кирита олишмади. Федерация мутасаддилар берган маълумотга кўра, фақатгина Вадим Скороваров (пневматик милтиқдан ўқ отиш) ва Алексей Ремнев (трап) Халқаро ўқ отиш спорти федерацияси томонидан фойдаланилмаган квоталарнинг юқори рейтингда турган спортчилар (бунда ушбу йўналишда лицензия ололмаган давлатлар кўзда тутилган) учун тақдим қиладиган йўлланмаларга эга бўлишлари мумкин. Бугунги тадбирда терма жамоа таркибини саралаш ва мерганларимизни йирик халқаро мусобақаларга пухта тайёрлаш, мураббийлар штабига тажрибали хорижлик мутахассисларни жалб қилиш, спортчилар учун энг замонавий спорт инвентарларини сотиб олиш каби масалалар муҳокама қилинди.

“Бу спортда терма жамоамизга янги методика олиб кириш керак. Максимал 30 та лицензиядан атиги 2 тасига умид билдирмоқдамиз. Париж-2024 арафасида бундай ҳолат такрорланмаслиги учун ҳозирдан ҳаракат қилишимиз лозим. Бунинг учун керак бўлса, тажрибали хорижлик мутахассисларни жалб қилайлик. Муҳтарам Президентимиз барпо этаётган янги Ўзбекистонда планкани юқори олиб, катта-катта мақсадлар сари одимлашимиз даркор. Зеро, юртбошимиз илгари сураётган Миллий ғоя – Учинчи Ренессанс спорт соҳаси учун ҳам жуда зарур”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Тадбир якунида режа ва тақдимот ичидаги кичик камчиликлар юзасидан фикр-мулоҳазалар ва қўшимча таклифлар билдирилди.

Ўқилган: 304
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича