21 ёшли Кай Хаверц - Бундеслиганинг асосий кашфиётларидан бири. «Байер» ярим ҳимоячиси трансферига ҳаттоки, Эрлинг Холандникидан ҳам баландроқ нарх қўйилмоқда. Чунки уни сотиб олиш илинжидаги топ-клублар навбатда турибди. Шунга яраша, йигитчанинг трансферига 100 миллион евро ва бундан ҳам кўпроқ тўлашга тайёр харидорлар бор. Қаранг, шундай футболчи уйида 3та эшак боқмоқда. Кай жониворларга ҳамиша ғамхўр...

Кай Хаверц - Томас Мюллернинг замонавий кўриниши, фақат универсаллик бобида «Бавария» вакилидан устунроқ. Оуэн Харгривз уни Михаэль Баллак ва Месут Озилнинг қоришмаси сифатида таърифлаётган бўлса, «Байер» бош мураббийи ёрдамчиси Марсель Даум ёш плеймейкернинг ўйинидаги жозибани Зайниддин Зиданнинг футболчилик даражасига тенг­лаштирди. Хаверцнинг Леверкузен жамоасидаги шериги Ларс Бендер фикрига эътибор беринг: «Кайнинг тақдирига буюк бўлиш ёзилган. Жамоа шундай истеъдодга эга эканлигидан фахрланса арзийди. Бундай ўйинчини аввал кўрмаганимни биринчи марта айтганимда, у 17 ёшда эди. Турли мақтовларга қарамай, Кай ўта камтар. Ҳамиша оиласига яқин, ихтиёридаги ҳар бир нарсани қадрлайди. Агар 20-21 ёшда менинг атрофимда шундай гап-сўзлар урчиганида, ўзимни қандай тутардим - билмайман. Хаверцни айнан камтарлиги учун қаттиқ ҳурмат қиламан».

Хаверц чиндан ҳам ажойиб йигит, мана, Бундеслигада бир неч­та рекордни янгилади, чемпионатнинг энг ёш дебютантига айланди, Германия чемпионатида 50та ўйин ўтказган, бир мавсумда 17та гол урган энг ёш футболчи бўлди. Кайнинг бўйи - 190 сантиметр, шунга қарамай, жуда абжир, техникаси юқори. Ўзининг айтишича, 15-16 ёшида бўйи тез ўса бошлагач, тиззаси ва белидаги муаммолар туфайли футболни ташлаш ҳақида ҳам ўйлаган экан. «Байер»да Хаверцни ҳар томонлама иқтидор сифатида алоҳида қадрлашади. Бунга унинг фақат яшил майдондаги чиройли ҳаракати сабаб эмас. Мисол учун, Кай пианино чалишни қойиллатади, тез-тез қайиқ ва гидроциклда сайрга чиқади.


Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин