Ўйлаш ва хаёлан рақибни мағлуб этиш ҳолати ("ИнтерФутбол" блоги)

Сиртдан сокин оқаётган дарё тубида тўлқинлар тўқнашуви бораётганини ҳар доим ҳам билиб бўлмайди. Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувидан сўнг матбуот анжуманида иштирок этган Вадим Абрамовда кузатилган хотиржамлик ҳам кишида шундай таассурот уйғотди. У ўзини шу қадар сипо тутдики, буни кўрган аксарият мухлислар «Демак, 14 ноябрь куни ҳам ишимиз «беш»!» - деб юборишгани аниқ. Биз ҳам шундай бўлишига тилакдошмиз, албатта. Айни чоғда хотиржам «дарё»нинг ичида нелар кечаётгани хусусида мулоҳаза юритишга интиламиз...

Хўш, ўзини сиртдан хотиржам тутадиган ва ўзидаги бу ҳолатни бошқаларга ҳам юқтириш ҳадисини олган Вадим Абрамов онгу шуурида безовталик борми аслида? Аввало, ундаги хотиржамлик қувонарли ҳол эканлигини таъкидлаш жоиз. Бутун бир давлат номидан майдонга тушадиган, халқ ғалабасига кўз тикадиган терма жамоа бош мураббийи учун муносиб жиҳат бу! Аммо у ҳам эл қатори бўлажак муҳим учрашув олдидан ҳаяжонланади, ташвишланади, недир «сюр­приз»­ларни ўйлаб, бош қотиради. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Назаримизда, 9 ноябрь кунги ўртоқлик учрашувидан сўнг Вадим Карленович яна бир бор Сингапур сафарини эслади. Ҳар икки учрашувда ҳам вакилларимиз ғалаба қозонишди ва мухлисларни шодлантиришди. Лекин бош мураббийнинг бу ғалабалардан ортиқ даражада қувонганига ишониш қийин.

Чунки у энди бор масъулият ўз зиммасида эканлиги ва ҳолва деган билан оғиз чучимаслигини жуда яхши билади. Бошқача айтганда, Абрамов ўз  раҳбарлигида ўтказилган 3та ўйинда ҳам терма жамоамиз ғалаба қозонишига олдиндан ишонарди. Тўғри, Вадим Карленович Саудия Арабистони дружинасига қарши ўйинда ҳам футболчиларимизни ишонч билан ғалаба сари ундайди. Аммо бу сафарги ва аввалги ишонч ўртасида анчайин катта фарқ борлиги кўпчиликка аён. Негаки, эндиги рақиб Яман, Сингапур ёки Қирғизистон термаси эмас, балки Саудия футболининг аламзада авангарди. Хуллас, кучли рақиб ҳақида ўйламасликнинг иложи йўқ.

«Ал-Ҳилол» клубининг ОЧЛ финали дастлабки учрашувида иштирок этганининг Тошкентдаги ўйинга таъсири нолга тенг. Бу баҳсда дуранг тўғрисида ўйлаш мантиққа зид. 1 очко саудияликларни мутлақо қониқтирмайди. Олдинда жавоб учрашуви борлигини назарда тутсак, дуранг терма жамоамизнинг режаларига мос тушмайди. Демак, икки кучли рақиб ўртасидаги кураш тажовузкор ва шиддатли, асабий ва аёвсиз руҳда кечади. Футболчиларимиз Яман термасига қарши завқ билан тўп суришди, майдонда нени исташса, шуни амалга оширишди. Сингапур ва Қирғизистон терма жамоалари эса Вадим Абрамов шогирдларини анчагина қийнади, чарчатди. Натижада ўйиндаги завққа хавотир-ҳадис аралашди. Бўлажак ўйин арафасида терма жамоамиз руҳиятида шундай ҳолат ҳукмрон. Асосий вазифа - шу кайфиятни, ҳадик-хавотирни улоқтириб ташлаш.

«Тамбов» билан ўйинда «Ростов» ҳам, Элдор Шомуродов ҳам нечоғли қийналганини кўрдик. Ҳужумчининг иқтидори голни кафолатламайди. Валерий Карпин терма жамоамизнинг янги голеадорига ҳужумни якунловчи асосий «фигура» сифатида қаролмаяпти, чоғи ва бу ўз навбатида, футболчига салбий таъсир ўтказяпти. Байрамяннинг қўллаб-қувватловчи дўстона сўзларидан қатъий назар, Элдор «Ростов»да ёлғизланиб қоляпти, барибир. Бунда ўйин жараёни ва ҳужум вақтини назарда тутяпмиз, албатта. Қарангки, 9 ноябрь кунги учрашувда Игорь Сергеев ҳам шу аҳволга тушди. Унинг голи бутун ўйин жараёни хусусида хулоса беролмайди. Агар Сергеев 14 ноябрь куни ҳам шу аҳволга тушса, норози ҳуштакбозлик ёмғири остида қолиши муқаррар. Савол туғилади, Элдор Шомуродов ёки бош­қа бир ҳужумчини ким аниқ узатмалар асосида басма-бас тўп билан таъминлайди? Элдор ким билан чинакам тандем ҳосил қилиши мумкин? Умуман олганда, у бу жараёнга улгурадими?

Вадим Абрамов 9 ноябрь кунги учрашувда Ҳумоюн Муртазоевга имкон бермай, Игорь Сергеевни 90 дақиқа давомида кузатганининг бош сабаби юқоридаги хавотирли саволлар билан боғлиқ эмасми? Ҳа, Вадим Карленович ўйлаяпти ва ҳозирданоқ рақиб билан ўйинга киришди. Умид қиламизки, у ютқазмаяпти. Бундан 9 йил муқаддам Осиё кубоги-2011га тайёрланиш чоғи у илк бор Саудия Арабистони термасига қарши тажовузкор тактикани қўллаб, араб футболини довдиратганди. Ўша таркибдан ҳозир Одил Аҳмедов ва Ислом Тўхтахўжаевгина ҳамон таркибда. Мураббий янги футболчилар билан ҳам ўша шонли, шукуҳли дамларни такрорлашга қодирми? Қодир, албатта. У ўзига ишонса, бас. Биз Вадим Карленовичга ишонмоқдамиз. Аҳ, Одил Аҳмедов ўртоқлик учрашувининг муросасиз лаҳзаларида Достон Ҳамдамовга қандайин моҳирона тўп узатди. Қойил! Жамшид Искандеров зарбасини айтмайсизми?! Терма жамоамизда шундай плеймейкерлар, голеадорлар бор. Фақат улар ягона мушт янглиғ бирлашишса, марра бизники, футболимизники!

Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин 

Ўқилган: 1670
Блоглар Таҳлилий мақолалар

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича