Игнатий Нестеров: Энг, энг, энг

Осиё Кубокларида 5 марта (2004,  2007,  2011,  2015,  2019) иштирок этиб,  бу борада Осиёнинг ягона футболчиси ҳисобланадиган Игнатий Нестеров “энг” сўзи билан боғлиқ хотираларни ёдга олди.

Маълумки, Нестеров Осиё Кубогида иштирок этиш бўйича қитъамиз рекордчиси ҳисобланади.  У бешта Осиё Кубогида жами 17 бор терма жамоамиз дарвозасини қўриқлаган.

Энг эсда қолган турнир

Осиё Кубоги-2019ни энг эсда қолган мусобақа дея оламан.  Бу ҳар томонлама яхши ўтди.  БАА ўзида мусобақани жуда юқори савияда ташкил этди.  Ташкилотчилик томонлама умуман муаммо кузатилмади.

Энг эсда қолган ўйин

Энг эсда қолган баҳс сифатида 2015-йил Австралияда бўлиб ўтган Осиё Кубогида Жанубий Кореяга қарши кечган учрашувни айтган бўлардим.  Чорак финалдан ўрин олган мазкур баҳс жуда қизиқ кечганди.  Биз охиригача курашганмиз,  фақат қўшимча бўлимларда ўтказиб юборилган иккита гол туфайли ютқазиб қўйгандик.

Энг эсда қолган ғалаба

Энг эсда қолган ғалаба ҳам 2015-йил бўлган.  Гуруҳ босқичида Саудия Арабистонини 3:1 ҳисобида мағлуб этгандик.  Буни Осиё Кубоклари тарихида энг яхши ўйинларимиздан бири деб биламан.

Энг аламли мағлубият

Энг аламли мағлубият ўтган йил рўй берди.  Австралия билан 120 дақиқа яхши ўйнаб якунда пеналтилар сериясида ютқазиб қўйдик.  Олдинги тўқнашувларда Австралияга қарши бу қадар ишонч билан ўйнамагандик.  Биринчи марта бу жамоани мағлуб этишга жуда яқин келгандик.  Афсуски,  пеналтиларда омадимиз келмади.

Манба: "Локомотив" телеграм канали

Ўқилган: 1037
Игнатий Нестеров Локомотив

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича