Фарм-клубларнинг ёш футболчиларига ўйин амалиёти учун имконият яратилади

Ўзбекистонда карантин тадбирлари кучайтирилгач, ЎзПФЛ Биринчи лига, аёллар футболи ва футзални вақтинчалик тўхтатиб туришга мажбур бўлди.

Жорий мавсум Биринчи лигада “Пахтакор-2”, “Бунёдкор-2”, “Навбаҳор-2”, “Жиззах-Барс” каби фарм-клублар иштирок этиши керак эди. Мазкур жамоаларда Ўзбекистон U-19 терма жамоасига номзод футболчилар бор эканлигидан келиб чиқиб, ЎзПФЛ уларнинг ўйин амалиётига эга бўлиб туришлари учун шароит яратади.

Эндиликда фарм-клубларнинг 2001 ва ундан кейинги йилларда туғилган футболчилари U-21 биринчилигида майдонга тушишлари мумкин. Бунда клублар бир учрашув олдидан тўрт нафаргача фарм-клуб футболчисини қайдномага киритиши мумкин. Мазкур ўзгариш Биринчи лига учрашувлари тиклангунига қадар амалда бўлади.

Биринчи лига қайта тиклангач, юқоридаги қарор ўз кучини йўқотади. Регламентга кўра, ўз фарм клубига эга жамоалар Суперлига доирасидаги учрашувларда фарм-клуб аъзоларидан исталган миқдорда фойдаланиши мумкин. Яъни, Вадим Абрамов, Шота Арвеладзе, Андрей Канчельскис, Улуғбек Бақоев каби мутахассислар ўзларининг асосий жамоаларига фарм-клубнинг исталган футболчисини жалб эта олади. Аммо фарм-клуб футболчилари U-21 биринчилигида ўйнаш ҳуқуқига эга эмасдилар. U-21 биринчилиги мураббийлари ўз навбатида U-18 жамоаси футболчиларидан фойдаланиши мумкин.

Ўқилган: 273
Бошқа хабарлар ПФЛ фаолиятига доир

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича