Мана, ниҳоят, Суперлигага ҳам қайта старт берилди. 4-турдан ўрин олган «Насаф» - «Навбаҳор» ўйинига катта қизиқиш билан қаралганига шубҳа йўқ. Аслида Қарши клуби ҳужумчиси Бобур Абдухолиқов билан карантин туфайли юзага келган танаффус вақтида суҳбатлашмоқчи эдик. Аммо маълум сабабларга кўра, бу жараён «Насаф»нинг «Навбаҳор»га қарши ўйини арафасида амалга ошди.

- «Насаф» ҳамда олимпия терма жамоамизнинг кетма-кет йиғинлари ва ўйинлари туфайли сизда ҳам оила даврасида хотиржам дам олиш имконияти бўлмаётган эди. Хўш, карантин даврида бу бўшлиқ ўрнини нечоғли тўлдирдингиз?

- Ҳа, карантин баҳона оилавий муҳитни яққолроқ ҳис қилдим. Шунинг баробарида якка тартибда шуғулланишни ҳам ўрнига қўйдим. Хусусан, ўйинимда кузатиладиган камчиликларни бартараф этиш устида астойдил ишладим.

- Узоқ танаффусдан кейин Суперлига ниҳоят, қайта йўлга тушмоқда. Ҳеч қачон футболдан бу қадар узоқлашмаган эдик...

- Тўғри айтасиз, эндигина бошланган Суперлига қарийб уч ой муддатга узилиб қолди. Шукрки, аста-секин одатий ҳаёт маромига қайтяпмиз. Жумладан, жамоавий машғулотлар ва футбол ўйинларига рухсат берилгани қувонарли ҳол.

- «Насаф» карантиндан кейинги дастлабки ўйинда «Навбаҳор»ни қабул қилади. Бу йил юқори натижаларни кўзлаётган икки жамоа тўқнашуви...

- Ўз олдига юксак мақсадларни қўйган жамоа ҳар бир ўйинда ғалабага интилиши турган гап. Бунда қайси рақиб билан ўйнашнинг фар­қи йўқ. Нафақат «Навбаҳор», балки бошқа жамоаларга қарши ўйинларга ҳам жиддий ёндашамиз, ягона мақсадни кўзлаб майдонга тушамиз.

- Карантин қоидалари туфайли футбол ўйинларида кўп нарса ўзгариб кетди. Ўйинда гол урсангиз, уни қандай нишонлашни ўйлаб қўйдингизми?

- Йўқ, ҳали бу ҳақда ўйлаганим йўқ. Аввало, учрашувларни бошлаб олайлик. Ўзи насиб қилиб, гол урсам, вазиятдан келиб чиқиб, қандайдир ҳаракатни амалга оширарман...

- Шундай бўладики, қайсидир захира ўйинчиси ўз жамоасининг биргина муҳим голига муаллифлик қилади ва қолганларнинг ўнлаб голлари унутилади. Масалан, Германия термасининг жаҳон чем­пионатида ғолиб чиқишига замин яратган Марио Гётце, португалларни Европа шоҳсупасига олиб чиққан Эдер ёки ўзимиздан Сидоровни олайлик... Хуллас, агар сизга мана шундай имконият берилса, бутун фаолиятингиз давомида урган голларингизни алмашармидингиз?

- Албатта. Табиийки, ҳар бир ўйинда майдонга гол уриш, жамоамга фойда келтириш, ғалабага ҳисса қўшиш, мухлисларни қувонтириш мақсадида тушаман. Бордию, айтганингиздай, биргина муҳим гол билан катта ғалабани таъминлаш имконияти тақдим этилса, ўйлаб ўтирмай, барча голларимдан воз кечардим.

- Футбол туфайли охирги марта қачон ва нима учун йиғлаганингизни эслай оласизми?

- Бунга унча кўп бўлгани ҳам йўқ. Қишда ўтказилган Осиё чемпионатида Олимпиада лицензиясига эга чиқолмаганимизда,  аламдан йиғладим. Зеро, миллионлаб мухлислар шу сафар Олимпиадага боришимизга ишонишганди, афсус...

- Футболчининг омади келмадими, у танқидга йўлиқади. Лекин тан­қид ва танбеҳ ўртасида катта фарқ бор. Охирги марта кимдан қаттиқ танбеҳ эшитдингиз?


Давоми бор. Ушбу СУҲБАТни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин