Барно Мирзаева: Спорт формамни йўқотмаслик учун қўлимдан келганини қиламан

Барчага маълум, юртимизда коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин 15 август кунига қадар узайтирилди. Бугунги кунда барча спортчиларимиз машғулотларни ўз уйларида ўтказмоқдалар. Каратэ бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси вакили Барно Мирзаева ҳозирги карантин даврида вақтини қандай ўтказаётганлиги ҳақида қисқача гапириб берди.

«Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси режасига мувофиқ июль ойининг иккинчи декадасидан бошлаб терма жамоа аъзолари билан ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилиши белгиланган эди. Карантин яна узайтирилгач, бизнинг йиғинимиз қолдирилди. Энди барчамиз аввалгидек уйда машғулотларни давом эттиряпмиз. Тўғрисини айтсам, бу осонмас. Мен ўз спорт формамни йўқотмаслик учун қўлимдан келганини қиламан.

Хабарингиз бор, каратэда машқларнинг аксарияти спорт залида амалга оширилиши керак. Шунинг учун мен ҳозирда жисмоний ва кардио-машғулотларга кўп эътибор беряпман. Бир ҳафтада 6 кун мобайнида федерациямиз томонидан ташкил этилаётган онлайн машғулотларда қатнашмоқдаман, шунингдек, куннинг биринчи ярмида якка тартибдаги машғулотлар билан бандман.

Ҳозирда федерация раҳбарияти, терма жамоа тренерлари, шунингдек, психолог, врач ва диетолог билан бевосита ва доимий алоқада бўлиб турибмиз. Мен фурсатдан фойдаланиб, аввало, биз спортчиларни карантин даврида ҳам қўллаб келаётган ҳукуматимизга, федерациямиз раҳбарияти ва мураббийларимизга барча саъй-ҳаракатлари учун ўз миннатдорлигимни билдираман.

Бундан ташқари, мен интеллектуал салоҳиятимни ошириш учун бадиий китоблар мутолааси билан шуғулланяпман ҳамда уй-рўзғор ишларида оила аъзоларимга яқиндан кўмаклашмоқдаман.

Менинг асосий мақсадим Токио Олимпиадаси лицензиясини қўлга киритиш. Умид қиламанки, вазият тез орада яхшиланади ва биз одатий турмуш тарзимизга қайтиб, ўқув-машғулот йиғинларини биргаликда олиб борамиз«, – деди Барно Мирзаева.

Эслатиб ўтамиз, Барно Мирзаева каратэнинг кумитэ йўналиши бўйича -61 кг вазн тоифасида терма жамоамиз вакили ҳисобланиб, Осиё ўйинларида 3 бор шоҳсупага кўтарилган тажрибали спортчимиздир. Шунингдек, у Премьер-лига ва бошқа қатор нуфузли мусобақаларда ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.

Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси матбуот хизмати

Ўқилган: 294
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича