Футбол ўйнашга кечикилмайди… ("ИнтерФутбол" блоги)

Коронавирус пандемияси даврида футболга нисбатан турлича ёндашувлар кўзга ташланмоқда. Кучли бешликка кирувчи Лига 1 аллақачон тугатилганию, Франция чемпиони муддатидан олдин эълон қилингани барчага маълум. Айни чоғда Бундеслига эрта давом эттирилиб, эрта якунланди.
Мана, Ла Лига ҳам финиш нуқтасига етди, АПЛ ва «А» серия эса марра арафасида. Хуллас, саломатлик ва хавфсизликни биринчи ўринга қўйган французлар футболни четга суришди. Германия, Англия, Испания ва Италияда аксинча, чемпионатлар ўйинлари бир амаллаб давом эттирилди. Давом эттирилмаса ҳам бўлмасди-да. Чунки бу мамлакатлар иқтисодиётида футбол муҳим ўрин тутади, чемпионатларнинг ярим йўлда қолдирилиши бизнесга катта зарар келтиради. Хитойда эса вазият янада бошқача. Чин юртида футбол ҳозирча йирик бизнесга айланиб улгурмади. Фақат соҳага кўп миқдорда сармоя киритилди, маблағ  сарфланяпти, холос. Аҳолиси 1,5 миллиарддан ортиқ бу мамлакатда коронавирусга қарши жиддий кураш чоралари кўрилди. Натижада ҳозирги кунда Хитойда коронавирус билан зарарланиш ҳолати деярли кузатилмаяпти. Шундай бўлсада, Хитой Суперлигаси стартига рухсат берилмади. Қаранг, коронавирусга чалиниш деярли йўқ, аммо футбол ўйинига йўл очишга шошилишмаяпти. Бош­қача айтганда, хитойликлар футболга ўта эҳтиёткорона муносабатда бўлишмоқда.

Хўш, шундай вазиятда мамлакатимизда миллий чемпионат ўйинлари давом эттирилиши керакми ёки баҳслар яна тўхтатилгани маъқул? Газетамизнинг мазкур сони қўлингизга етиб борганида, ПФЛнинг юқоридаги саволи жавобини билишга улгурган бўласиз. Биз эса ушбу мулоҳазаларни 19 июль - якшанба оқшомида ёздик. Хуллас, ПФЛ қандай қарорга келишидан қатъий назар, ўз позициямизни билдиришни лозим топдик.

Шарқона менталитет ва аҳоли сонидан келиб чиқиб, Хитой Суперлигаси старти кечиктирилди ва бу ўзини оқламоқда, назаримизда. Бинобарин, Хитойда коронавирус авж олса, уни жиловлаш қийин кечади. Бу мамлакатда коронавируснинг янги тўлқини ҳаттоки, инсоният тақдирига хавф солиши ҳам мумкин. Шунинг учун Хитой ҳукумати танлаётган йўл дунё миқёсида маъқулланмоқда. Бу ўринда Ж.Корея «К»-лигаси ва еврофутболни Хитойдаги ҳолат билан солиштириш ноўрин. Мамлакатимизда футболга муносабат кўпинча Европа андозаларига мувофиқ белгиланади. Узоқ йиллар мобайнида шундай муносабат футболимиз қон-қонига сингди. «Карантин даврида миллий чемпионат давом эттирилиши керакми ёки йўқ?» саволи кўндаланг қўйилганида, кўпчилик евроандоза нуқтаи назаридан фикр юритади ва Суперлига ҳам, Про-лига ҳам ўз йўлидан қолмаслигини истайди.

Бизнингча, бундай ёндашув ўзини унча оқламайди. Суперлигамизни АПЛ, Ла Лига, «А» серия, Бундеслига, ҳаттоки, РПЛ ёки «К»-лига билан ҳам қиёслаб бўлмайди. Уларда бутунлай ўзгача вазият: онг юқори, интизомга амал қилиш қатъий, бизнес масаласи гоҳо саломатлик ва хавфсизликдан устун. Бизда эса футбол бизнесга асосланмаган ҳали. Жамоаларни сақлаб туриш асосан ҳокимликлар зиммасида. Коронавирус пандемия­си давридаги иқтисодий пасайиш туфайли жамоаларни моддий жиҳатдан таъминлаш ҳокимликларни қийин аҳволга солиб қўйиши аниқ.

Беморларни даволаш ва шифокорларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш долзарб вазифага айланган бир паллада футбол учун маблағ топиш ҳокимликлар учун бош оғриғидан бошқа нарса эмас. Албатта, «Пахтакор» ёки АГМК каби клублар фаолияти бундан мустасно. «Сурхон»нинг анчадан буён Термизга боролмаётгани ҳам фикримиз исботидир. Жамоа ўз майдонида тўп суришга имкон тополмаса ёки рақиб жамоа унинг стадионига боришни лозим кўрмаса, бундан футболга, мухлисга нима наф?!


Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда Iff.uz сайтида ўқишингиз мумкин

Ўқилган: 402
Блоглар

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича