«Қироллик клуби» - «Реал» Испания чемпионати рестартига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Жумладан, жамоанинг бельгиялик ярим ҳимоячиси Эден Азар ҳам мавсумнинг якуний қисмига катта умид боғламоқда. Лекин у хорижлик касбдошларимиз билан галдаги суҳбати давомида асосан жамоа тарихидаги ёрқин давр - «Галактикос» ҳақида гаплашди..

- Шахсан сиз учун қайси сифатлар «Реал»ни бошқа жамоалардан ажратиб туради?

- Аввало, жамоа ҳаттоки, Францияда ҳам жуда машҳур эканлигини таъкидлашим керак. Дейлик, мен энди фаолият бошлаганимда, Зайниддин Зидан айнан «Реал» таркибида тўп сурарди. Ўша даврдаёқ бу жамоа кўнглимдан алоҳида жой олганди. Шу ўринда клубнинг оппоқ футболкаси ва муҳташам стадионини тилга олмаслик мумкин эмас. Менимча, «Сантьяго Бернабеу» - дунёдаги энг шинам арена. Умуман, «Реал»нинг барча жиҳатлари аъло даражада. Бундан ташқари, болалигимдан айнан «Мадрид»га мухлислик қилганман. Испания пойтахтига интилганимнинг асосий сабаби ҳам шу.

- Зидан бундан 17 йил муқаддам ЕЧЛ финалида «Байер» дарвозасига унутилмас гол урганди. Ўша оқшом қаерда бўлганингизни эслай оласизми?

- Очиғи, ўйин трансляциясини тўғридан-тўғри томоша қилганимга амин эмасман, ўша пайтлар барча учрашувларни кузатиш имкони йўқ эди. Айниқса, ЕЧЛ беллашувларини қолдирмай томоша қилиш анча қийин саналган. Боз устига, танаффус пайти кун тартибимдаги ухлаш вақтига тўғри келарди. Лекин финалнинг такрорий намойишини эртасига кўрганман, кейинчалик эса бутун ҳафта давомида қайта-қайта томоша қилганмиз. Эсимда, укам Торган билан боғимизда Зидан голини такрорлашга роса уринганмиз, аммо уддалай олмаганмиз. Умуман, «Реал»нинг ёш мухлиси сифатида ўйиндан фақат ижобий таассуротлар олганман.

- Хўш, болалик пайти жамоанинг айнан қайси жиҳати хотирангизда ёрқин из қолдирган?

- Биринчи галда «Реал» футболчилари эътиборимни тортишарди. О, қандай давр - Рауль Гонсалес, Луиш Фигу, Роналдо каби афсоналар ёнма-ён тўп суришарди. Қисқасини айтганда, «Галактикос» -  жамоанинг фантас­тик даври. Ўша таркиб ўйинлари унутилмас лавҳаларни тақдим этарди. Санъат мисоли футбол мен қатори барча мухлислар, айниқса, болакайларни ўзига ром этганига шубҳа йўқ.

- «Реал» сафига қўшилишдан олдин ҳам жамоада тўп суришни анчадан буён орзу қилишингизни  сира яширмагансиз. Энди очиқ гапирсангиз - Мадридга айнан қандай мақсадларни кўзлаган ҳолда йўл олгансиз?

- Йўқ, олдимга муайян бир мақсадни қўймадим. Ҳамиша бор куч-маҳоратимни сарфлаш нияти билан майдонга тушаман. Албатта, шонли тарих ва анъаналарга эга жамоа либосида ҳаракатланадиган футболчидан доимо самарали ўйин ва ижобий натижа кутишади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ўз вазифамга нисбатан муносабатимни ўзгартирмоқчи эмасман. Яъни ҳар қайси учрашувдан аввало, иложи борича кўпроқ завқ олишга интиламан. Шу тариқа керакли натижага эришиш мумкинлигини яхши биламан. Мухлислар мени жамоага манфаат келтираётган, чиройли голлар ва узатмалар билан муҳим ғалабаларни таъминлаётган фидойи ижрочи сифатида эътироф этишларини истайман. Зиммамга юклатилаётган вазифани лоақал «Челси»дагидек, агар имкони бўлса, янада сифатлироқ адо этиш ниятидаман.

- Жамоа ва ЕЧЛ ўртасида ўзгача муносабат борлигини ҳис қилиб улгурдингизми?....


Давоми бор. Ушбу СУҲБАТни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин