Бундеслиганинг япониялик янги юлдузи ҳозирдан чемпионатнинг ТВ-шартномасига таъсир ўтказмоқда. У карантин вақти суткасига 12 соатдан ухлади ва совға сифатида атиргул олишни ёқтиради. Гап Франкфурт­-нинг «Айнтрахт» клуби вакили Даичи Камада ҳақида кетмоқда. Демак, бугун алоҳида рақамлар ва факт асосида Япония миллий жамоа­сининг янги етакчиларидан бири билан бирров танишиб чиқамиз.

*** Камада 23 ёшда ва у ҳозирга қадар профессионал футболда 3та клуб шарафини ҳимоя қилишга улгурди: «Саган Тосу» (Япония), «Сент-Труйден» (Бельгия) ва «Айнтрахт» (Германия). Япон йигити шулардан Бельгия жамоасида ижара келишуви бўйича тўп сурди.

*** Даичи еврокубокларда «хет-трик»ка эришган иккинчи япондир. Биринчиси - Такуми Минамино. Энг қизиғи, Камада Япония миллий жамоасидаги дебют ўйинида айнан «Ливерпул»нинг бугунги вакили ўрнига майдонга тушганди.

*** Камада Европа Лигасида «Айнт­рахт» учун 6та гол урди - бу Бундеслигадаги статистикасидан 3 баравар яхшидир. Япон ярим ҳимоячиси ҳисобида Германия кубогида урилган 2та гол ҳам бор.

*** «Айнтрахт» Камада трансфери учун 1,6 миллион евро тўлаган. Transfermarkt портали эндиликда футболчининг трансферини нақ 8 миллион еврога баҳоламоқда.

*** Камада «Айнтрахт»да ҳафтасига 40 минг евро миқдорида маош олмоқда. Франфурт клубининг энг катта маошга эга футболчиси - португалиялик Андре Сильва бўлиб, унинг иш ҳақи японияликникидан икки ҳисса кўп. Умуман, «Айнтрахт»нинг асосий таркибидаги атиги 4 нафар ўйинчи Камададан камроқ маош олади.

*** Камада - уйқу ихлосманди. Айтишича, у коронавирус пандемияси туфайли юзага келган танаффус даврида бир суткада нақ 12 соатни ухлашга ажратибди. Футболчи қолган вақтда таом тайёрлаш билан шуғулланган, яна фарзандига қараган.

*** Япониялик ярим ҳимоячи 2019 йилнинг ёзида сал қолса, Италиянинг «Женоа» клубига йўл оларди. Ҳар ҳолда, икки жамоа трансфер масаласида барчасини ҳал қилишга улгурганди, фақат «Айнтрахт» вакиллари жамоанинг иккинчи йиғинида фикрларини ўзгартиришди ва Камада Германияда қолди.

*** «Арсенал» қутқарувчиси ва афсонаси. Камада 2019 йилнинг 28 ноябрь куни Англияда ҳам танилди. Ўшанда «Арсенал» Европа Лигаси дои­расида «Айнтрахт»ни қабул қилиб, 1:2 ҳисобида ютқазди, Камада эса ўйинда «дубл»га эришди. Эртасига «Арсенал» раҳбарияти Унаи Эмерини ниҳоят, истеъфога чиқарди. Лондонлик фанатларга ишнинг шу йўсинда ривожлангани ёқиб тушди ва Википедия саҳифасида Даичига берилган тавсифга «Арсенал» қутқарувчиси» мақоми қўшилди. Кейинчалик ҳаттоки, Бундеслига расмий сайтида ҳам бу ҳақда хабар берилди. Барчаси шу билан тўхтагани йўқ, аксинча, вақт ўтгани сайин янада қизиқарли тус ола бошлади. Дейлик, Камаданинг «Арсенал» ривожига қўшган ҳиссасини кимсан Тьерри Анри хизматларига таққослаб, уни Лондон афсонасига чиқаришди-қўйишди. Мана, фанатлардан бирининг изоҳига эътибор қаратинг: «Ҳамма Озилни олқишламоқда, мен эса шунчаки, Камадага миннатдорчилик билдираман. Қалбимиз Эмерига боғлиқ дардлардан қутулди. Даичи Камада - «Арсенал»нинг ноябрь ойидаги энг яхши футболчиси».

*** Goal нашри журналистлари эса «Арсенал» ва «Айнтрахт» ўртасидаги ўша учрашувдан олдин ниманидир ҳис қилишганиданми, япониялик ҳақида алоҳида мақола ёзишганди. «Камаданинг ўйин бобида ўсаётгани Япония телевидениеси ва Бундеслига ўртасидаги ҳамкорлик ишларига ижобий таъсир қилмоқда. Умуман, бу футболчининг трансфери «Айнтрахт» сиёсатига жуда мос. Франк­фуртликлар одатда ҳали тўлиқ шаклланмаган истиқболли ўйинчиларни олиб, уларни ижара келишувлари воситасида тарбиялашади ва Бундеслига саҳнасига кўтаришади».

*** Камадани Германия клубига топиб берган тажрибали скаут Бен Манга фикрларидан иқтибос: «15 йилдан буён ушбу бизнес ичида ишлаяпман. Иқтидорларни бошқаларга нисбатан тезроқ ва кўпроқ илғай олишимни бемалол тасдиқлашим мумкин. Агар 3та гол урсангиз - яхши. Буни ҳамма кўради. Менинг ишим эса энг кичик жиҳатларни ҳам аниқ баҳолаш ҳисобланади».

*** Даичи Камаданинг 2017 йили «Айнтрахт» билан шартнома тузгани Бундеслига ва SPTV компанияси ўртасида муҳим ҳамкорлик йўлга қў­йилган вақтга тўғри келди. Гап Японияда сунъий телевидениенинг бош оператори мақомини олган компания ҳақида кетмоқда. 3 йилга мўлжалланган шартнома Бундеслига-2019|2020 якунигача амалда бўлди. Муҳими, томонлар ҳамкорлик муддатини бирданига 5 йилга узайтиришди. Унга мувофиқ, SPTV ҳар мавсум Бундеслига ва Бундеслига 2 дои­расидаги жами 200та ўйинни Япония­да намойиш этиш ҳуқуқига эга.

*** Японияда Германия чемпионатига қизиқиш катта эканлиги бежиз эмас. Бундеслиганинг якунига етган мавсумида япониялик 3 нафар таниқли футболчи иштирок этди. Улардан бири - Камаданинг клубдоши Макото Хасебе бўлиб, фахрий ярим ҳимоячи яқин орада фаолиятини якунласа керак. «Вердер» сафида мунтазам майдонга тушган 30 ёшли Юя Осако ҳам чакки статистика қайд қилмади - 26та ўйинда 7та гол. Бундеслигадаги япониялик асосий юлдуз роли эса Камадага тегишли. Уни ҳам салоҳият, ҳам япониялик телемухлисларга таъсир кўрсатиш бўйи­ча «Боруссия» (Дортмунд)да роса даврон сурган Шинжи Кагавага қиёслашмоқда.


Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин