Муаммолар мавсуми маррада ("ИнтерФутбол" блоги)

Аввало, сарлавҳадаги совуқлик учун узр. Совуқ суякларини зирқиратган мухлисларга оловли сўзлар ёқиши табиий. Биз ҳам қайноқ-қайноқ сўзлар ёзиб, улар қалбини ёз ҳароратига тўлдиришни истаймиз. Лекин ўша қайноқлик ва олов учун манба қани? Суперлига ва миллий терма жамоамиз ўйинларида мухлисларни қониқтирадиган «газ» сезилмади-ку?!

Мавсум аввалида ОЧЛ гуруҳ босқичи йўлланмаси учун курашаётган «Пахтакор» ва АГМКга «Газни бос», деган эдик ғалабалардан умидвор бўлиб. Ҳар икки клуб ҳам ўзича «газ» босди. Ҳа, ўзича, имкони доирасида. Бундан ортиғига кучи етмади жамоаларимизнинг. «Локомотив» эса гуруҳ босқичида ланжлик қилди. Натижада ОЧЛнинг 2021 йилги мавсуми учун муаммо туғилди. Ҳарчанд ютуқлар ва тараққиёт хусусида бонг уриб, мақтанишга интилмайлик, минусга тортувчи фактлар ўжарлик билан футболимиз бошини ерга қаратмоқда. ОЧЛда 2020 йил «1+2», кейингисида «1+1» асосида ўрин олишимизни яна қандай баҳолаш мумкин? Шу ҳолат ортга чекиниш ҳисобланмайдими?! Йўқ, фикримизча, бу ҳолат - ортда қолиш! Маълум мақсадларни кўзлаб ортга чекиниш - бутунлай бошқа масала. Лоқайдлик ва манфаатпарастлик исканжасида орт­да қолиш эса ғоят аламли ва изтироблидир.

«Пахтакор», «Локомотив» ва АГМК Суперлигадаги бошқа жамоалар таркибидан энг яхши футболчиларни ўзига чорлади. Шу йўл билан ОЧЛда муваффақиятли қатнашишни режалаштирди. Афсуски, ҳаммаси хомхаёл бўлиб чиқди. АГМК ҳаттоки, маълум муддат элитада қолиш учун курашди. ОЧЛда нисбатан яхши таассурот қолдирган, аммо иши юришмаган «Пахтакор» эса Суперлигада яйраб-яшнади. Ўзига хос формат туфайли 2018 йили сунъий равишда бир қадар сақланган кучлар мувозанати бу мавсум буткул бузилиб кетди. «Пахтакор» ва «Локомотив» 20 очколик фарқ билан кетма-кет жойлашганининг ўзиёқ шу фикрга ёрқин исботдир. Натижада жамоалар қийналди, улар воситасида футболимиз ютқазди. Тўғри, «Пахтакор» даст­лаб «Насаф» ва «Бунёдкор»нинг жиддий қаршилигига учради. Аммо ҳакамлик масаласидаги муаммолар оқибатида куртак ёзаётган умидбахш «интрига» аста-секин чекинди. «Пахтакор»нинг мавсумни мағлубиятсиз ўтказиш борасидаги мақсади таҳсинга лойиқ. Бироқ барчаси мантиқ ва қонун-қоидалар доирасида кечгани маъқул. «Барселона», «Манчестер Сити», «Бавария» каби донгдор гранд­лар таркиб бобида ўз чемпионатларидаги бошқа клублардан қанчалик кучли эканлигини мухлислар яхши билишади. Қарангки, шу клублар ҳозирнинг ўзида бир неча бор мағлубият аламини тортди. «Пахтакор» эса таркиб жиҳатидан бошқа жамоаларимиздан бу даражада устун ҳисобланмайди. Устунлик катта эмас, лекин очколар миқдоридаги фарқ фантастик даражада кўп. Демак, Суперлигада ҳамон «туман» мавжуд. Бу «туман» тарқамагунча мухлисларнинг кўнгли ёришмайди, футболимиз ривожланмайди. Қачонгача? Саволга жавоб борми?

«Ливерпуль» - «Брайтон» учрашувида Алиссонга қизил карточка кўрсатилган заҳоти зукко мухлислар дарҳол бизга қўнғироқ қилиб, 24-тур дои­расида Қаршида ўтган учрашувни эслатишди. Нима ҳам дердик, Санжар Қувватов Алиссон, Суперлига эса АПЛ эмас! Жасур Мухторов 25-турда «Пахтакор» дарвозасига яққол пенальтини белгиламаганида, аксарият мухлислар «Тамом! Футболимизда адолат тугади!» деган хаёлга боришди. Тақдир эса ўзгача ўйлади. Ахир ноумид - шайтон. Охир-оқибат, «Бунёдкор» ғалаба қозонди ва ҳакам ҳам енгил нафас олди. Афсуски, бутун ҳакамлик мактаби ва позицияси хусусида бу каби хулоса айтиш мушкул. Суперлиганинг сўнгги турларида ҳакамлар томонидан йўл қўйилган хатолар «Рефери тайм» кўрсатувида мутахассис томонидан тан олиниши бу масалада вазият қанчалар мураккаблигини тасдиқлайди. Юксак савия виждон ва инсоф либосини киймас экан, ҳакамлар видеотакрорларга ҳам чап беришаверади. «Менинг даврим ва умрим ўтса бўлди»  қабилидаги худбинона қарашлар шу тахлит футболимиз оёғига депсиниш занжирларини ўрайверади. Мухлис эса «Насаф» - «Динамо» ва «Бухоро» - АГМК учрашувлари натижаларидан шубҳаланаверади. Ёдимизга «Ёлғончи чўпон» мақоласи тушган бўлсада, биз ҳам бу тўғрида батафсил тўхталмаймиз. Шундоқ ҳам ҳаммаси аён-ку!

Равшан Эрматов шарҳловчи Бобур Акмалов билан суҳбатда футбол манфаатлари барча нарсадан устун туриши лозимлиги ҳақида сўзлади. Бундан қувондик, албатта. Лекин эндиликда собиқ ҳакам муаммоларни очиқ-ойдин айтишдан ўзини тийгани - кишини ўйга толдирадиган ҳол. Балки танқидлар парда ортида қолиб кетаётгани ҳакамлар, мураббийлар ва футболчиларни хотиржам қилиб қўйгандир. Эҳтимол, Равшан Эрматовдаги истиҳолани футболимизни орт­га тортаётганлар ўзларича қўрқоқлик, деб тушунишар. Балки... Яна қанча «балки» бор футболимиз тақдири муҳокамасида? Бунга ҳам жавоб йўқ! Қачондир қайсидир мутасадди бу каби саволларга очиқ-ойдин жавоб қайтарадими, матбуот анжумани ўтказиб, мулоқотни эфирга узатадими? Равшан Эрматов айтмоқчи, атайин хато-камчиликка йўл қўймаслик - мутасаддиларни оқламайди. Чунки футболимиздаги муаммолар сериалга айланиб бормоқда, вазият тобора оғирлашмоқда. Ана, мавсум оралиғида «Навбаҳор» ва «Локомотив»да бош мураббий кўр-кўрона алмаштирилди. Футбол жамоатчилигининг бу борадаги фикрига қулоқ солинмади, эътибор қаратилмади. Қўпол қилиб айтганда, «Сенинг гапинг бир тийин!» қабилида иш тутилди. Оқибати нима бўлди бу ишнинг?! Самвел Бабаян зардасини аранг босиб, айбсиз услубни шапатилаб, Хитойга жўнади. Мавсум аввалида Азизбек Турғунбоевдан, давралар оралиғида Остон Ўруновдан айрилган, ишидан совутилган Андрей Канчельскис бугун мухлислар қаршисида хижолат. Унинг ишига халақит берганлар эса бепарво юришибди.


Давоми бор. Ушбу интервьюни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин

Ўқилган: 1939
Блоглар Таҳлилий мақолалар

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича