Июль ойидан эътиборан «Бавария»нинг спорт бўйича бошқаруви аъзосига айланадиган Ҳасан Салихамижич пандемия юзага келтирган инқироз шароитида қандай йўл тутишни яхши билади. Мюнхен клуби тарихида ёрқин из қолдирган собиқ футболчи ўз интервьюсида шу ҳақда фикр юритди.

- Жаноб Салихамижич, коронавирус билан боғлиқ инқирознинг жаҳон футболига таъсири хусусида нима дея оласиз?

- Жамоатчилик, хусусан, футбол оламини нафақат олис, балки яқин келажакда ҳам жиддий синовлар кутиб турганини тахмин қилиш учун ортиқча билим талаб этилмайди. Аслида коронавирус таъсири бўлмаган вақтда ҳам жамоага раҳбарлик қилиш осон эмас. Энди умумий ҳолатдан келиб чиқиб, янада тезроқ ва чуқурроқ мулоҳаза юритишимиз лозим.

- Инқироз даври бошланишидан олдин халқаро трансферлар бозорида исрофгарчилик авжига чиққани расман тан олинганди. Энди шу соғлом фикрга мос тарзда иш тутилиши мумкинми?

- Дарҳақиқат, коронавирус тарқа­лиши арафасида футбол бозорида бемаънигарчиликлар жуда кўпа­йиб кетганди. Лекин ҳозир фақат «Бавария» мисолида гапиришим мумкин: клубимизнинг «олди-сотди»лар энг юқори нуқтага кўтарилган даврда ҳам ақл билан иш юритгани - айни ҳақиқат. Албатта, келажакда ҳам бу анъанага содиқ қоламиз. Демоқчиманки, футболга муносабатимиз, иқтисодий мезонимиз ва трансфер сиёсатимиз ўзгармайди. Ўйлайманки, инқироз ҳам ортиқча харажатлардан тийилишни тақозо этади.

- Кўплаб мутахассислар футболда бирдамлик анча кучайишини тахмин қилишмоқда. Бунга қўшиласизми?

- Зафарли ва муваффақиятли даврда иши юришмай қолганларни унутмаслик - «Бавария»га хос маданиятнинг бир қисми. Ҳамдардлик, ҳамкорлик, қўллаб-қувватлаш каби мезонларга ҳозирги мураккаб шароитда ҳам тўлиқ риоя қилишимиз керак. Айниқса, Европа ғояларига ҳурмат юзасидан. Инқироз барча учун жиддий синов эканлиги тайин. Муҳими, «Бавария» бундай синовга тайёр.

- Оливер Кан билан ҳамкорликдаги фаолиятингиз қандай ривожланмоқда?

- Рисоладагидек. Асосийси, биз бир-биримизга мутлақо ишонамиз ва бамаслаҳат иш юритамиз. Айтишим мумкинки, Оливер янги ролда ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда. Унинг таъкидлашича, ишчан муҳит бобида «Бавария» олдига тушадиган клуб йўқ. Вақтида биз майдонда бирга тер тўкиб, ЕЧЛ ғолибига айланганмиз. Энди раҳбарият ходими сифатида ҳам шоҳсупага кўтарилишни истаймиз. Оливер муваффақият қозонишимизга шубҳаланмаяпти, мен ҳам. Қисқаси, иккимизга мусобақалашиш руҳи ҳамнафас. Энди янги тарихимизни яратмоқчимиз.

- «Бавария» тизимида иш бошлашдан олдин айнан Кан билан бизнес соҳасига бош суқдингиз. Ана шу тажриба масъулиятни ўз зиммангизга олиш хислатингизга таъсир қилдими?


Давоми бор. Ушбу СУҲБАТни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин