Онлайн йиғилишда биринчи ярим йиллик сарҳисоб қилиниб, келгуси 6 ой учун режалар муҳокама қилинди

Коронавирус сабаб 2020 йил кўплаб соҳаларда бўлгани каби спорт оламида ҳам мисли кўрилмаган ўзгаришларга олиб келмоқда. Йил бошидан бутун дунёда авж олган ушбу вирус сабаб спортчиларимиз ҳам 4 ойдирки мусобақаларда иштирок этишмаяпти. Машғулотлар эса уй шароитида олиб борилмоқда. Бугун ортда қолган 6 ой давомида соҳада қилинган ишлар юзасидан 2020 йилнинг биринчи ярим йиллик якунлари ҳамда иккинчи ярим йилликнинг иш режаларига бағишланган онлайн йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Шавкат Султанов, МОҚ, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, шунингдек, Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар раҳбарияти ва мутасадди ходимлари иштирок этишди.

Йиғилишни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов очиб берди ва қатнашчиларни кун тартиби билан таништирди. Кун тартибида белгиланганидек, йиғилишда дастлаб МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдушукур Садиков Эпидемиологик вазият сабаб чиқарилган ҳукумат қарорларининг ижроси юзасидан соҳада олиб борилган ишлар хусусида гапириб берди. Шундан сўнг Ўзбекистон таэквондо федерацияси раиси Шерзод Ташматов Токио Олимпиадасига тайёргарлик бўйича олиб борилаётган ишлар ва жорий йилнинг иккинчи ярим йиллиги учун режалар хусусида маъруза қилди. Ўз навбатида МОҚ президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов терма жамоаларга хориждан жалб қилинган мураббийлар билан ишлаш, ҳудудлардаги ёшлар учун онлайн мастер-класлар кўрсатиш борасида, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бош мутахассиси Акром Низаметдинов ёш иқтидорли спортчиларни саралаш, яъни селекция ишлари борасида тайёрланган материаллари билан таништирдилар. МОҚ президенти матбуот котиби, ахборот-сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Зафар Имомхўжаев эса соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, федерациялар матбуот-хизмати билан олиб борилаётган ишлар, олдиндаги режалар, лойиҳалар хусусида маълумот берди. МОҚ департамент директори Алишер Каримов федерациялар фаолиятини тижоратлаштириш тўғрисидаги маърузаси билан кун тартибидаги барча масалалар кўриб чиқилди, мутахассисларни қизиқтирган мавзулар бўйича атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов якуний сўз ўрнида ортда қолган даврни сарҳисоб қилиб, қилинадиган ишлар хусусида гапирди.

“Авваломбор, мана шундай иқтисодий мураккаб даврда турганимизга қарамай спортни қўллаб-қувватлаб келаётган Президентимиз ва ҳукуматимизга ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламан. Зеро, йил якунигача режалаштираётган ўқув-машғулот йиғинларимизни ўтказиш учун етарли маблағ ажратилган. Юқорида айтилган фикрлар ҳақиқатда жуда ўринли. Ўз ўрнида федерация мутасаддиларидан ўзлари учун керакли ходимларни ишга жалб қилиш масаласида таклифларни кутиб қоламиз. Тиббий кўрикдан ўта олган ва зарур талабларни бажара оладиган федерациялар ўқув-машғулот йиғинларини олиб бориши мумкин. Албатта, бу борада Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан келишган ҳолда иш тутиш лозимлигини унутмаслик керак. Ҳозир бутун дунёда вазият бир хил. Сизлардан ўз йўналишларингизда янги методикалар бўйича таклифларни кутиб қоламиз. Эртага халқаро мусобақалар ҳам бошланади. Ҳукуматимиз унда спортчиларимизнинг иштирокига рухсат бергач, бунга тайёр бўлишимиз керак. Шу боис спортчиларимизни юқори спорт формасида ушлаб туришимиз лозим», – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Йиғилиш давомида Олимпия ҳаракатини қўллаб-қувватлашга масъул ташкилотлар билан ишлаш, йилнинг қолган қисмида маҳаллий мусобақаларни ташкил қилиш, федерациялар матбуот хизмати билан ишлаш, спортчиларимизнинг йиғинлардаги бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мавзуларида ҳам фикр-мулоҳазалар алмашилинди.

Ўқилган: 259
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича