Карантин дастурхони. Ҳасанали отадан иқтибослар (4-қисм)

... Сиз қотил деган атамани ишлатдингиз. Ўзи ким қотилу, ким маҳкуму, ким золиму, ким мазлумлиги номаълум.  20 асрга  келиб одам деган маҳлуқот  ўз нафсидан эмас, табиат устидан ҳукмронлик қилишни бошлаб юборди. Олчоқ ва очкўз одам деган зот маънавият чўққиларини эмас, коинот чўққиларини забт эта бошлади. Бир авлод умри давомида одам иқлимни ўзгартириб юборди.

Эллигинчи йилларда, масалан, Тахтапул суви қишда яхлаб қолар эди. Биз яхмалак учар эдик. Ҳозир ёққан қор бир кунда эриб кетмоқда. Тошкент ҳавосида, ариқдаги сувида, ҳовлим тупроғида минг турли ҳашорат бўлар эди ўша пайтларда. Ҳозир улар қирилиб кетишган. Улар йўқ. Ҳовлим бор. Инсон пулдор бўлиб кетган. Масалан, Неймар ҳусусий учароғига бир ўзи миниб Сан-Паулосига учиб бориб, тишига пломба қўйдириб қайтиб учиб келар экан. Пули етади. Лекин парвозни деб фалон тонна керосин эмас, фалон тўнна кислородни ўзи учун ёқишига нима дейсиз? Инсон нафсидан ер куррамиз чарчаб қолмоқда.

Сарвари Коинот ҳижрат қилар пайтларида ҳамроҳлари билан биргаликда ярим коса эчки сутини бир ҳўпламдан ичиб, шунга қаноатланиб, шундан қувватланиб, яратганга шукр қилиб, тағин бир неча кун йўлда давом этган эканлар.  Андижонлик бир киши Осиё Гранд кошонасида муҳтарам кишиларига неча юз кило ош дамлаб берган пайтида дастурхонларни оламда топилмас тансиқ таомлар билан ясатган эди. Топгани ҳалол бўлса, қандини урсин деймизми, деймиз. Дастурхонга бир ҳўпламдан сут қўйиб 10 кишини таомлантирсин демаймиз. (Қилган исрофгарчиликларини эмас) Қилган эҳсонини Эгам даргоҳида қабул қилсин деймиз.

Бошқа мисол келтираман. Аппенин бўйларида қирғоқ яқинида лангарда турган Дерипаскасининг яхтасида бойнинг саҳовати ошиб кетганидан ҳар куни эллик кишилик таом тайёрланиб қўйилар экан. Кейин ҳар куни кечқурун ўша емакларни сувга ташлаб юборишларига нима дейсиз? Бизнинг бойлар бундай исрофгарчилик қилишмайди дейсизми? Балким, шундайдир ё бундан баттарини қилишар. Фақат бизнинг журналистлар ҳеч нарсани ойдин-ошкор ёзишмайди. Бошқаларни билмайман. Менга келсак, мен бойларга ҳавас қилмайман. Тўғри, улар ўз пулларини сарфлашади, меникини эмас. “Ўрта асрлардан ўтиб кетганмиз. Агротехникамиз кучли”, дейсизми? Лекин битта оби нонни дастурхонингизга етказиш учун куррамизнинг юз квадрат метр бўлаги бир йил банд бўлиши билан нега бизнинг ишимиз йўқ. Куррамиз одам нафсини қондира олмаяпти.

Ҳайвонларни ёввойи деймиз. Аслида ким ёввойи? Улар Парвардигоримиз буюрганидан бошқасини, керагидан ортиғини ейишмайди, ея олишмайди. Бунга уларнинг ақли етмайди. Ўтхўри гўшт емайди. Йиртқич бўри  бўри гўштини емайди. Одамга келсак, одам одамни яксон қилишга тайёр. Қонхўр бўри бошқа бўрига ризқланишда ёрдам беради. Одам бошқа бир одам ризқи эвазига бойиб олиш, “кучайиб олиш” пайида тиришқоқлик
қилмоқда. Бошқа бир одам пайини қирқмоқда. Очкўз, баднафс, бадҳулқ Одам деган маҳлуқ ҳамма нарсани ея олади, ейди ҳам. Керагидан ортиғини ҳам ейди.

Бир ярим млрд. одам ортиқча вазндан ҳарсиллаб, лорсиллаб юришини гапирмайман. Бундай одамзод нафси дастидан ер куррамиз инсон оёқлари остида ҳарсиллаб қолганига нима дейсиз? Уммонларни айтмайман, коинотни ҳам чиқинди билан булғалатиб бўлди одам. Коинотни. Ер остига кириб, Уммон тагига тушиб, Осмон устига чиқиб ҳукмронлик қилароқ одамзотни кўзга кўринмас зарра, яъни коронавирус  титратиб юборди.

Ҳаётини изидан чиқариб юборди. Буни Бобуржон, топиб айтдингиз. Лекин, нега  вирусни қотил деб атадингиз? Қанча тирик мавжудотларни йўқ бўлиш чоҳига олиб келган одам, қанчасини йўқ қилиб бўлиб, ўзини қудратли санаган одам, икки юз қулочдан баланд  уй қуриб олиб, сўнгра устига чиқиб томида боғ яратиб олиб, кейин ўз “осмонида” нафаси етмай қолиб, юрган йўлига кислород ҳидлагичлар қўйиб олиб, ўзини қудратли санаган такаббур  одам ўзининг-да, табиатнинг қотили бўлмаяптими?..

Ўқилган: 1559
Мухлислар Ҳасанали ота

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича