Элмира Ғуломова: Футболчиларимиз жиддий назоратда

Амалдаги Ўзбекистон Кубоги ва Суперкубоги соҳиби «Бунёдкор-W» бу йил ҳам ўз олдига юқори мақсадларни қўйган. Элмира Ғуломова шогирдлари ҳам карантин вақтида янги мавсумга тайёргарликни ўз уйларида давом эттирмоқда. Биз бош мураббийнинг фикрлари билан қизиқдик.

- Барча футболчиларга уй шароитида шуғулланишлари учун махсус машқларни вазифа қилиб берганмиз. Яна ҳам аниқроғи, машқлар индивидуал тарзда юклатилган. Ўйинчилар жиддий назоратда бўлиб туришибди. Қизлар ҳар куни ўтказган машғулотларини видеолавҳасини менга жўнатмоқда. Машғулотларни кўриб, муносабатимни билдиряпман. Ҳовлида истиқомат қиладиган шогирдларим ўзларига юклатилган вазифани ҳовлида, кўп қаватли хонадонларда яшайдиганлар имкон қадар ташқарига чиқиб, умумий ҳовлида бажаришмоқда. Имконияти йўқлар эса, хонадоннинг ўзида шуғулланишмоқда. Асосийси, ҳеч ким назоратдан четда қолаётгани йўқ. Барча бирдек шуғулланиб, формани ушлаб туришини қатъий назоратга олганмиз.

Карантин қачон тугашини билмаймиз. Табиийки, карантин қанча узоқ давом этса, янги мавсумнинг тақвими янада зичлашади. Гарчи ўйинлар оралиғи тиғизлашсада, мусобақа формати аввалгидек қолиши тарафдоримиз. Ҳеч нарсани ўзгартирмасдан, иштирокчиларни уй-сафар тизимида ўйнаш форматини қолдириш керак. Майли, турлар орасидаги кунлар қисқа бўлсин, лекин формат ўз жойида қолсин! Ҳозир барча бир ойдан буён уйда ўтиргани учун ўзида босимни ҳис қилмоқда. Шу босимни айнан кетма-кет ўтказиладиган ўйинлар орқали чиқариб ташланади. Турлар орасидаги кунлар 4-5 кун бўлишининг зиёни йўқ. Чемпионатни ноябрь ойида ҳам тугатсак бўлади.

Манба: "Бунёдкор" телеграм канали

Ўқилган: 258
Аёллар футболи

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича