Россиялик миллиардер Рыболовлев раҳбарлик қиладиган “Монако” жамоасига Европанинг катта инвесткомпанияси қизиқиш билдирмоқда. Bloomberg хабарига кўра, компания клубни харид қилиш имкониятларини текшириб кўрмоқда.

CVC Capital Partners компанияси “Монако”ни сотиб олиш борасида ҳозирча бир қарорга келгани йўқ. Лекин агарда имконият бўлса, жамоани сотиб олиш истаги борлигини билдирган. Рыболовлевлар оиласи вакили “Монако”ни сотиш бўйича ҳеч қанақа музокаралар олиб борилмаётганини эълон қилди.

Рыболовлев “Монако”ни 2011 йилда сотиб олганди. Миллиадер жамоага 1 млн евро инвестеция киритди ва яна 4 йил давомида 100 млн евро сарфлашга ваъда берди. Франциянинг иккинчи дивизионидаги жамоа 2012/2013 йилги мавсумда Лига 1 га қайтди ва 2013 йилда катта масштабдаги трансфер ишларини ўтказди. 150 млн еврога футболчилар харид қилинди (бир қанча футболчиларнинг трансферида агент Жорже Мендеш қатнашди). Бундай ҳолат УЕФАга ёқмади. Улар фейр-плей қоидаларини бузган жамоага (қоида бўйича харажарлар даромаддан ошиб кетмаслиги керак эди) жарима солишди ва еврокубоклардан четлатди. “Монако” энди бир қанча футболчисини сотиш ҳақида бош қотира бошлади.

Улар футболчиларни сотишни билишарди. 4-5 млн еврога харид қилинган футболчиларни 50-70 млнга сотиб юборарди (масалан, Антони Марсьялнинг “Манчестер Юнайтед”га ўтиши) ёки академиядан чиққан футболчини 180 млнга трансфер қилишарди (Килиан Мбаппенинг “ПСЖ”га ўтиши).

2014 йилда Леонарду Жардим жамоага мураббий этиб тайинлангандан кейин ишлар анча олдинга силжий бошлади. Жардим ёшларга эътибор қаратарди, ҳаттоки жамоанинг муҳим футболчилари сотиб юборилса-да, “Монако”ни Франция чемпионатининг етакчиларидан бири қилиб сақлади ва 2017 йилда Лига 1 чемпионига айлантирди.

2018 йил ёзида “Монако” яна бир бор ўз юлдузларини сотишига тўғри келди. Деярли 320 млн евро фойда қилган жамоа бир қанча футболчиларни жамоага жалб қилди. Аммо бу сафар негадир ишлар ўхшамади. Октабрь ойида Жардим истеъфога чиқди ва унинг ўрнини Тьерри Анри эгаллади. Анри “Монако” академиясидан чиққанди. Собиқ футболчи мураббийлик тажрибасига эга эмасди. Жамоа яна пастлай бошлади: 20 ўйинда атиги 5 та ғалаба.

Декабрь ойида “Монако”нинг бош директори жамоа бир қанча хатоларга йўл қўйганини тан олди: жуда кўп футболчилар сотиб юборилди, заҳира билан боғлиқ муаммолар келиб чиқди, мураббийни истеъфога чиқариш борасида шошишганини тан олди.

Давоми бу ерда