Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати тақвими эълон қилинди

Халқаро футбол ассоциацияси – ФИФА 2022 йил Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатининг финал босқичи тақвимини эълон қилди.

Футбол бўйича тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси ЖЧ-2022 ўйинлари 21 ноябрь куни Доҳа шаҳридаги “Ал-Байт” стадионида бўлиб ўтадиган ўйин билан очилиб, 18 декабрь куни шу шаҳардаги “Лусаил” стадионида ўтказиладиган финал баҳси билан якунланади. Мусобақа учун араблар 8 та стадионни ҳозирлашмоқда.

Маълумот учун, жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичидан ўрин олган баҳслар 2022 йилнинг 21 ноябрдан 2 декабрга қадар ўтказилади. Гуруҳ босқичида ҳар бир кунда тўрттадан ўйин бўлиб ўтиши белгиланган.

3 декабрдан бошлаб, гуруҳдан чиққан 16 терма жамоа иштирокидаги нимчорак финал ўйинларига старт берилади ва бу босқичнинг сўнгги баҳсларига 6 декабрь куни якун ясалади.

Чорак финал ўйинлари икки кунлик танаффусдан сўнг, 9 декабр куни бошланади ва 10 декабр куни якунланади. Ярим финал баҳслари 13-14 декабрь кунларига белгиланган.

Ярим финалда мағлуб бўлганлар 17 декабр куни 3-ўринга ким муносиб эканлигига ойдинлик киритишса, навбатдаги жаҳон чемпионларининг ким бўлишини 18 декабрь куни билиб оламиз.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Ўқилган: 866
ЖЧ-2022

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича