ЎФА президенти Абдусалом Азизов халқаро онлайн конференцияда футбол ривожи бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида нутқ сўзлади

Бутун дунёда пандемия ҳукм сураётганига қарамай, футбол учрашувларини мунтазам ўтказиб борилишини таъминлаш учун халқаро футбол уюшмалари ва аъзо ассоциациялар бир қатор саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

Жумладан, ФИФА президенти Жанни Инфантино ОФК президенти Шайх Салмон билан биргаликда CAFA таркибига кирувчи футбол ассоциациялари раҳбарлари билан учрашган ҳолда, минтақадаги вазият билан яқиндан танишиб, келажакдаги режалар бўйича фикр алмашишди.

Мазкур онлайн конференцияда ЎФА президенти Абдусалом Азизов ва ЎФА вице-президенти Равшан Эрматовлар иштирок этишди.

Қолаверса, Жанни Инфантино томонидан бу борадаги ишларни амалга оширишда ФИФА тажрибаси таништирилди. Шундан сўнг ОФК президенти Шайх Салмон эса Осиёда ҳукм сураётган вазият бўйича ҳисобот берди.

Шундан сўнг, ЎФА президенти Абдусалом Азизов онлайн конференцияда сўзга чиқди.

“Ҳурматли ҳамкасблар, дастлаб шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, Ўзбекистон ФИФА президенти жаноб Жанни Инфантинони ҳозирги мураккаб вазиятда тўлиқ қўллаб-қувватлайди ҳамда ишонч билдиради. Барча қийинчиликлар тез фурсатда ўз ечимини топиши ва ФИФА ўзининг юксак мавқеини тасдиқлашига ишончим комил.

Эпидемиологик вазият жиддийлигига қарамай, карантиннинг дастлабки кунларидан бошлаб, ЎФА онлайн режимида иш олиб бормоқда. Аввалдан режалаштирилган қисқа ва узоқ муддатли режалар бўйича тегишли вазифалар бажарилмоқда.

Май ойида Ўзбекистонда эпидемиологик вазият бир мунча яхшиланганидан сўнг, ЎФА ва ПФЛ карантин ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, профессионал лигалар учрашувларини томошабинларсиз давом эттириш учун CОВИД-19 махсус тиббий протоколини ишлаб чиқди. Ўзбекистон Суперлигасига 13 июнь куни қайта старт берилди ва мусобақа 20 июлгача давом этди.

Ўзбекистон чемпионатини қайта тиклаш жорий йилнинг 14 августидан режалаштирилган ва лиганинг 1-босқич ўйинлари марказлаштирилган форматда ўтказилади.

Шунингдек, ЎФА пандемия пайтида терма жамоалар учун карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бугун Ўзбекистон футбол ассоциацияси 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатига қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Ушбу тадбир Ўзбекистонда биринчи марта учта шаҳарда, 2020 йилнинг 14-31 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Бу пандемия даврида дунёдаги биринчи марказлаштирилган халқаро футбол мусобақаси бўлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати терма жамоалар учун биринчи Футбол марказини қуриш учун 12 гектар майдон ажратди. Ушбу лойиҳа ФИФА ва ОФК вакиллари билан муҳокама қилинганидек, Ўзбекистоннинг эркаклар ва аёллар терма жамоалари халқаро мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўриши учун катта имкониятларини яратади.

Ушбу марказ 160 ўринли меҳмонхона комплекси, 7 та стандарт футбол майдони, реабилитация ва илмий-услубий марказ ва бошқа зарур шароитларни ўз ичига олади.”

Нутқ сўнггида ЎФА раҳбари ФИФА ва ОФК президентларини Ўзбекистонда ўтадиган У-19 Осиё чемпионатига таклиф этди ва уларнинг ташрифи бутун мамлакат футбол жамоатчилиги ҳамда футбол ишқибозларини хурсанд этишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек конференцияда Эрон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ҳамда Афғонистон футбол ассоциациялари раҳбарлари ўтган давр мобайнида бажарилган ишлар бўйича маълумот беришди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Ўқилган: 356
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича