Суперлиганинг аксарият жамоаларида ишлар рисоладагидек кетаётганини сезиш қийин эмас. Буни ўйинлар сифати ва натижалар кўрсатиб турибди. Лекин чемпионатимиз кўркини бузаётган айрим муаммолар ҳам йўқ эмас. Аслида қайсидир клуб обрўсини тушириш ниятимиз йўқ. Фақат муаммолардан кўз юмиш ҳам ярамайди. Биласиз, яқинда «Сурхон» бош мураббийи лавозимига тажрибали мутахассис Равшан Ҳайдаров тайинланди. У жорий мавсум Термиз клуби бошқарувини қўлга олган 4-мураббийдир. Дастлаб матбуот анжуманларида дарвозабонлар устози Шавкат Абдухўжаев қатнашган бўлса, кўп ўтмай, «Про» лицензиясига эга Баҳром Ҳайдаров бош мураббий ролини зиммасига олди. Қишки йиғинларни эса асосан Владимир Андреев олиб борган ва «Сурхон»ни мавсумга тайёрлашда катта иш бажарганди. Баҳром Ҳайдаров шунчаки, йўлда кетаётган карвонга сарбон бўлди. Кутилганидек, ёш мураббийнинг фаолияти узоққа чўзилмади. Энди Равшан Ҳайдаров билан ҳам шу ҳолат такрорланмаслигига ким кафолат бера олади?
Тушунарлики, Баҳром Ҳайдаров натижалар пастлиги туфайли истеъфога чиқди. Шу орада ижтимоий тармоқларда Александр Хомяков «Сурхон» бош мураббийи сифатида таништирилгани ва ҳаттоки, машғулот ўтказишга улгургани ҳақида хабарлар урчиди. Буни айрим футболчилар ҳам тасдиқлашди. «Андижон»дан кетган Хомяковнинг Термизда иш бошлаши ҳеч кимни ажаблантирмади. Зеро, бу икки клубнинг иш юритиш услуби деярли бир хил. Хомяков аслида етук мутахассис, тактик жиҳатдан юқори савияга эга. Фақат унга вақт бериб, жамоани ўз ихтиёрига топшириш керак, холос. Маълумотларга қараганда, клуб Хомяков билан масаланинг молиявий томони борасида келишолмаган. Шу тариқа термизликларни «Пахтакор» билан ўйинда майдонга Владимир Андреев бошлаб тушди. У аввалги мавсумнинг иккинчи ярмида жамоани чакки бошқармаганди. Ҳар ҳолда, «Сурхон» кучли олтиликдан жой олди. Унинг айби - «Про» лицензиясига эга эмаслиги. Ўйиндан кейин жамоа техник директори Григорий Цейтлин тез орада «Про» лицензиясига эга мураббий билан шартнома тузилишини айтди. Мана, Равшан Ҳайдаров «Сурхон»нинг навбатдаги бош мураббийига айланди. Умуман олганда, Термиз клубидаги мураббийлар қўнимсизлиги бугун ёки кеча кузатилаётгани йўқ.
Фақат яқин ўтмишни кўриб чиқамиз. 2017 йили жамоа бош мураббийи Обид Худоёров ўз ўрнини Сергей Ковшовга бўшатиб берди. Ўша мавсум Термизда чакки таркиб йиғилмаганди. Аммо Ковшов жамоани юқори лигага олиб чиқолмади. Эсингизда бўлса, қайсидир учрашувда «Сурхон» ва рақиб футболчилари ўртасида жанжал юзага келганди. Термизликлар мавсум-2018ни Абдусамад Дўрмонов устозлигида бошлашди. Бироқ кўп ўтмай, мураббийлик рулида навбати билан Абдумалик Ҳакимов ва Игорь Шквирин пайдо бўлишди. Хусусан, Игорь Анатольевич жамоани 2 ёки 3та учрашувга бошлаб тушди. Шундан сўнг Рустам Мирсодиқовнинг иш бошлагани айтилди, кейин ёшлар билан ишлаш таржрибасига эга Дилшод Нуралиев таклиф этилди. Бироқ у ҳам мавсум охиригача ишламади ва ўрнини ёрдамчиси Руфат Акрамхўжаевга бўшатиб берди. Қаранг, биргина 2018 йили «Сурхон»да Абдусамад Дўрмонов, Абдумалик Ҳакимов, Игорь Шквирин, Рустам Мирсодиқов, Дилшод Нуралиев ва Руфат Акрамхўжаев кўриниш беришди.
Термиз клуби ўтган мавсум кутилмаганда, Суперлига иштирокчисига айланди-қолди. Дастлаб Илҳом Мўминжонов бош мураббий сифатида кўрсатилди. Бироқ ЎФА уни дисквалификация қилгач, Суперлига стартига оз муддат қолганида, Андрей Микляев бошқарувни қўлга олди. У биринчи давра якунига қадар барқарор натижаларни таъминлади, орада «Сурхон» ҳаттоки, 2-ўринга чиқди. Аммо Микляев танаффусга 2та тур қолган паллада кетишга қарор қилди - сабаби қоронғу. Кейин Бахтиёр Ашурматов билан шу ҳолат такрорлади. Кўринишидан, у ҳам раҳбарлар билан келишолмади. Бу нимани англатади? «Сурхон»да яхши менежер йўқлиги ва клуб аниқ тизимга муҳтожлигини....
Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин