Карантин дастурхони. Ҳасанали отадан иқтибослар (7-қисм)

Ҳозирги ёппасига кўчманчилик футболимиз савиясини пасайтириб юбораётганини ҳамма билади. Масалан, Роналдуга янги клубда ўз савиясини кўрсатиш учун ярим йил керак бўлди. Гризманга бир йил камлик қилмоқда.

(Улар ҳар йили, ё ҳар ярим йилда бир марта клуб алмаштиришса, Роналду "йўқналду" бўб кетмасмиди.) Бизнинг хира чемпионатимиздаги жайдари футболчиларимиз янги клубда хира-ҳандон ўйин кўрсатиб судралиб юриши учун уч кун етарли бўлмоқда. Шунинг учун улар ҳар ярим йилда клуб алмаштиришмоқда. Булар ҳам барҳам топади. Энди футболчилар уч йилдан камига шартнома тузишмайди. Футболимиз ҳаётида скаутлар билан агентлар меҳнатининг қадрини энди оширмасак бўлмайди. Аввало, савиясини оширайлик.

Нагаевни Қувайтга олиб бориб заҳирага ўтказиб қўйган агент ким бўлади? Сардор Рашидовни аввал Португалияга олиб бориб, кейин Қатарга қайтариб келиб ўйинини ўсишдан тўхтатган агент ким бўлади? Ғиёсов истеъдодини Кореянинг қуйи лига захирасида эсон-омон кўмаётган агент ким бўлади? Ёки агентлар фоиз олишдан бошқасини ўйлашмайдими?

Агент ўз оталиғига олган футболчиларининг ўйин салоҳиятини ҳаммадан яхши билиши керак. Футболни яхши мураббий даражасида тушуниши керак. Қатор мураббийлар билан яқин алоқада бўлиши керак. Кимга қандай футболчи кераклигини олдиндан билиб юриши керак. 3-4та Европа халқларининг тилини, хуқуқшунослик масалаларини сув қилиб ичиб юборганлигини айтмай қўя қолай. Супер ва профлигада барча кўчиб ўтишлар фақат агент иштирокида бўлишини таъминлайлик. Кучли агентларсиз футбол бизнесини яратиб бўл-май-ди.

Бош мураббий футболимизда энг асосий шахсга айланиб қолиши шарт. Сиз Бикмаев, Нагаев, Гадоевлар ёшликда олган ўйин тасвири билан қолиб кетишди, деб айтдингиз. Масалан, ёшларни ихтиро қилиш, уларни тарбиялаб ўйинини ўстириш ҳақида кўп гаплашамиз. Бундай қобилият мураббийнинг асосий иқтидоридир. Лекин жамоа бир хил ёшдаги футболчиларнинг инкубатори эмас. Ёшлар ёнида тажрибали футболчилар бўлиши керак. Катта ёшдаги футболчининг ўйинини ёшартириш, янги қирраларини очиш ҳам мураббийнинг муҳим вазифасидир.

Бир пайтлар Рууд ван Нистелройнинг ўйини эскириб қолиши кузатилди. Фергюссон унинг хизматидан воз кечди. Уни “Реал”нинг ўша даврдаги бош мураббийи бўлган Фабио Капелло чақириб олди. Мураббий 34 яшар футболчининг янги қирраларини очиб берди. Нистелрой янгича ўйнаб икки йил Испания чемпиони бўлган эди ўшанда. Бизда Абрамов Лутфулла Тўраевнинг ўйинини ярқиратиб юборди. Лутфулла ёнида ёшлар ўйини мазмунлироқ бўла бошлади.

Непомняший ва Хиддинк тарбиясини кўрмаганида Одил Аҳмедовнинг ўйин равнақини биз кўрмас эдик. Элдор Шомуродовнинг ўсишида Карпиннинг хизмати катта бўлди. Кучли бош мураббий ривожимизнинг асосий омили бўлиб қолиши шарт. Шундай янги шароитда Бахтиёр Ашурматов юзма-юз тўқнашувда Арвеладзедан устунлигини тағин бир бора кўрсата олади. Ҳар бир бош мураббий олдида ўзини кўрсатиш учун бир хил имконият пайдо бўлади. Ҳеч ким Азамат Абдураимов каби “олдига катта мақсадларни қўядиган” клубларда ишламадим, деб зорланиб юрмайди. Ҳар бир клуб янги тизимга ўтганимиздан кейин ўз олдига катта мақсадни қўя олади...

Ўқилган: 1504
Мухлислар Ҳасанали ота

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича