Эден Азар: Зиданнинг қўнғироғи мени гипноз ҳолатига туширган ("ИнтерФутбол" блоги)

У эндиликда «Реал»нинг «еттинчи»си - яқиндагина Криштиану Роналдунинг рақамини олди ва курашга тайёр. Эден Азар яқинда хорижлик ҳамкасбларимизга интервью бериб, орзусидаги жамоада ўзини қандай ҳис қилаётгани хусусида гапирди.

- «Реал»да ўйнаш азалий орзуингизмиди?

- Худди шундай. Болалар боғчасида юрганимдаёқ шу клубга мухлислик қилганман. Унинг таркибида кумирим - Зидан тўп сурарди. Телевизор орқали кўрганимда, жамоа стадиони сеҳрлидек туюларди. Оқ либослари эса мен учун энг яхшиси эди. Таътил пайти оиламиз билан машинада тез-тез Испанияга саёҳат уюштирардик. Аммо тақдир тақозоси билан ҳеч қачон Мадридгача бормаганмиз - масофа жуда узоқ. Лекин ҳамма фақат «Реал» ҳақида гапирарди.

- Орзуингиздаги клуб таркибига бироз кечроқ қўшилмадингизми?

- Йўқ. Қаерда ўйнашимдан қатъий назар, фаолиятим ажойиб тарзда ўтди. Шундай экан, бу ерга келганим мантиқан тўғри. Бироқ бу аввалроқ содир бўлиши ҳам мумкин эди.

- Нега шундай бўлмади?

- «Лилл»да ўйнаётганимдаёқ шунақа имконият туғилганди. Аммо мен ўзимни дастлаб Англияда синаб кўришга қарор қилдим. У ерда ўзингизни кўрсатишингиз осонроқ. 21 ёшда Испанияда ўйнаб кетиш қийин. Айниқса, хорижликлар учун.

- Лекин «Реал»га икки йил аввал ўтишингиз ҳам мумкин эди-ку?

- Ҳар йили менинг «Реал»га ўтишим ҳақида гап-сўзлар урчиди. Бу «Челси»даги учинчи мавсумимдан кейин бошланди. Ваҳоланки, музокаралар олиб бормагандим, алоқага чиқишмаганди. Дастлабки суҳбатимиз икки ёки уч йил аввал, термада жароҳат олган давримда ўтказилганди. «Реал»га ЖЧ-2018дан кейиноқ ўтишни хоҳлагандим, бироқ «Челси» раҳбарияти бунга қарши бўлди. Яна бир йил Лондонда қолишга тўғри келди.

- Балки, Зидан қатъийроқ талаб қўйиши керак бўлгандир, ўшанда?

- Билмадим. Фақат ўзимга жавоб бераман. Уларнинг қизиқишини кўрдим, аммо «Челси»ни дўстона руҳда тарк этишни истадим. Аввалги клубларимда ҳам худди шундай бўлган. Хусусан, «Лилл»да ҳам. Зеро Франция жамоасидаги сўнгги мавсумимни ҳам мажбурликдан ўтказгандим - менга шундай қилиш шартлигини тушунтиришган. «Челси» билан ҳам худди шундай ҳолат такрорланди. 2018 йилнинг ёзида «Челси» раиси (бош менежер) Марина (Грановская) қўнғироқ қилди ва «Кетма, ахир Сарридек мураббий қўл остида ўйнайсан!» деди.

- Мана, ниҳоят, «Реал» футболчисига айландингиз. Таассуротлар қандай?

- Ҳамма ерда қўриқчилар. Шунчаки ҳеч қаерга қўйиб юборишмайди. Ҳашаматли машғулот маркази бор. Биринчи бор машинада у ерга борганимда, нотўғри йўлдан кириб, керакли бинони топгунча бир неча дақиқа айланиб юргандим. Футбол майдонлари ҳам жуда кўп, нечталигини аниқ билмайман (аслида 13та). Ўйинчилар учун меҳмонхона бор. Буларнинг барини кўриб, клубнинг буюклигига яна бир марта амин бўлдим. «Реал»да фақат энг яхшилар тўп суришган, тарихни яратишган. Ҳозир ҳам йигитлар ҳамма ўйинларда фақат ғалабани кўзлашмоқда. Мухлислар билан учрашганда, қулоғимизга кўпинча бир хил сўзлар эшитилади: «Сизлар Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқишингиз керак!». Анъаналар шуни тақозо этади.

- Зидандан намуна олганмисиз? Агар шундай бўлса, қайси жиҳатлар бўйича?

- У мутлақо ўзгача услубда ўйнарди. Техник салоҳияти энг юқори. Албатта, бу борада мен ҳам нималарнидир эплайман. Аммо ундаги мен ёқтирган жиҳат: ҳар доим футболдан завқ оларди, бошқаларга куч бағишларди. Менинг ҳам футболга муносабатим шундай. Зиданга қараб туриб, шуни англаганман: унда ҳаммани кетма-кет мағлубиятга учратиш мақсади йўқ эди, ҳеч қачон масъулиятни тўлиқ ўзига олмасди. Тўлақонли жамоавий ўйинчи бўлган. Ўйлашимча, жамоадошларимга ҳам мен билан бирга тўп суриш ёқади. Бош­қалардан ажралиб туришга интилмайман. Гарчи баъзан шундай ҳолатлар учраб турса ҳам. Майли, бу ҳам яхши. Асосийси, буни мақсад қилмайман.

- Қачондир Зидандан андоза олишга интилганмисиз?

- Унга ўхшаб бўлмайди! Тўпни олиб юриши, узатмалари ажойиб эди! Кўзимни ундан узмасдим. Ваҳоланки, ўшанда жамоада Тьерри Анри ҳам бор эди. Укаларим билан YouTube орқали видеони кўриб, сўнг­ра боғчага борардик-да, Зиданнинг ҳаракатларини такрорлашга интилардик. Тасаввуримда унга ўхшардим.

- Энди бу инсон - сизнинг мураббийингиз...

- У билан дастлабки суҳбатимиз Францияда ўтган Европа чемпионатида (2016 йил) бўлган. Зидан қўн­ғироқ қилган: «Бизнинг жамоага ўтишни хоҳлайсанми?» Шундай одам қўнғироқ қилганда, ўзингни бошқача ҳис қиларкансан!

- Айнан қандай ҳиссиётларни бошдан кечиргансиз?

- Таърифлаш қийин. Гўёки, гипноз ҳолатига тушиб қолгандек эдим. Аммо ақлдан озмадим, ахир Еврода ўйин ўтказишим керак эди. У шунчаки, мени кузатаётганини айтиб, омад тилади, ўз футболимни кўрсатишим кераклигини уқтирди. «Мадридга борсанг, кўришамиз», деди. Бу сўзларни умрбод эслаб қоламан.

- Инсонийлик томонидан у қандай мураббий?

- Кам гапиради. Жуда содда. Ўйин­дан олдин бир-иккита сўз билан руҳлантиришга уринади. Дастлабки икки-уч ой мен учун омадсиз кечди. Аммо Зидан буни кўнглимга яқин олмаслигим кераклиги, ҳаммаси жойида бўлишини таъкидлади. «Ўйиндан роҳатлан!» - бу иборани бир неча марта такрорлади. У ўзгача шахс. Фақат иш юзасидан гапиради. Шогирдларини яхши кўради, улар эса Зиданни яхши кўришади. Ҳаттоки, захирадагилар ҳам. Бу жуда муҳим. Унинг футболчиларни тушунишини англаш қийинмас, чунки бир вақтлари ўзи ҳам уларнинг ўрнида бўлган.

- Машғулотлар жараёнида ўзингиз учун бирор янгиликни кўрдингизми?


Давоми бор. Ушбу СУҲБАТни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин

Ўқилган: 3007
Блоглар Эден Азар

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича