"Машъал" клуби ҳақида айрим статистик маълумотлар

1997 йил биринчи лигага тушириб юборилган муборакликлар устозлигига шу вилоят футболида ном қозонган, кўплаб истеъдодли шогирдлар етиштирган, «Машъал»да икки йилдан буён иккинчи мураббий сифатида фаолият юритиб келаётган Абдураҳмон Юмангулов тайинланди. Аввалги йилдаги таркибдан камчилик қолди, аксарият ўйинчилар яна маҳаллий йигитлар эвазига таклиф этилди. Уларнинг кўпчилиги Юмангуловнинг шогирдлари эди: Равшан Шарофуддинов, Комилжон Ягмиров, Толиб Шаймардонов, Бахтиёр Мамадиев, Дадажон Тоғаев ва бошқалар.

Муборакнинг “Машъал” жамоаси биринчи лигада Абдурахмон Юмангулов бошчилигида  уч йил давомида жамоа қуйидаги натижаларни қўлга қиритди.

Жамоа бир пайтлар, тўғрироғи, тўрт йил аввал вилоят мутасаддилари қистови билан олий лигадан биринчи лигага айланиб қолганди. Шундан буён муборакликлар фақат юқори ўринлар учун курашишди. Уч йил кучли олтиликдан пастга тушмаган жамоа 2000 йили ниҳоят қуйи лигада фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, ҳақли равишда олий лига йўлланмасини қўлга киритди. Биргина пойтахтнинг «Академия» клубини ўзидан юқори поғонага ўтказиб юборди холос. Аммо ЎФФнинг антиқа қарори муборакликларни олий лигага чиқишдек умидларини пучга чиқарди. Гап шундаки, 2000 йили олий лигада 20та жамоа иштирок этган бўлса, 2001 йилдан унинг сафи иккитага қисқартирилиши режалаштирилди. Шундай қилиб, биринчи лигага тўғридан-тўғри йўл олиши лозим бўлган, аксинча юқори лигадан қуйига тушиши керак бўлган «Машъал» ва «Сўғдиёна» клублари ўртасида ўтиш учрашуви ташкиллаштирилди. Афсуски, совуқ кунларда ўтказилган ўйинда жиззахликларга омад кулиб боқди ва «Сўғдиёна» олий лигадаги жойини сақлаб қолди. «Машъал» эса яна биринчи лигага равона бўлди.

Шунда ҳам муборакликларнинг кайфияти тушиб кетмади, ишга янада жиддий киришилди. Янги мавсумга тайёргарлик кўришда 1-лига жамоалари ичида энг кўп ўртоқлик учрашувлари уюштирилди. Бу эса охир-оқибат ўзининг ижобий натижасини кўрсатди – муборакликлар 29-турда ўз майдонларида «Шўрчи» жамоасини қабул қилиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди ва муддатидан олдин иккинчи бор олий лига йўлланмасини қўлга киритишди.

2001 йил Машъал жамоаси 32 ўйинда 24та ғалаба, 4 мағлубият, 4 дуранг билан 76 очко йиғиб турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаган.

Абдувосит Азизов 21 та, Евгений Ермаков 20 тадан гол киритишиб 2001 йил биринчи лига бомбардирларига айланишган.

2002 йил  Баҳорги тайёргарлик даврида муборакликлар дастлабки муваффақиятга эришишларига бир баҳя қолди. Пойтахтда ташкил этилган ЎФФ Кубогининг саралаш учрашувларини юқори кайфиятда ўтказиб чорак финалда «Локомотив» (5:2), ярим финалда «Сўғдиёна» (2:1) жамоаларини ҳам енгиб, финалгача етиб келган «Машъал» ҳал қилувчи учрашувда пойтахт вилоятининг «Дўстлик» жамоасига рўбарў келди. Бу пайтда муборакликлар таркиби ўтган мавсумга қараганда 70-80 фоизга ўзгариб кетган, асосий футболчиларни ўтган йилги «Академия»нинг етакчи ўйинчилари ташкил этарди. Финал учрашуви ҳам махсус белгиланганидек «Дўстлик» стадионида бўлиб ўтди. Рашид Айтеков бошқарган учрашувнинг асосий вақтида кучлар тенг келди – 1:1 (муборакликлардан тўпни Владислав Сидоров киритди), қўшиб берилган вақтнинг 109-дақиқасида рақиблар ҳужумчиси Равшан Бозоров ўзининг иккинчи, жамоасининг эса ғалаба келтирган тўпини киритиб, Германиядан олиб келинган улкан Кубокни «Дўстлик»ка ҳадя этди.

Миллий чемпионат Бахтиёр Бобоев устозлигида ўтиб, 8-ўрин билан кифояланди. Ваҳоланки, муборакликлар биринчи давра якуни бўйича аутсайдерлар қаторида «жон сақлаётган» эдилар. Жамоанинг уч нафар аъзоси – Илҳом Суюнов, Константин Боев ва Рустам Қодиров мамлакат ёшлар терма жамоаси таркибида Испанияда ўтган халқаро турнирда иштирок этиши муборакликларнинг фахрига айланди.

Манба: "Машъал" телеграм канали

Ўқилган: 1968
Машъал Статистика

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича