"Металлург" тайёргарликни давом эттирмоқда. Машғулотларда янгилар бор

Янги мавсумга Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида тайёргарлик кўраётган Бекободнинг “Металлург” жамоаси бугун машғулотларнинг иккинчи ҳафтасини якунлади. Режага биноан бир ҳафталик цикл назорат учрашуви билан интиҳо топиши лозим эди. Бироқ ҳафта оралиғида ёққан қор режаларга ўзгартириш киритиб юборди. Спарринг рақиб – “Турон” келгуси ҳафта Тошкентга тушиши боис, назорат учрашуви ҳам бошқа муддатга қолдирилди.

Бекободликлар бу ҳафта машғулотларини таркиб иккига бўлинган ҳолдаги назорат учрашуви билан якунлашди. Жамоанинг ўтган йилги ўзаги, бу йилдан келиб қўшилган янги ўйинчилар, ёшлар таркиби аъзоларидан ташкил топган “қизиллар” ва “яшиллар” учрашуви ўтказилди. Баҳснинг ҳар иккала таймида тажрибали Станислав Андреев “қизиллар” дарвозасига биттадан гол киритди. Голларининг иккинчисини у 11 метрлик жарима зарбасидан амалга оширди. “Қизиллар” эса бунга Аброр Тошқўзиевнинг битта аниқ зарбаси билан жавоб қайтаришди.

Кеча хабар берганимиздек, “Металлург” ярим ҳимоячи Ихтиёр Тошпўлатов билан шартнома имзолади. Шунингдек, “Металлург” машғулотларида Суперлига клубларида тўп сурган бир қатор тажрибали ўйинчилар, хорижлик легионер, иқтидорли ёшлар қатнашишяпти. Кўрикда бўлиб турган ўнга яқин номзодлардан кимлар жамоада олиб қолиниши назорат учрашувларидан кейин маълум бўлади.

Ўқилган: 1598
Металлург Ўзбекистон. Суперлига

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича