Ниҳоят, евроареналар узра маълум муддатли сукунат чўкди. АПЛ якунида ўзини хотиржам сезмаган Микель Артета ҳам тинчланди. Тинчланади-да! Ахир у Оле-Гуннар Сульшер ва Фрэнк Лэмпард каби ёш мураббийлар сиёсатидан ортда қолмади. Табиийки, испаниялик мураббий ортда қолишни истамасди ва шунинг учун Англия кубоги финалига астойдил тайёрланди. Унинг «Арсенал»ни қандай ҳозирлаганини бутун дунё кўрди. Кристиан Пулишичнинг «тарсаки»си ҳам «канорирлар»ни чўчитмади. Пьер-Эмерик Обамеянг каби ҳужумчиси бор жамоа нимадан чўчисин?! Габонлик голеадор завқ ва илҳом билан ўйнаса, «Арсенал» ғалаба қозонаверади. Акрамжон Ўринов ва бошқа «арсеналчилар» дўппиларини осмонга отишаверади! Фақат шарт шуки, «Арсенал» ғалабаси учун Обамеянг завқ ва илҳом билан ўйнаши керак. Акс ҳолда... Акс ҳолда, «Арсенал» еврокубокларда четда қолиши ҳеч гап эмас.

«Арсенал»бахтига кубок турнири бор экан. Шу мусобақа Артета жонига оро бўлди. ЕЧЛ йўлланмасидан кўнгли таскин топган Лэмпард эса кубок финалига панжа орасидан қаради, чоғи. Ундай десак, «Челси» ғалаба қозониш учун не кўйларга тушди. Барибир, ўхшамади. Жароҳатлар ва қизил карточка жамоани баттар эзиб ташлади. Қисқаси, тақдир ҳукми «Арсенал»га йўл очди. Жамоа ғалабадан бирам қувонди, бирам қувонди. Қувонганидан аранг қўлга киритилган кубокни майдонга ташлаб юборганини ҳам билмай қолди. Бироқ кубокнинг қўлдан тушиб кетиши ҳам жамоа кайфиятига таъсир ўтказолмади: «канорирлар» чинакамига соврин сурурини суришди. Айниқса, Давид Луиз ҳаммадан кўпроқ шодланди. Биламизки, бразилиялик ҳимоячи 2 йил аввал «Челси» сафида кубок соҳибига айланганидан севинганди. Энди эса «Арсенал» сафида биллур соврин ютиб турибди. Боз устига, ишлари силлиқ кечмаган, хатоларга тўла мавсум якунида. Ана байрам-у, мана байрам! Унинг ҳолатини кўриб, собиқ футболчи Эдуард Мамотовни эсладик. У ҳам «Нефтчи» сафида чемпион бўла-бўла, «Навбаҳор» таркибига қўшилган ва наманганликлар айнан ўша йили тарихий ғалабани расмийлаштиргандилар. Ҳа, айримларнинг пешонасига «ОМАД» сўзи катта ҳарф билан ёзиб қўйилади. Омадлиларга тараф йўқ!

Ўтган шанба оқшоми бошланиб, якшанба саҳарига уланиб кетган футбол томошаси ва таҳлилини телефон қўнғироғи бузади. Қарасак, домла Ғуломжон Ҳамидов! Салом-аликдан сўнг у киши доигидек, завқ-шавқ билан шеър ўқидилар. Аввал шеърни биргаликда яна бир бор ўқийлик, кейин мулоҳазаларни давом эттирамиз.

Балли, Иммобиле!

Чиро - «Лацио» чиройи,

Италиялик голеадор.

Ҳужумчидир чиройи,

Ортда Криш, Левагол!

 

Бу йил эмас соврин кўп,

Иммобиле билади.

Кўринмагач «Олтин тўп»,

«Олтин бутса» тилади.

Бунақаси камдан-кам,

Уники «Олтин бутса»,

Табриклар Гонсало ҳам,

Бошида баланд тутса.

 

«Край»да тўп суради,

Ёриб кирар «центр»дан.

Неймарча гол уради,

Ажиб, ўн бир метрдан.

 

Форланни эслабди у,

Кўтариб чунон фурор.

Асларни пастлабди у,

Кечиргин-а, прокурор?!

Муҳтарам мухлис! Сезиб турибсизки, Чиро Иммобиленинг «А» серияда 36та гол уриб, Гонсало Игуаин рекордини такрорлагани Ғуломжон акани беҳад завқлантирган. Суҳбатлашиб билдикки, домладаги завқнинг маъноси ва доираси анчагина кенг. «Италия чемпионатида ўтган мавсум жиддий ўзгаришлар сезилганди. Бу сафар ўша янгиланишлар том маънода кўзга ташланди. Ўз ан­ъа­­насига кўра, кўпроқ ҳимояга асосланувчи итальян футболида шиддат ва ҳужумкорлик кучайди. «Интер» ва «Милан» янгиланди, «Аталанта» ортидан «Сассуола» ҳам аста-секин бош кўтармоқда. Антонио Конте, Женнаро Гаттузо, Жан Пьер Гасперини, Симоне Инзаги каби мураббийлар ­итальян футболи қиёфасини ўзгартириб юборишди. «А» сериядан евротўпурар чиқиши тасаввурга сиғмасди. Йўқ, ана, Чиро Иммобиле Италия чемпионатида ҳам 36талаб гол уриш мумкинлигини исботлади. Тўғри, Роберт Левандовскига ачинасан киши. Боз устига, Бундеслигадан Тимо Вернер ва Эрлинг Холанд ҳам тўпурарлар сафига киришди. Демоқчимизки, Бундеслига ҳужум бобида илғор, барибир. Агар Германия чемпионатида ҳам жамоалар сони 20та бўлганида, балки тўпурарлик баҳси бошқача натижа билан тугармиди?! Майли, Бундеслига бу масалада футбол дунёсини ишонтириб улгурган. Навбат «А» серияга келганди. Ахир қачондир «А» сериядан ҳам яна «Олтин бутса» соҳиби чиқиши керак эди-да. Ҳеч ким кутмаган ҳолатда тўпурарлар пойгасига Чиро Иммобиле қўшилди ва барчани ажаблантириб, ғалабани нишонлади. Бу - футболдаги яна бир тараққиёт белгиси! Футбол шундай кутилмаган янгиликлари билан ёқимли!» - дейди газетамизнинг садоқатли мухлиси шеърни ўқиб бўлгач.

Ўзаро мулоқот асносида домла Жасур Яхшибоев ҳақидаги шеър тақдири билан қизиқди. Биз у кишига Жасур Яхшибоевга аталган шеър яхши ёзилгани, бироқ уни кенгайтириш, яъни Остон Ўрунов ва Жасур Жалолиддинов билан боғлаб тўлдириш лозимлиги хусусида фикр билдирдик. Таклифимиз футбол шеъриятининг садоқатли ошиғига маъқул тушди. 80 ёшдан ошганига қарамай, ғайрат-шижоати ичига сиғмай коронавирусга қарши ажойиб видеоролик тайёрлаб юртдошларини ҳушёрликка чорлаган нуроний отахоннинг шеърларини ўқиш ва чоп этишдан ҳамиша мамнунмиз. У кишининг ёшига етганда ҳам, мулоҳаза ёзиш ва «ИнтерФутбол»­ни чиқариш таҳририятимизнинг ҳар бир аъзосига насиб этсин! Қурбон ҳайи­тининг учинчи кунида ушбу мулоҳазаларни ёза туриб, барча юртдошларимизга шундай эзгуликлар тиладик!

Мулоҳаза бошида Хосеп Гвардиола - Юрген Клопп - Жозе Моуриньо триосига нисбатан ўзига хос оппозиция шакл­лантираётган Сульшер - Лэмпард - Артета учлиги АПЛ ҳавосини янгилаётганини таъкидладик. Ёш мураббийлар босимига учраган кўплаб футболчилар АПЛни тарк этиб, «А» сериядан қўним топишаётгани ҳам факт. Шу тариқа Италия элитаси ўзи сезмаган ҳолда АПЛдан таъсирланмоқда. Бу - қўллаб-қувватлашга муносиб таъсирланиш!

Хўш, Суперлига болқон футболидан таъсирланмоқдами? Болқоннинг асов футболи кучли бешликка таъсир ўтказаётган бир паллада Суперлига легионерлардан қандай наф кўрмоқда? 


Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин