"Навбаҳор": Ғуломов ҳам терма жамоага жалб этилди

Хабарингиз бор, клубимизнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Вадим Абрамов мураббийлик қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ - 2022 ҳамда ОЧ – 2023 саралаш босқичи баҳсларига тайёргарлик доирасида Тошкентда ўқув - машғулот йиғинини ўтказиши ва ушбу йиғинга жамоамизнинг уч нафар футболчиси – дарвозабон Ўткир Юсупов, ҳимоячи Игорь Голбан ҳамда ярим ҳимоячи Азизбек Турғунбоев чақирилишгани борасида маълумот бергандик.

3-10 август кунлари Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтадиган мазкур йиғинга “Пахтакор”нинг 13 нафар футболчиси ҳам жалб этилганди.

Аммо 29 июль куни олинган сўнгги тест натижаларига кўра, мазкур футболчилар орасида коронавирус инфекцияси аниқланганлар борлиги маълум бўлди. Натижада миллий терма жамоамиз мураббийлар штаби бошқа футболчиларнинг соғлигини хавф остида қолдирмаслик мақсадида, “Пахтакор” жамоаси вакилларини йиғинга жалб этмасликка қарор қилди ва рўйхатга ўзгариш киритиб, “пахтакорчилар”нинг ўрнига 9 нафар янги футболчини жалб этди.

Биз учун қувончлиси, улар орасида “Навбаҳор”нинг 22 ёшли маҳоратли ярим ҳимоячиси Аббос Ғуломов ҳам бор.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, терма жамоа шифокори барча клубларнинг шифокорлари орқали бош жамоамизнинг кейинги ҳафтада бошланадиган йиғинига чақирув олган футболчиларнинг соғлиги ҳақида мунтазам хабардор бўлиб турибди.

Шунингдек, бўлажак йиғин олдидан терма жамоамизнинг барча вакиллари тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишади.

Юртимиздаги эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда, машғулотлар ёпиқ тарзда ўтказилади.

Бош жамоамизнинг ўқув-машғулот йиғинида қатнашадиган барча футболчиларга машғулотларда куч-қувват тилаб қоламиз.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.   

Ўқилган: 1674
Ўзбекистон миллий терма жамоаси

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича