Sportbox.ru сайти Россия чемпионатида тўп сурган|сураётган Ўрта Осиё мамлакатларининг энг кучли футболчилари ҳақида мақола тайёрлаб, уларни ўзига хос рамзий терма жамоага жойлади. Табиийки, рўйхатда ўзбекистонлик футболчиларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, миллий жамоамиз томонидан маҳаллийлаштирилган ўйинчиларга ҳам. Қизиқяпсизми, унда рамзий жамоадан кимлар ўрин олишгани билан танишиб чиқишингиз мумкин.

Ҳимояда интеллектуаллар

Дарвозабонлар масаласида танлов катта эмас - Ўзбекистон миллий термасида ўйнаган Алексей Поляков, Тожикистон вакили Андрей Мананников, Қозоғистондан Константин Ледовских ва Андрей Сидельников. Булар орасидан Поляковни танладик. Зеро, у тожистонлик ва қозоғистонлик амплуадошларидан фарқли равишда, юқори даражали ўйинларда кўпроқ қатнашган, яна ўйнаган клублари ҳам нисбатан обрўлироқ. Аниқроқ айтсак, Алексей «Локомотив», «Крилья Советов», «Луч» ва «Томь» клублар таркибида РПЛнинг ўзида жами 130 марта майдонга тушган. Ўзбекистон миллий жамоасида эса 18та учрашув ўтказган. Совринлари ҳам кам эмас: «Локо» билан чемпионатнинг кумуш ва бронза медаллари (икки марта)га сазовор бўлган, мамлакат кубоги ҳамда суперкубоги соҳибига айланган. Унда «Крилья Советов» сафида ютилган яна битта «бронза» бор. Поляковнинг устунлиги? Олимпиячиларга хос хотиржамлик, яхши реакция, профессионаллик. Тўғри, осмондаги юлдузни урмаган, аммо майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам ишончли эди.

Мудофаа марказида - Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилган Олег Пашинин ва тожикистонлик Рашид Раҳимов. Биринчиси «Локомотив»га содиқ қолиб, «темирйўлчилар» сафида барча турнирларда 200тадан ортиқ ўйин ўтказди. Тожикистонлик футболчи эса Россияда кўп ўйнагани йўқ, дастлаб «Спартак», кейинчалик «Локо», сўнг яна «Спартак»да кўриниш берди. Фаолиятининг қолган қисмини эса Австрияда ўтказди. Тўғри позиция танлаш, эпчиллик, бош билан яхши ўйнаш - ушбу футболчиларнинг устунлиги шулар. Қанот ҳимоячилари ҳам ҳақиқий универсаллар, улар тўғри келса, марказда бемалол ўйнай олишган. Чап томонда - яна бир «локомотивчи», Душанбеда туғилган Игорь Черевченко. Ўнгда - «Рубин» клуби ва Ўзбекистон термаси афсонаси Андрей Фёдоров. Бу футболчилар қанотлар бўйлаб рейд уюштиришдан кўра, рақиб ўйинини бузишни кўпроқ маъқул кўришган.

«10-рақам» позицияси Қосимовга тегишли

Таянч чизиғи учун икки асосий номзод бор - бири «ўзбек» Владимир Маминов, иккинчиси Тожикистонда туғилган Олег Ширинбеков. Ўйин услуби бўйича бир-бирига ўхшаш футболчилар мос равишда «Локомотив» ва «Торпедо» етакчилари ҳисобланишган. Охир-оқибат, танлов бутун фаолиятини «Локомотив»га бағишлаган Владимир Маминов номзодида тўхтади. Унинг «темирйўлчилар» таркибидаги статистикаси шунчаки, ажо­йиб: 16 мавсум, 397та ўйин, 40та гол! Энг муҳими, Маминов «қизил-яшиллар» билан миллий даражадаги деярли барча совринларга эга чиққан. Ярим ҳимоячи Ўзбекистон термаси либосида атиги 12 марта майдонга тушган, аммо бу рўйхатга кирган айрим футболчилар кўрсаткичидан яхшироқ. Рамзий жамоадаги туркман паспортига эга ягона футболчи - «армиячи» Дмитрий Хомуха Ашхободда туғилган. Унинг ярим ҳимоя ўнг қанотидаги жойи рақобатдан холи. Бу футболчи кўп клубларда ўйнаган, улар орасида энг машҳурлари сифатида «Зенит» ва ЦСКАни кўрсатиш мумкин. Хомуха биринчи навбатда, жарима зарбаларини қойилмақом тарзда ижро этиши билан танилган: дарвозабонлар унинг қайси бурчакни нишонга олишини ҳеч аниқлолмасдилар. Майдон марказининг чапроғига ўзбекистонлик Одил Аҳмедов жуда мос. Юксак иқтидор соҳиби, ақлли ва универсал футболчи. У 2011-2013 йилларда юлдузли «Анжи» сафида ҳам йўқолиб қолмади, кейинчалик анча кучайишга эришган «Краснодар»да порлади. Одил Россияда шу икки клуб сафида умумий ҳисобда 211та ўйин ўтказиб, 13та гол ва 22та самарали узатма муаллифига айланди. Ўзбекистон термасидаги статистикаси эса даҳшат - 102та ўйин, 20та гол. Аҳмедов 2015 йилдан буён миллий жамоа сардори ҳисобланади. Одил Россияда ютилган 2та бронза медали билан кифояланди - бирини «Анжи», иккинчисини «Краснодар»да қўлга киритди. 2017 йили Хитойнинг «Шанхай СИПГ» клуби таркибига қўшилгач эса, «олтин»га ҳам эришди. Эътиборлиси, ушбу позиция­га даъвогарлар орасида Ўзбекистоннинг яна бир фуқароси Руслан Агаларов («Анжи») бор эди. Ҳужумчи ортидаги жой ўзбек футболи афсоналаридан бири Миржалол Қосимовга тегишли. Россияда ушбу футболчининг номи биринчи навбатда, 1995 йили чемпионликни қўлга киритган «Алания» билан боғланади, ваҳоланки, у «Крилья Советов»да ҳам чакки ўйнамаган. Қосимов - бу узатма устаси, тўп билан нозик ҳаракатланадиган футболчи, ажойиб зарба соҳиби. Илк бор «Алания»га келганида, чемпионатнинг ўзида 64та ўйинда 25та гол урган - бундай сермаҳсулликка ҳужумчилар ҳам ҳавас қилишса арзийди. У терма жамоада ҳам мўлжални аниқ олиш бобида зўр эди: 67та ўйинда 31та гол. Бундан ташқари, Қосимов майдон ташқарисида ҳам жамоа юрагига айланган. Палов ёки кабоб тайёрлаш, нохуш вазиятни бир ҳазил билан тубдан ўзгартириш - айнан унга тааллуқли. Хуллас, «10-рақам» позициясида бу футболчига рақобат туғдириши мумкин бўлган бошқа номзод топиш амри-маҳол.

Шомуродов ва Нидергаус: ҳам гол, ҳам узатма...

Ҳужумчилар орасида эса вариантлар бисёр: Тожикистондан Муҳсин Муҳаммадиев («Локомотив», «Спартак») ва Арсен Аваков («Торпедо»), Туркманистондан Владимир Байрамов («Рубин»), Қозоғистондан Сергей Волгин («Текстильшик»), Ўзбекистондан Александр Гейнрих (ЦСКА, «Торпедо») ва Жаъфар Ирисметов («Спартак»)... Аммо олдинги чизиқдан тажриба ва ёшлик уйғунлигида ташкил топган тандем ўрин олди: Владимир Нидергаус — Элдор Шомуродов. Индивидуал жиҳатдан кучли форвардлар. Улар виртуал жамоада  бир-бирларининг ўринларини тўлдиришлари, ҳам ердан, ҳам ҳаводан ҳужум уюштиришлари мумкин. Владимир Нидергаус ўтган асрнинг 90-йилларида «Ротор»нинг етакчиларидан бири эди, тезкор, ғайратли, сермаҳсул футболчи сифатида ёдда қолган. Волгоградликлар таркибида 200та ўйинда 77та гол урган. Унинг шеригини эса ортиқча таништиришга ҳожат йўқ: Элдор Россия чемпионати жорий мавсуми тўпурарлар пойгасида 2-ўринни эгаллаб турибди. «Ростов» клуби ва Ўзбекистон термасининг амалдаги етакчиларидан бири. Майдонда гол уриш вазиятини сезиш қобилияти, турли манёврлар ишлатиши, позицияни тўғри танлаши билан ажралиб туради. Ҳақиқий универсал: ҳам марказий ҳужум, ҳам орқароқда ўйнай олади. Футболдан ташқарида эса хушмуомала, камтар йигит. Элдор ўтган йили Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди. Дарвоқе, унинг миллий жамоадаги кўрсаткичларига ҳам ҳавас қилса арзийди: 43та ўйинда 20та гол, яъни 1тасида ўртача ҳисобда 0,5та гол! Ушбу танловнинг тўғрилигини машҳур футбол функционери Юрий Белоус гаплари ҳам тасдиқлаши мумкин: «Шомуродовнинг ёзда кучли чемпионатлардан бирига ўтиши мумкинлигини инкор этмайман. У ажойиб футболчи!»


Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин