Карантин дастурхони. Ҳасанали отадан иқтибослар (2-қисм)

... Ҳар бир тандирнинг ўз эгаси бор. Ҳар бир сомсапаз ўз нонини ўзи топиб емоқда. Ҳеч кимга мутеъ эмас. Футбол клубларимиз эгасиз ҳавода муаллақ қолиб кетишган. Шу билан бирга ҳеч қаерда ҳомий деган зот футбол клубининг ички ишларига аралашмайди. Бизда ҳомий катта холасидан қолган меросдай клубнинг пешайвони тўрига чиқиб ўтириб олган. Эгаси эмас, лекин хўжайин, хўжайиндан баттар хўжайин. Бундай риёкор аҳволдан қутулиш учун барча клубларни кимошди савдосига қўйиб, сотиб юборайликми? Ким олади? Олган одам бир йилда хонавайрон бўлади-ку.

Футбол даромад келтирмаса, клуб ёпилиб кетади-ку. Ёки “довескасига” бирига текинга юз гектар теплицани қўшиб юборайликми? Шунда клубларни сотиб олишар, балким. Энди Алихўжа ким бўлади? Хўжаали бўлади. Бор йўғи шу. Тағин футболчи қандай нонни ейди? Клуб эгаси футболни эмас, даромад келтирувчи заводини кучайтирайин дейди. Футбол мусобақасида “кучли еттиликка” чиқиб олади. Чемпионатимиз қанчалар кучсиз бўлса, у шунчалар “кучлилар” сафида яхшилаб жойлашиб олади-ю, маҳсулотини сотиб даври-даврон суради.

*****

.... Маҳсулотимиз нималигини билиб олайлик. Бу футбол ўйини ва футболчилардир. Ҳамма нарсани футболимизнинг равнақига ва футболчиларимизнинг ўсишига бағишлашимиз керак. Аввало, футболимизда коррупцияни йўқотиб мусобақада ҳақиқий рақобатни жорий қилишимиз керак. Бунёдкорчилар билан пахтакорчилар учун бир хил кураш шароитини яратиб қўйишимиз керак. Бунга бир кунда, биргина қарор билан эриша оламиз. Хоҳиш ва ирода бор бўлса бўлгани. Аввало, футболчилар ва мураббийлар ўз ойлигини ишлаб топишсин. Ҳомийдан тиланиб эмас. Ҳозир кимдир йил бошидан бери ойлик ололмаяпти. Кимдир пулга “чўмиляпти”. Умуман ойликни ҳомийдан олишмасин. Масалан, ЎФАдан олишсин. Қатарда шундай.

Минимум миқдорда ҳамма баб-баробар ойлик олсин. Мавсум сўнгида эришган натижасига кўра ҳар бир клуб турли миқдорда қўшимча пул билан тақдирланишсин. Олтин, кумуш ва бронза учун катта совринлар белгилансин. Ҳомийлар-чи, улар клубнинг бошқа барча ҳаражатларини қоплашсин. Майли, бир клуб футболчилари тилла суви юритилган кафел устида, бошқаси бетон пол устида туриб душ қабул қилишсин. Иккинчисида, камбағалида кузда совринли ўринни эгаллаб катта пулга эга бўлиш имконияти яратилади. Кучли мураббийи қўл остида кучли ўйин кўрсатиб бунга эришади. Катта ойликни деб бой клубга кетайин демайди ҳеч ким. Ҳамма истеъдодли ёшларни, иқтидорли мураббийни излаб қолади. Ҳамма майдонга тушиб оҳирги сониягача қаттиқ жанг қиладиган бўлади. Ўзбек футболи ўсади. Равнақ учун бундан бошқа чорамиз йўқ.

Ўқилган: 1178
Мухлислар Ҳасанали ота

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича