Севинч Раҳимова: Биз мусобақаларни соғиндик

Хабарингиз бор, юртимизда жорий этилган карантин талаблари юмшатилиб, турли мусобақалар ва ўқув-машғулот йиғинларини ўтказишга рухсат берилди.

Бугунги кунда каратэ бўйича миллий терма жамоамиз аъзолари Тошкент вилоятида жойлашган “Ширинбулоқ” спорт-соғломлаштириш базасида карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўқув-машғулот йиғини ўтказишмоқда.

Терма жамоамиз аъзоси Севинч Раҳимова узоқ муддатли танаффусдан кейин ташкил этилган ЎМЙ ҳақида сўзлаб берди.

“Узоқ кутилган йиғинларини кўтаринки руҳда бошладик. Деярли олти ой мобайнида ноқулай шароитларда якка тартибда машғулотларни ўтказдик. Бу, албатта, бизнинг руҳиятимиз ва спорт формамизга таъсир кўрсатгани табиий. Ҳозирда машғулотларнинг иккинчи ҳафтасини ҳам “жанговар” кайфиятда олиб бормоқдамиз. Биз машғулотларни, мураббийларимизни ва мусобақаларни соғиндик. Йиғинимиз юқори даражада ва етарли юкламалар остида ўтказилмоқда. Биз бугун, худди эртага катта турнирда иштирок этадиган жамоадек шуғулланмоқдамиз. Умид қиламизки, дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашади ва барчаси янги режаларимизга асосан амалга ошади. Ана ўшанда биз халқаро турнирлар ва катта мусобақаларда муносиб иштирок этиб, ғалабаларимиз билан мухлисларимизни хушнуд этамиз”, –деди Раҳимова.

Эслатиб ўтамиз, ЎМЙда 12 нафар каратэчимиз иштирок этмоқда. Машғулотлар терма жамоамиз бош мураббийи Дилноза Бакирова ва катта мураббий Ўктам Бекпўлатов бошчилигида ўтказилмоқда. Спортчиларнинг саломатлигини спорт шифокори Баҳриддин Аҳмедов ва массажчи Ҳусан Турғунов назорат қилиб боришмоқда. Йиғин 29 сентябрь кунига қадар давом этади.

Ўқилган: 250
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича