Ханчжоу-2022: Ўйинлар, рамзлар, шаҳар тузилмаси ҳақида қизиқарли маълумотлар

XIX Осиё ўйинлари 2022 йил Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида 10-25 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Шу тариқа Ханчжоу Осиё ўйинларига мезбонлик қиладиган Хитойнинг учинчи шаҳри бўлиши кутилмоқда. Бунгача 1990 йили Пекин, 2010 йили Гуанчжоу шаҳарлари Осиё ўйинлари мезбони бўлган. Ушбу мусобақа қолганларидан Океания мамлакатлари ҳам иштирок этиши билан фарқланади. Яъни илк бор XIX Осиё ўйинларида Океания мамлакатлари ҳам қатнашади. Бу борадаги қарор Таиланднинг Бангкок шаҳрида Осиё Олимпия Кенгашининг 38-Бош Ассамблеясида қабул қилинган эди. Бош Ассамблея иштирокчилари Океания мамлакатларини ҳам қитъамиз спорт байроғи остида бирлаштириш учун ушбу қарорни маъқуллашди.

Бундай жараён 2017 йили Туркманистон пойтахтида ўтказилган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларида синовдан ўтказилган. Ўша мусобақада Океания мамлакатларидан Фижи 1 тадан олтин ва кумуш медалларини жамғариб, ушбу минтақа вакиллари орасида етакчи бўлган эди.

«Океания ва Осиё кўплаб жиҳатларда бир-бирига жуда яқин. Ана энди спорт бўйича бирлашмоқдамиз. Бу янгиликни эълон қилишдан бошимиз кўкка етди»,– деган эди юқоридаги Бош Ассамблеяда Океания Олимпия қўмитаси президенти Робин Митчел.

Хитой Миллий Олимпия қўмитаси 2022 йилги Осиё ўйинларини ўзида ўтказишни расман 2022 йилдаги Қишки Олимпия ўйинларини ўтказиш ҳуқуқи қўлга киритилган сўнг 2015 йил 18 август куни эълон қилди. Умуман 2022 йилги Осиё ўйинлари мезбонлиги 2015 йил Туркманистон пойтахти Ашхабодда бўлиб ўтган Осиё Олимпия Кенгашининг 34-Бош Ассамблеясида расмийлаштирилган эди. Ушбу нуфузли тадбирга фақатгина Хитой Миллий Олимпия қўмитаси томонидан Ханчжоу шаҳри номзоди қўйилган.

Спорт иншоотлари
2022-йилги Осиё ўйинлари 44 та спорт иншоотида бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. Улардан 30 таси мавжуд спорт иншоотлари, 10 таси қайта таъмирланадиган ва 4 таси янгидан қуриладиган спорт иншоотларидир.

Ушбу спорт иншоотларининг асосий қисми Ханчжоу шаҳрида жойлашган бўлиб, баъзи спорт мусобақалари шу шаҳарга ёндош Нинбо́, Шаоси́н, Хучжоу шаҳарларда бўлиб ўтиши ҳам режалаштирилмоқда.

Шиор
XIX Осиё ўйинларининг расмий шиори “Heart to Heart, Future” яъни “Келажак сари юракма юрак”.

Тимсоллар
“Ақлли учлик” номи билан аталадиган роботлар 2022 йил Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларининг расмий тимсолларига айланди.
Конконг, Ляньлянь ва Чэнчэнь номидаги роботлар ўзларида шаҳарнинг ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мерос объектларига кирган ҳудудларини тасвирлашган.

Биринчи “Congcong” роботи Лянчжоу шаҳридаги археологик харобаларни билдиради. Унинг номи ушбу ҳудуддан топилган нефрит туридан олинган. Топилманинг ёши 5000 йилдан ортиқ бўлиб, унинг шарафи билан тимсол ер ва ҳосилнинг асоси бўлмиш сариқ рангни ўзида жилолаган.

Иккинчи робот “Lianlian” бўлиб, ўзида Ғарбий кўлни тасвирлайди. Унинг номи лотос баргларига тўла, яшилга бурканган кўлни, ҳаёт ва табиатни англатади.

Учинчи робот “Чэнчэнь” Пекин-Ханчжоу Катта каналининг рамзидир. Унинг номи Катта Ханчжоу каналида жойлашган ва муҳим бино Гунчхэнь кўпригидан олинган. Робот илм-фан ва техникани ифодаловчи кўк ранг билан бўялган.

Спорт дастури
2019 йил 8 апрель куни Осиё Олимпия Кенгаши Осиё ўйинларининг дастури спортнинг 37 турини ўз ичига қамраб олишини маълум қилди. Улардан 28 таси 2024 йилги ёзги Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган. 2019 йил 12 сентябрь куни Ташкилий қўмита яна уч спорт тури дастурга қўшилиб умумий 40 тани ташкил қилганини маълум қилди.

Ханчжоу шаҳри
Ханчжоу – Хитой Халқ Республикасининг, Чжэцзян. вилояти маркази яъни субпровинцал шаҳар хисобланади. Ханчжоу 10 та туман ва 3 та шаҳарчаларни ўз ичига қамраб олади. Аҳолиси 6,1 млн. киши (1998). Шарқий Хитой денгизи соҳилидаги, Фучуньцзян дарёси ва Буюк канал бўйидаги йирик порт. Ипак саноати маркази. Машинасозлик, кимё, резина, ойна-шиша, цемент, жун саноати корхоналари мавжуд. Чой қайта ишланади. Экспорт учун бамбук буюмлар ва ипакчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Миллий университети бор.

Шаҳарга VI асрда асос солинган. 1129— 1279 йилларда Жанубий Сун сулоласи пойтахти бўлиб, Линьан деб аталган. Мўғуллар истилоси вақтида вайрон қилиниб, 1356 йилда қайта қурилган. Меъморий ёдгорликларидан Сиху кўлининг шимолида, Гушань тоғи ён бағрида ўрта асрларда қурилган боғ меъморлик ансамбли, шунингдек, будда ибодатхонаси, пагодалар сақланган. Туризм ривожланган.

Ханчжоуда “Alibaba Group” (электрон савдо), “Geely Automobile” (автомобиль саноати), “Wahaha Group” (салқин ичимликлар), “Hikvision” (видео кузатув тизими), “Loong Air” (авиа қатнов компанияси) ва йирик худудий Банк “China Zheshang Bank” қароргоҳлари жойлашган.

Ханчжоу Халқаро Аэропорти 1997 йил таъмирдан чиққан ва у Хитойдаги энг катта 10 та аэропортлардан бири ҳисобланади. Шаҳардаги темир йўл қатнови тараққий этган бўлиб, вокзали Хитойдаги энг катта вокзал ҳисобланади. Шаҳарда 2007 йилдан эътиборан метрополитен қурилиши бошланиб, 2014 йил ишга туширилган.

Шаҳардаги эътиборга молик жойлар сифатида Хитой миллий чой музейини қайд этиб ўтиш мумкин. Умуман олганда, Хитой халқи орасида қуйидаги мақол оммалашган: “Жаннат самодадир, Ерда эса Сучжоу ва Ханчжоуда”.

Демак, Хитойда жаннат дея таърифланадиган шаҳардан бири бўлмиш Ханчжоу Осиё ва Океания давлатлари, хусусан ўзбекистонлик спортчиларни икки йилдан сўнг ўз бағрига чорлаб қолади. Ушбу тўрт йилда бир маротаба бўлиб ўтадиган, нуфузи бўйича Олимпия ўйинларидан кейинги ўринда турувчи мусобақада юртимиз спортчиларининг ғалабали одимларини давом эттиришларида омад ва зафарлар тилаб қоламиз.

Халқаро алоқалар департаменти
Директори К.Эргашев

Ўқилган: 266
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича