Футбол клубларини хусусийлаштириш ҳақида кўп гапирамиз. Бунда икки йўлдан бирини танлаб олиш мумкин: революция ёки эволюция. Биринчи йўлда табиийки, давлат футбол клубларини молиялаштиришни 2021 йилдаёқ тўхтатиши шарт.
Ўзбекистон ҳукумати бунда иккинчи йўлни афзал билди, яъни, step by step. 2020 йил бу йўлдаги дастлабки қадамлар ташлангани билан ёдда қолади. Эндиликда биз Давлат активларини бошқариш агентлиги билан ҳамкорликда ишлаймиз. Бу ҳамкорлик ПФ-5887 билан бевосита боғлиқ. Бундан буёғига футбол клубларининг фаолияти тўла назоратда бўлади. Улар ЎФА ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги олдида ҳисобдор бўлади.
Сир эмаски, ОФК футбол клубларини йилда икки бор аудит текширувидан ўтказишни талаб қилади. Яъни, хусусий футбол клублари ҳам ўзлари иштирок этадиган лигага молиявий мажбуриятлар юзасидан ҳисоб беради. Бизда эса узоқ йиллар давомида футбол клублари давлат томонидан молиялаштирилганига қарамай, ҳеч кимга ҳисоб бермаганди. Парокандаликнинг асл сабаби ҳам мана шунда бўлган. Буёғига вазият тўла ўзгаради. Ҳаммаси тўғри йўлдан кетса, футбол клублари давлат пулини ўзлаштириш объекти бўлмайди, улар босқичма-босқич акционерлик жамиятларига айлантирилади ёки ўзининг ҳақиқий эгаларини топади.
Қисқа қилиб айтганда, 10 йил ичида давлатнинг футбол клубларини молиялаштириши тўла якунига етади. Мана шу муддат ичида биз том маънодаги профессионал футбол клублари сонини кўпайтиришимиз ва уларни ўз эгаларига топшириб, қутилишимиз керак.
Манба: Diyor Imamkhodjaev телеграм канали
Диёр Имомхўжаевнинг клубларини хусусийлаштириш ҳақидаги мулоҳазаси
Ўқилган: 2096