«Бунёдкор» қишки трансферлар вақти таркибини бир мунча кучайтирди. Аниқроғи, жамоанинг кўплаб футболчилари Ўзбекистон олимпия термаси билан Таиландда ташкиллаштирилган Осиё чемпионатига йўл олишган вақтда мураббийлар штаби уларнинг ўрнини ижара келишуви асосида таклиф қилинган ўйинчилар билан тўлдиришди. Мисол учун, Мурод Холмуҳаммедов пойтахт клубида қисқа муддат ўйнаб, «Қўқон-1912» ихтиёрига қайтди, «Машъал» вакиллари - Ҳумоюн Муртазоев ва Сардор Абдураимов эса мавсум якунига қадар «қалдирғочлар» сафида қоладиган бўлишди. Таянч ярим ҳимоячиси саналган Сардор Абдураимов дастлаб ОЧЛ саралашидаги 2та ўйинда асосий таркибдан жой олди. Бироқ Вадим Абрамов Суперлига баҳсларида ҳозирча ушбу футболчига эҳтиёж сезаётгани йўқ. Албатта, ўтган мавсум «Насаф»нинг бошлан­ғич таркибида ҳаракатланиб, Рўзиқул Бердиев ишончига кирган Сардорбек ҳали Абрамов бошқарувида ҳам ўз салоҳиятини кўрсатишига ишонмоқда. Маҳоратли ярим ҳимоячи биз билан суҳбатда нега ўйин амалиётисиз қолаётгани сабабига ҳам тўхталди.

- Ҳар бир футболчининг миллионлар ўйинига бош суқиш тарихи ўзгача. Хўш, Сардор Абдураимовнинг фаолияти қачон ва қандай бошланди? Илк мураббийингиз ким?

- Футбол машғулотларини 1-синф­да ўқиётганимда бошлаганман. Ўша вақт катта акам Ботир Янгибоев иккинчи лига жамоасида тўп сурарди. Хуллас, ҳамиша акам ортидан стадионга бориб, ўйинларни кузатардим. Шу аснода менда футболга нисбатан муҳаббат уйғонди. 2006 йили эса Термиздаги футбол мактаб интернатига кириб, таҳсилни шу масканда давом эттирдим. Биринчи мурабби­йим - Отажон Авезов. Кейинчалик «Машъал» академиясига боргач, Баҳодир Шоймарданов қўл остида шуғулландим. Лекин илк мураббийим - футболга кириб келишимга сабабчи  бўлган акам Ботир Янгибоев. Ҳар ҳолда, айнан акам туфайли футболга қизиқиб қолдим. Қолаверса, профессионал даражадаги машғулотларга киришишдан олдин тўп тепиш, узатиш, ўйнатиш каби элементларни акамдан ўрганганман. Профессионал даражадаги илк мураббийларим эса айтганимдек, Отажон Авезов ва Баҳодир Шоймардонов.

- «Бунёдкор»га сизни айнан ким таклиф қилди?

- Тўғриси, буни аниқ билмайман. «Бунёдкор»нинг менга қизиқаётганини «Машъал» клуби вице-президенти Илҳом Қурбоновдан эшитдим. У таклифни ўйлаб кўришимни тавсия этди. Кейин асосан Улуғбек Мирзаев ва Марат Мифтахутдинов билан гаплашдим. Аниқ билмайман, лекин шулар кўпроқ қизиққан бўлсалар керак.

- Мавсум бошида сизни асосий таркибда кўрдик. Ҳаракатингиз ҳам чакки чиқмаганди. Лекин энди ҳаттоки, қайдномада ҳам йўқсиз. Нима, жароҳат борми, мабодо Вадим Абрамов билан ўртада келишмовчилик юзага келмадими?

- Ҳа, жамоага келибоқ асосий таркибдан жой олдим, бир неча ўйинларда майдонга тушдим. Аммо олимпия терма жамоаси аъзолари қайтишгач, захирада қолдим. Яна кичик жароҳат ҳам учрашувлар қайдномасига кирмаётганимга сабаб бўлаётгандир. Тағин билмадим. Лекин мураббий билан ўртамизда ҳеч қандай муаммо йўқ. Муносабатларимиз яхши.

- Вадим Абрамов билан «Бунёдкор»даги тақдирингиз ҳақида гаплашмадингизми?

- Йўқ, ҳали гаплашмадим. Балки фурсати келса, батафсил гаплашармиз. Ҳозир асосий эътибор машғулотлар ва бўлажак ўйинларга қаратилган. Шу сабаб бу ҳақда гапириш ноўрин...


Давоми бор. Ушбу СУҲБАТни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин