Остон Ўрунов Россия Премьер лигасида энг креатив футболчи сифатида эътироф этилмоқда

Жорий йилнинг аввалида Бошқирдистоннинг “Уфа” клуби сафига бориб қўшилган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Остон Ўрунов қисқа давр ичида Россия Премьер лигасининг энг яхши футболчиларидан бири сифатида эътироф этила бошлади.

Ҳамюртимиз ўз ўйинлари билан россиялик бир қатор футбол нашрлари, мутахассислари ва мухлислари эътиборини ўзига қаратмоқда. Жумладан, Премьер лиганинг 28-турида “Локомотив” – “Уфа” учрашувининг энг яхши футболчиси, деб топилди.

ЎзА нашрининг маълум қилишича, ҳамюртимизнинг ўйинини юқори баҳолаган нуфузли спорт нашрлари уни турнинг рамзий терма жамоасига киритди, таниқли мутахассислар эса Остоннинг маҳорати ҳақида ўз муносабатларини билдира бошлади:

– Москванинг “Локомотив” жамоаси билан учрашувда уфаликлар аввалдан ҳимоявий ўйин намойиш этишга қарор қилган эди. Бундай ҳолатда кўп нарса Ўруновнинг маҳоратига боғлиқ бўлади. Остонга тезкорлиги эвазига рақибдан қочиб кетиш ва дриблингига таяниб, ҳужумга ўтиш вазифаси юклатилган эди. Ўзбекистонлик ярим ҳимоячи мослашувчан, эгилувчан ва қоматига нисбатан тезлиги катта. Атлетик имкониятлари яккакурашларда ва прессингда ўзини эркин ҳис қилишини таъминламоқда. Ўрунов бир неча маротаба ҳужумларни якунлашга ҳаракат қилди. Лекин рақиб посбони Коченков ишончли ўйнади. Факт шуки, Ўрунов олти марта рақиб билан юзма-юз келди ва барча уринишда “Локомотив” футболчиларини алдаб ўтди, – деб ёзади “Футбол на куличках”.

– Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 19 ёшли футболчиси Остон Ўрунов Вадим Евсеев яратган тизимнинг ажралмас қисмига айланиб бўлди. Уфаликлар “Локомотив”дек қудратли жамоага қарши оптимал таркибни майдонга тушира олмаган бир паллада Ўрунов етакчилик масъулиятини ўз зиммасига олди. Ўйин давомида рақибларини алдаб ўтди, дарвозага зарбалар берди ва ўткир паслар орқали хавфли ҳужумлар яратди. Айнан Остоннинг Артём Голубевга берган паси натижасида уфаликлар пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритди ва ҳисобни очди, – деб маълумот берди sovsport.ru.

– “Уфа” таркибида ўзбекистонлик ёш ярим ҳимоячи Остон Ўрунов қатор учрашувларда ўзини кўрсатиб келмоқда. Менда шундай тасаввур уйғоняпти: бизнинг барча футболчиларимиз битта инкубатордан чиққанга ўхшайди – улар бир хил югуради, курашади, пас беради. Лекин бир-биридан ажралиб турадиган жиҳати йўқ. Ўрунов пайдо бўлиши билан дарров рақибларни алдаб ўтишга, ностандарт қарорларни амалга оширишга, вазиятларга креатив ёндашишга киришади ва бу дарров эътиборни тортади. Энди мураббийлар унинг бошқа кучли жиҳатларини ҳам ривожлантиришлари керак бўлади, – дейди футбол мутахассиси Евгений Ловчев.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Ўқилган: 1111
Легионерларимиз

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича