WADA допингга қарши курашиш бўйича яқин беш йиллик стратегик режасини эълон қилди

Жаҳон допингга қарши кураш агентлиги (WADA) 2020-2024 йилларга мўлжалланган стратегик режасини эълон қилди. Бу ҳақда ташкилотнинг матбуот хизмати маълум қилди.
Ушбу режа WADA Ижроия қўмитаси билан келишилган ва агентлик таъсисчиларининг кенгаши томонидан бир овоздан маъқулланган.

“Агентлик ташаббуси билан бошқарувда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида WADA аввалги бир неча йилдагига қараганда мутлақо бошқа мавқега эга бўлди. Барча манфаатдор томонлар агентлик томонидан эришилган ютуқларни эътироф этишларига қарамасдан, улар WADA бутун дунёдаги атлетларни ва умуман спортни ҳимоя қилиш учун олға бориши кераклигида якдиллар. Режада ўз ифодасини топган стратегик устувор вазифалар спортчилар томонидан белгилаб берилган бўлиб, WADA яқин беш йилда босиб ўтиши керак бўлган йўлни кўрсатади. Агентлик Жаҳон допингга қарши курашиш дастурини мустаҳкамлаш мақсадида бутун дунёдаги спортчилар ва шериклари билан ҳар куни ҳамкорлик қилади. Мен ушбу режага жуда содиқман ва манфаатдор томонларнинг бирдамлиги ва ўзаро ҳамкорлик қилиш орқали муваффақиятга эришишимизга ишончим комил”, – дейди WADA раҳбари Витольд Банька.

WADAнинг стратегик режасида олти устувор вазифа белгиланган:
– муаммоларни ҳал этишда ибрат кўрсатиш;
– салоҳиятни кучайтириш ва допингга қарши курашиш ташкилотлари билан билимларни айрибошлаш ҳисобига допингга қарши дастур томонидан қамраб олинишни кенгайтириш;
– допингга қарши сиёсатни ишлаб чиқишга спортчиларни жалб этиш;
– барча допингга қарши шуғулланаётганлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
– хабардорликни ошириш;
– иш сифатини яхшилаш ва иқтисодий самарадорликни мақбуллаштириш.

Ўқилган: 250
UFF.uz Спорт

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича