Европа Чемпионлар лигаси ярим финал илк баҳсидан ўрин олган "Тоттенхэм" – "Аякс" учрашуви ўз якунига етди. "Тоттенхэм Хотспур Стэдиум"да бўлиб ўтган баҳсда голландларнинг қўли баланд келди.

Учрашувни меҳмонлар жуда фаол бошлашди, амстердамликлар тўпни тўлиқ назорат қилишдан ташқари бир нечта хавфли ҳужумларни ташкил қилишди. Булар 15-дақиқадаёқ ўз самарасини берди. Меҳмонларнинг узоқ давом этган ҳужумларидан сўнг Тони ван де Бек дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди ва осонлик билан ҳисобни очди.

Голдан сўнг ҳам “Аякс” футболчилари ҳужумдан тўхташмади, ўз навбатида майдон эгаларида ҳам бир нечта имкониятлар бўлди. Айниқса биринчи бўлим якунланиши арафасида “шпорлар” рақиб жарима майдони атрофида босимни оширишди.

Иккинчи бўлимни лондонликлар қатор ҳужумлар билан бошлашди ва тайм ўрталарига қадар рақибни кучли саросимада ушлаб туришди. Бироқ "Аякс" дарвозасига йўл топиш уларга насиб этмади.

72-дақиқа ўтиб бораётган бир вақтда меҳмонлар ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйишлари мумкин эди, бироқ Давид Нереснинг зарбаси дарвоза устунига тегиб қайтди. Учрашувнинг сўнгги онлари “шпорлар”нинг босимида ўтди, аммо бутун ўйинда бўлгани каби сўнгги зарбаларга аниқлик етишмади.

Шу тариқа, “Аякс” жавоб баҳси олдидан ўзи учун жуда қулай ҳисобни қайд этиб ортга қайтадиган бўлди. Жавоб учрашуви Амстердамда 8 май оқшомида бўлиб ўтади.

Европа Чемпионлар лигаси
½ финал, илк баҳс

Тоттенхэм (Англия) – Аякс (Голландия) 0:1 (0:1, 0:0)

Гол
: 0:1 – 15 ван де Бек.

Тоттенхэм – Льорис, Санчес, Алдервейрелд, Роуз (Дэвис, 79), Вертонген (Сиссоко, 39), Лукас Моура, Эриксен, Алли, Ваньяма, Триппьер (Фойт, 80), Льоренте.

Аякс – Онана, де Лигт, Тальяфико, Велтман, Блинд, ван де Бек, Зиеш (Хунтелар, 87), Тадич, Шене (Мазрауи, 65), Нерес, де Йонг.

Огоҳлантиришлар: Тальяфико (30), Велтман (63).

***

Тезкор футбол хабарларини UFF.uz расмий Телеграм каналида кузатиб боринг!

***

Ўйин статистикаси билан танишинг:

тоттенхэм аякс статистика

***

Учрашувдаги ягона голни томоша қилинг: