Чемпионат баҳслари яна давом этади: Ким қандай фикрда?

Пандемия сабабли юзага келган танаффусдан сўнг чемпионат баҳслари 14 август куни клублар билан келишувга мувофиқ марказлаштирилган тизимда давом эттирилиши ҳақида хабар берилган эди.

Ҳозирда клублар ушбу учрашувларга тайёргарликни давом эттиришмоқда ва чемпионат учрашувлари режага кўра 14 август куни “Бухоро” ҳамда “Бунёдкор” клублари ўртасидаги 9-турнинг қолдирилган учрашуви билан старт олади.

Ушбу баҳслардан олдин, Суперлига клублари бош мураббийлари чемпионат ўйинларининг марказлаштирилган ҳолатда ўтиши ҳақида ўз фикрларини билдиришди. Қуйида клублар бош мураббийларининг учрашувлар олдидан фикрлари билан танишиш мумкин.

Андрей Канчелськис, “Навбаҳор” бош мураббийи: “Учрашувларнинг марказлашган ҳолда, Тошкентда ўтказилишига келсак, бу Суперлига клублари вакиллари билан келишилган ҳолда, амалга оширилди ва бунга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Ҳар қандай ҳолатдаям, чемпионат ўйинларини якунлаб қўйиш лозим”.

Ҳамиджон Актамов, “Қизилқум” бош менежери: “Ҳозирги шароитда Чемпионат ўйинларини марказлашган ўтказиш - ЎФА ва ПФЛ қабул қилган тўғри қарор деб ўйлайман. Буёғига Чемпионатни тухтатмаслик керак. Бари бир халк тв оркали куради хозир ўйинларни. Шу боис марказлашган ҳолда ўйинларни ўтказиш тўғри йўл”.

Рўзиқул Бердиев, “Насаф” бош мураббийи: “Ҳозирги вазиятни ҳисобга олган ҳолда жамоалар шундай қарорга келишди. Бу барчага маъқул бўлди”.

Бахтиёр Ашурматов, “Қўқон-1912” бош мураббийи: "Чемпионатнинг марказлашган ҳолда, Тошкентда ўтказилиши хозирги вазиятда қабул қилинган энг тўғри қарор деб хисоблайман.Чемпионат ўйинлари давом эттирилиши хам Ўзбекистон терма жамоаси учун,Тимур Копадзе бошчилигидаги ешлар терма жамоамиз учун хам жуда муҳим эди.Шу сабабли тўғри қарор қабул қилинди".

Равшан Ҳайдаров, “Сурхон” бош мураббийи: “Хозирги шароитда ишларни боскичма-боскич режалаштириш керак. Биринчи даврани якунлаб олиш учун, марказлаштирилган тизим яхши вариант. Ундан кейин кандайдир хулосалар килиш мумкин бўлади”.

Андрей Шипилов, “Металлург” бош мураббийи: “Чемпионатнинг марказлаштирилган тизимда давом эттирилиши айни пайтда энг тўғри ва ягона ечим деб ҳисоблайман. Ҳозир биринчи навбатда биринчи даврани якунлаб олишимиз зарур. Иккинчи даврани вазиятдан келиб чиқиб, босқичма босқич режалаштириб бориш мумкин”.

Миржалол Қосимов, АГМК бош мураббийи: “Ҳозирги шароитда юзага келган форс-мажор ҳолати ўйинларни марказлаштирилган ҳолатда ўтказишни тақозо қилади. Бу айнан қайсидир жамоага устунлик тақдим этмайди. Аксинча, ҳамма бир хил шароитда. Марказлаштирилган форматдаги ўйинларда барча жамоалар нейтрал мақомида. Аслида ўйинларни аввалроқ марказлаштирилган ҳолатда ўтказиш керак эди. Шунда тақвимда ҳам ортиқча қийинчиликлар пайдо бўлмасди. Терма жамоамиз ва Осиё чемпионатига тараддуд кўраётган Ўзбекистон ёшлар жамоасига манфаати учун ҳам яхши тарафлама хизмат қиларди. Ҳечдан кўра кеч. Айни дамдаги вазиятдан келиб чиқилса, марказлаштирилган вариант ҳар тарафлама энг маъқул ечим”.

Ўқилган: 934
Коронавирус Ўзбекистон. Суперлига

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича