Болалар билан ишлашни тўғри йўлга қўйиш - бўлажак ғалабалар пойдевори. Ушбу масалада Ўзбекистон миллий жамоаси ва «Бунёдкор» клуби бош мураббийи Вадим Абрамовнинг фикрларини билиш қизиқарли, албатта. Қуйидаги суҳбат айни шу мавзуда.

- Мамлакатимизда ёш футболчиларни тайёрлаш масаласига қандай қарайсиз? Европа давлатлари, ҳаттоки, Осиёдаги етакчиларнинг болалар билан ишлашига солиштирганда, уларга етиб олишимиз учун нима етишмаяпти?

- Табиийки, бизнинг болалар ҳам ҳақиқий юлдуз бўлишни орзу қилишади, бу йўлда астойдил интилишади. Улар футбол орқали танилишни хоҳлашади, бизнинг асосий вазифамиз шу орзулар ва уринишларга тўғаноқ бўлмай, аксинча, ривожлантиришдир. Бизда шундай ҳолатлар учрайдики, болалар футбол секциясига тўп тепиш илинжида келишса, уларга таъбир жоиз бўлса, ҳарбий спорт ва яккакураш турларига алоқадор топшириқлар берилади. Демоқчиманки, футболга оз вақт ажратилади. Айрим мутахассислар эса дастлабки кунларданоқ болакайларда жисмоний кўрсаткичларни яхшилашга уринишади. Менимча, болаларни 10 ёшгача катталар футболи, яъни стантарт майдонларда ўтказиладиган кўп кишилик ўйинлар билан толиқтириш тўғри эмас. Ўзимга қолса, уларни аввало, мини-футболга жалб этардим: кичик майдонларда тўқнашувлар ва тўп учун кураш кўп кузатилади, шу тариқа иқтидорли болаларда дарҳол техника кўзга ташланади, уни ривожлантиришга лаёқат ҳам. Улар болалик давридаёқ шундай кўникмалар ҳосил қилишса, улғайгач, унча қийналмайдилар. 10-11 ёшдан кейин турнирларда қатнашилса, бошлан­ғич тажриба асқотади. Аксарият болалар бу паллада етакчилик салоҳия­тини намоён этишади, майдонда ҳақиқий қўмондонга айланишади, шерикларини ўз ортларидан эргаштиришади.

Энди асосий эътиборни натижага қаратмаслик ҳақида гапирсам. «Натижа муҳим эмас» - бу жумлани бироз бошқача айтиш мумкин. Натижа муҳим, албатта, ахир бу мураббийлик ишини намоён этади. Фақат, бор эътиборни унга қаратиш ярамайди. Агар жамоа яхши ўйнасаю, омади юришмай, ютқазса, бу ҳам яққол кўринади. Демак, ташвишга ҳожат йўқ. Масаланинг бош­қа, зиёнли томони бор. Футболчиларнинг ёши сунъий тарзда кичрайтирилса, бу уларнинг ўзларига ҳам, бутун бошли тизимга ҳам салбий таъсир қилади. Шундай экан, нега ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати иштирокчисининг кейинчалик йўқолиб қолиши, миллий жамоа, умуман, катта футболда кўринмаслиги  ҳақида бериладиган саволга битта жавоб бор. 19-20 ёшли футболчи U-16 таркибида худди шу ёшдаги болаларга қарши тўп сургач, ўз-ўзидан уларнинг даражасига мослашади. Яъни тенгдошлари ривожланаётган паллада у ўсишдан тўхтаб қолади. Камига 16 ёшлилардан бири йўлини тўсиб, унинг ўрнига мундиалга боради. Аслида шу каби турнирлар уни талаб даражасида ўсиши ва тарбия билан таъминлаши керак, аммо бундай бўлмайди - йигитчани таркибга олишмайди. Ёши кичрайтирилган футболчи эса халқаро мусобақада ҳаммадан кучли ўйин кўрсатади. Фақат уйга қайтгач, катталар жамоаси сафига қўшилиб, бу ўйинга мослашолмайди. Шу тариқа иқтидорли ёш футболчи мақомида қолиб кетаверади... Унинг ёнидагилар эса қатнашишлари зарур саналган турнирлардан четда қолиб, керакли тажрибага эга бўлмаганлар. Улар футболдан ноҳақ четлатилганлар, бундай ёшлар ўрнига келажаги йўқ йигитларга вақт сарфланган. Оқибатда шундай ҳолат гувоҳига айланяпмиз. Ҳар икки томон ҳам бундай ёндашув жабрдийдасига айланади. Маълумки, айни пайт шу каби ҳолатларни бартараф этиш юзасидан ишлар бажарилмоқда, кичик жаҳон чемпионатларига чиқиш асосий вазифа эмас, яъни мақсад - ўсмирлар мундиалга чиқмасаларда, ўсишга эришсинлар. Бунинг натижасида улар ҳар тарафлама кучайишади, миллий ва олимпия термаларидаги жой учун реал номзодга айланишади.

- Кўпинча Европанинг икки мактаби - Германия ва Нидерландия футболини намуна сифатида келтираман. Футболчилар сонига қарамай (Германияда юзлаб академия­лар, ўн минглаб футболчилар бор), уларнинг машғулотлар режаси ва жараёнини кўраман. У ерда 16-17 ёшли болалар шундай ҳаракатларни амалга оширишадики, мазкур топшириқлар айрим катта ёшли профессионал футболчиларимизни ҳам қийнаши муқаррар. Бунинг натижасида Мюллер ва Гётце кабилар 20 ёшдаёқ катталар футболи, ҳаттоки, миллий термага ҳам тайёр бўлишади. Бизнинг эса ушбу савияга чиқишимизга ҳали анча бор...

- Менимча, бу ерда ҳаммаси ижрочиларга боғлиқ эмас. Биринчи нав­батда, шароитлар муҳим - майдонлар сони, клублар ва академиялардаги инфратузилма, болаларнинг озиқланиши ва тиббий хизмат... Шунингдек, иқлим масаласини ҳам ҳисобдан чиқармаслик керак: қиш ўта совуқ келмайди, йил давомида тўп суриш имконияти бор. Ёзда эса қуёш чиқишидан то ботгунига қадар майдонда ўйнаш қийин бўладиган давр кузатилади. Европа мактабларидаги витаминизация, спорт тиббиёти - анча кучли. Шу боис бутун дунёдаги спортчилар жароҳатни даволаш, тикланиш мақсадида у ерга боришади. Германия, Голландия ва шунга ўхшаш мамлакатларга етиб олишни мақсад қилишдан аввал юқоридаги факторлардан кўз юммаслик даркор.

- Бошқа табиий омиллар нима бўлади? Дейлик, антропометрия: замонавий еврофутбол бизникидан сезиларли устунликка эга, бу жисмоний яккакурашларда яққол сезилади...

- Ушбу масалада муаммо кўрмаяпман. Айтганча, кўплаб буюк футболчилар паст бўйли: Пеле, Марадона, Месси... Осиёнинг айрим мамлакатларида ҳам шундай. Япония ва Жанубий Кореяни олайлик, ушбу мамлакатлар жамоалари ҳар доим жаҳон чемпионати саралашидан муваффақиятли ўтади. Ваҳоланки, девкелбат футболчилари йўқ, аммо ўйин бор.

- Тўғри. Лекин бундай футболчилар кўп эмас. Улар ёнида нисбатан басавлат ва мунтазам яккакурашларга қўшиладиган ўйинчилар ҳам топилади. Ахир жамоада 11 нафар «Месси-Пеле» ўйнамайди-ку...

- Тушундим, бироқ бу ҳам бир писанда! Ўша Бразилия термасини олайлик: жамоанинг фақат марказий ҳимоячилари бўйи баланд. Испания термасида эса биргина Пике новчалиги билан ажралиб туради. Аммо бу жамоалар буюк. «Барселона»нинг энг яхши даврини эсланг. Клуб футболчилари тўпни фақат ердан ўйнатишарди, ҳар ким нима қилишини бир неча сония олдин биларди, олдиндагилар ҳам шундай фикрлашарди. Улар шу аснода режадаги ишни қойиллатиб бажаришган: техника ва ақлли ўйин муваффақиятлар келтирган, ҳеч бир кучли жамоа уларни тўхтатолмаган. Бу каби мисолларни барча даврлардан келтириш мумкин...


Давоми бор. Ушбу СУҲБАТни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин