ФИФА футбол ҳамжамиятига 1,5 миллиард АҚШ доллари ажратилишини тасдиқлади

Халқаро футбол федерациялари ассоциацияси (ФИФА) бюроси футбол ҳамжамиятига ёрдам кўрсатиш режасини тасдиқлади. Ушбу режа доирасида футбол жамоатчилигига коронавирус тарқалиши билан боғлиқ иқтисодий оқибатларни бартараф этиш учун 1,5 миллиард АҚШ долларигача бўлган маблағ ажратилади.

“Ушбу ёрдам режаси ҳозирги мисли кўрилмаган вақтда футбол бирдамлигининг аъло тимсоли ҳисобланади. Мен ФИФА кенгаши бюросидаги ҳамкасбларимга мазкур ташаббусни маъқуллаганликлари учун миннатдорчилигимни билдирмоқчиман”, – деди ФИФА президенти Жанни Инфантино.

1 миллион доллар миқдоридаги универсал бирдамлик грантини ФИФАга кирадиган барча миллий ассоциациялар олишлари мумкин бўлади. 500 минг доллар миқдоридаги қўшимча грант аёллар футболига ажратилади. Бундан ташқари ҳар бир конфедерация 2 миллион доллар миқдоридаги грантга эга бўлади.

ФИФАга аъзо ассоциациялар фоизсиз қарз олиш учун буюртма беришлари ҳам мумкин. Бериладиган қарзнинг энг кам миқдори – 500 минг, энг кўп миқдори – 5 миллион доллардир. Бундан ташқари конфедерациялар ҳам 4 миллион долларгача ана шундай қарз олишлари мумкин.

Грантлар ва олинган қарзлар аъзо ассоциациялар томонидан ўз ҳудудларидаги футбол ҳамжамиятига, шу жумладан клублар, ўйинчилар, лигалар эҳтиёжларига йўналтирилиши мумкин.

Ўқилган: 291
Коронавирус ФИФА фаолиятига доир

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича