Сўхлик ёшларга Президент совғаси – спорт инвентарлари етказиб берилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш тўғрисида”ги қарорининг ижроси бўйича ҳудудда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда Сўх туманида 80 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлиб, уларнинг 20 минг нафарга яқинини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Аммо, шу пайтга қадар бу тумандан терма жамоа даражасидаги биронта ҳам спортчи етишиб чиқмаган. Бунинг асосий сабаби, ҳудудни спорт инфратузилмаси қониқарли эмаслиги ҳамда  инвентарлар билан етарли даражада таъминланмаганлиги эди.

Шу кунларда Сўх туманида жисмоний тарбия ва спорт соҳаси ривожини янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда иқтидорли спортчиларни тарбиялаб, миллий терма жамоалар даражасигача олиб чиқиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда Сўх тумани ёшлари учун янги спорт иншоотларини барпо этиш, мавжудларини реконструкция қилиш ҳамда уларни етарли даражада спорт жиҳозлари ва инвентарлари билан таъминлаш борасида тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Жумладан, Сўх туманида ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш бўйича мақсадли режа ишлаб чиқилган бўлиб, унинг доирасида тумандаги спорт иншоотлари учун жами 30 турдан ортиқ умумий қиймати эса 600 миллион сўмлик Президент совғаси – спорт жиҳозлари ва инвентарлари етказиб берилди.

Таъкидлаш керак, туман ёшлари учун кўп йиллардан бери жисмоний тарбия ва спорт жиҳозлари етказиб берилмаётган эди. Натижада, маҳаллий ёшлар спорт борасида ўз иқтидори ва истеъдодини намоён этишда муаммоларга ҳам дуч келишаётган эди. Негаки, спорт жиҳози етишмагач, спортчининг маҳорати ўсмайди, кўрсаткичлари ҳам пасайиб кетади. Умид қиламизки, давлат даражасидаги бу каби эътибор спортчи ёшларнинг янада фаол бўлишига ва яқин давр ичида улар орасидан нафақат Ўзбекистон, балки Осиё ва жаҳон чемпионлари ҳам етишиб чиқишига хизмат қилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Ўқилган: 200
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича