"Навбаҳор": Мавсум – 2019 якунлари. Ким қанча ўйнади?

Сиз азиз мухлисларни севимли жамоамизнинг якунланган мавсумдаги статистик маълумотлари билан таништиришда давом этамиз.

Бу сафар сизларни 2019 йилги мавсумда “Навбаҳор” футболчиларининг майдонда қанча дақиқа ҳаракат қилишгани борасидаги статистика билан таништиришга қарор қилдик.  

2019 йилги мавсумда Coca Cola Суперлига баҳсларида “лочинлар” таркибида 29 нафар футболчи майдонга тушди.

Энг кўп майдонга тушган ўйинчи бу жамоамиз етакчиларидан бири, тажрибали ҳимоячи Мирзоҳид Ғофуров. У якунланган мавсумда наманганликлар таркибида 25та ўйинда майдонга тушиб, 2214 дақиқа давомида ҳаракат қилди.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, Ғофуров ҳисобидаги сариқ карточкалари 4 тага етганлиги боис, битта учрашувни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Акс ҳолда, Мирзоҳиднинг “Навбаҳор”нинг барча ўйинларида майдонга тушиши ҳам эҳтимолдан холи эмасди.

Маҳоратли дарвозабон Ўткир Юсупов эса 24та баҳсда, 2160 дақиқа давомида  “Навбаҳор” дарвозасини қўриқлаб, бу борада иккинчи бўлди.

Аммо шуни таъкидлаш жоизки, Юсупов ушбу кўрсаткич билан ҳам 2019 йилги мавсумда Суперлига посбонлари орасида энг кўп майдонга тушган дарвозабон бўлди.

Россиялик маҳоратли, майдондаги жонкуярлиги билан ажралиб турган ярим ҳимоячи Иван Соловьёв эса 24та ўйинда майдонда 2002 дақиқа ҳаракатланди.

Қайд этиш жоизки, Соловьёв ҳам дисквалификация сабабли, 2та баҳсда майдонга туша олмади.

Шунингдек, якунланган мавсумда “иккинчи ёшлиги”ни бошидан кечирган тажрибали ҳимоячи Обид Жўрабоев, бундан ташқари, россиялик тажрибали ҳужумчи ва якунланган мавсумда жамоамиз тўпурари бўлган Александр Касьян ҳам 24 тадан ўйинда майдонга тушишди. Фақатгина ушбу ўйинчилар Юсупов ҳамда Соловьёвга қараганда, майдонда бироз камроқ ҳаракат қилишди.

Энг кам майдонга тушган футболчи бу - 23 ёшли ҳужумчи Илҳом Алибоев бўлди. Алибоев 1та ўйинда майдонга тушиб, 15 дақиқа ҳаракатланди.

Якунланган мавсумда Наманган футболи тарбияланувчилари бўлган 3 нафар футболчи – Аббос Ғуломов, Комил Тожиддинов ва Абдулҳай Исмоилов Суперлигада ўз дебютларини нишонлашди.

Ўқилган: 2255
Навбаҳор Статистика

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича