Бугун жиддий синов! Ўзбекистон ўзида Саудия Арабистонни қандай таслим этади?

Бугун, 14 ноябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси “Пахтакор” стадионида Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида Саудия Арабистонга қарши ўйнайди.

Ўйин олдидан бизнинг терма жамоамизни маъсулиятли “миссия” кутиб турибди десак ҳам муболаға бўлмайди. Вакилларимиз миллионлаб мухлислар кўз олдида ўйнайди ва албатта бизни ғалаба билан хушнуд этиб, мундиал сари етаклайди деган умиддамиз.

2015 ЙИЛ 18 ЯНВАРЬ

Ўзбекистон охирги марта Саудия Арабистони билан Осиё кубоги доирасида 2015 йил 18 январь куни тўқнаш келган ўшанда арабистонликлар 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратилган.

4 йил аввал терма жамоамиз рулида Миржалол Қосимов эди. Қосимов арабларга қарши 4-2-3-1 тактикасини қўллаган бўлиб, яъни ўзбек футболининг афсонаси “заҳарни заҳар билан кесган”. Арабистон эса 4-4-2 тизимида майдонга тушган ва натижада мағлуб этилган.  

Ўшанда таркибимиз ҳозиргига қараганда анча кучли эди: Нестеров, Денисов, Исмоилов, Муллахонов, Жепаров, Кападзе, Тўраев, Насимов ва айни дамда юқори формада, лекин Абрамов эътиборидан четда қолаётган Сардор Рашидов каби футболчилар бўлган.

Айнан ўша ўйинда Рашидов ўз ҳисобига дублни расмийлаштириб, терма жамоа ғалабасига улкан ҳиссасини қўшган эди.

Энди эса Ўзбекистон таркиби анча ўзгарган, Абрамовнинг янги таркиби энди-энди шаклланмоқда. Айни вақтда Эктор Купер бошлаган ишни Вадим Абрамов давом эттиряпти.

Купер даврида терма жамоамиз бешта ҳимоячи билан ўйнади ва кўпроқ эътиборини ҳимояга қаратди. Вадим Абрамов эса ўша мўжизавий даврларда кўллаган тактикасини яна жорий этди. Ўзбекистон ўйин вақтида рақибни иккинчи ролда ўйнашга мажбурламоқда.  Сингапурга қарши учрашув бунга яққол мисол бўла олди.

Ўзбекистон саралаш босқичида 3 та ўйин ўтказди (2 та ғалаба, 1 та мағлубият). Саудия Арабистони ҳам учта ўйин ўтказиб 2 та дуранг ва 1 та ўйинда ғалаба қозонди.

МОСЛАШУВ

Саудия Арабистон терма жамоаси 11 ноябрь куни Тошкентга етиб келди. Арабистонликлар белгиланган вақтдан бироз эрта келишди ва бунинг сабабини бош мураббий Эрве Ренар матбуот анжуманида шундай изоҳлади: “Ўзбекистон – совуқ мамлакат. Шу сабабдан об-ҳавога мослашиш кераклиги учун белгиланган вақтдан бироз эрта келишга қарор қилдик.

МАТБУОТ АНЖУМАНИ

Вадим Абрамов: Муҳим ўйин. Айни дамда биз гуруҳда бирини ўринда. Бу Ўзбекистон учун анча қўл келади. Албатта, мухлислар қаршисида ғалаба қозонишга ҳаркат қиламиз. Лутфулла Тўраевнинг ҳолати яхши. Тўраев тажрибали футболчи. Ёш футболчилар учун кўп нарсаларни ўргата олади. Унинг тажрибаси бизга ёрдам беради.

Рақиб мураббийини муҳокама қила олмайман. У ҳақида мендан эмас, саудиялик журналистлардан сўраганингиз маъқул. Лекин биламан у тажрибали ҳамкасб.

Қисқа вақт ичида барчасини туғирлай олмаймиз. Ҳозир муаммолар ҳақида биламиз. Лекин у ҳақида очиқ айта олмаймиз. Ўйиндан кейин буни муҳокама қилишга вақт етарли.

Рақибнинг ўйинларини кўрдим, лекин унинг ўйин услубини билмайман. Балки, “Барселона” ёки “Реал” услубида ўйнар...

Сардор Рашидовни кузатяпмиз. Тўғри у иккита гол урди, лекин гол ураётган ҳамма футболчини таклиф қила олмаймизку. Айни дамда унинг позициясида ўйнайдиган футболчи бор. Унга жамоасига мослашиш учун вақт керак эди, шунинг учун уни безовта қилмадик.

Саудия Арабистон бош мураббийи Эрве Ренар ўйин ҳақида шундай деди: Олдинда бизни жуда муҳим ўйин кутяпти. Фаластинга қарши кўрсатган ўйинимизни такрорлаб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Ўзбекистон терма жамоаси Осиёнинг кучли жамоаларидан бири ҳисобланади. Уларга қарши ўйнаш доим қийин бўлган. Ўзбекистонга қарши Марокаш термаси билан бирга ўйнаганман. Ғалаба қозонганмиз, бироқ улар кучли қаршилик кўрсатиган эди. Фаластинга қарши сафарда ўйнаш доим қийин бўлган. Ўзбекистон термаси Фаластинга қарши ёмон ўйнамади, лекин омад етишмади. Биз ҳам Фаластинга қарши сафарда жуда қийин ўйин ўтказган эдик ва дуранг ўйнаганмиз.

Мен Эктор Куперни жуда ҳурмат қиламан. Сабаби, у кучли мутахассис. Айни дамда рақиб жамоада мураббий ўзгарди ва улар ажойиб ўйин намойиш қилмоқда.

Албатта, об-ҳаво бизга муаммо туғдириши мумкин. Футболчиларимиз бундай совуқ ҳавода кам ўйнаган. Унутмаслик керак, жавоб ўйини  июль ойида Жиддада бўлиб ўтади. Бу Ўзбекистон учун ҳам муаммо бўлиши мумкин.

Турли ҳил қитъаларнинг жамоаларини таққослаш учун Жаҳон чемпионити натижаларига қараш. Мисол учун Саудия Арабистони терма жамоаси гуруҳ босқичида Мисрни мағлуб этди. Саудия Арабистони терма жамоаси анча кучли жамоа ҳисобланади. Аммо биз ҳозир Жаҳон чемпионитадан узоқдамиз. Бунинг учун бугун бизга ғалаба керак.
Ўзбекистоннинг барча ўйинларини кузатаман, рақиб мураббийини билмайман. Лекин мен ҳамма ўйинларни кузатаман. Қайсидир мураббийнинг услубини кўриш учун вақт керак бўлади.

САУДИЯ АРАБИСТОНИ

Саудия Арабистоннинг ҳозирги таркиби ўртача 27-28 ёшли футболчилардан ташкил топган. Энг ёш футболчи Фирас Албирака (19 ёш) энг ёши катта футболчи эса Салмон Ал-Фориж (30 ёш). Ренар Пицци истеъфога чиқарилганидан сўнг таркибни анча ёшартирди.  Саудия Арабистони Россияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида ўзини яхши томонлама кўрсатди.

1) Германияга қарши 90 фоиз аниқ узатмани амалга оширди.
2) Саудаяликлар немислар дарвозасига 14 та зарба йўллади, 5 таси дарвоза тўсинига йўлланган.
3) Саудия Арабистони Италия, Перу ва Германияга қарши ўйинларда 50 фоиз тўп назоратини қўлга олди.
4) Италияга қарши ўйинда 21 та узатмадан сўнг зарба йўллаган.

Деярли барча фактлар услуб ҳақида кетмоқда. Бундай услуб футболчиларни ва жамоани ривожлантиради ва натижалар яхшиланишига олиб келади. Бу услуб – футболни ривожлантириш учун ўйлаб топилган режа. Раҳбарият ҳар бир мураббийга ўз талабини қўяди. Ҳатто, Берт ван Марвейкдан ҳам назорат талаб қилинган. Ҳал қилувчи баҳсларда араблар саралаш босқичида рақиб дарвозаси томон 48 фоиз зарба йўллаган, лекин шуни унутмаслик лозимки, рақибларимиз 57 фоиз тўпни назорат қилди. Ушбу кўрсаткичлардан сўнг ван Марвейк Арабистонга кўника олмади ва шартномасини узайтиришни истамади.

Унинг ўрнига Аргентинанинг собиқ мураббийи Эдгард Баусани чақирилди. У термада қисқа вақт ишлади, истеъфо сабаби – белгиланган талабларга риоя қилинмагани.

ПРЕССИНГ

Саудия Арабистонликлар рақибни ўз жарима майдончасида хато қилишга мажбур қилишади. Арабистонликлар 29 фоиз голларни айнан прессинг орқали уради.  Бу услуб Пицци давридан қолган услуб ҳисобланади. Айнан шу фактор туфайли Саудияликлар ҳали ҳеч кимга мағлуб бўлмаган.

ҲИМОЯ

Арабистонликлар кўпроқ қарши ҳужумга таянишади баъзида эса уларнинг ҳимоялари шунчаки қўрғонга айланади. Ҳимоя арабистонликларни асосий услублари ва улар қандай ҳимояланишни билишади.

ЭНГ ХАВФЛИ ФУТБОЛЧИЛАР

Рақибларимизнинг ҳужум чизиғи айни дамда бироз кучсиз бироқ, ярим ҳимояда хавф туғдира оладиган футболчилар талайгина. Масалан, Салим Ал-Досари (7 та ўйин 3 та гол), Абдулфаттоқ Асири ( 3 та ўйин 2 та гол), Фаҳад ал-Муваллад (7 та ўйин 2 та гол), Ҳаттан Бабхир, (12 та ўйин 2 та гол). Ушбу статистикага қараб хулоса қиладиган бўлсак, биз ҳужумчилардан эмас аксинча ярим ҳимоячилардан чўчишимиз керак.

ТАРКИБ

Дарвозабонлар: Муҳаммад Ал Ями, Волид Абдулла Али, Муҳаммад Халил Ал-Оваис,
Ҳимоячилар: Абдулалеҳ Ал-Амри, Али Ал-Булайхи, Муҳаммад Ал-Бурайк, Султон Абдулла Ал-Ганам, Абдулҳаким Муҳаммад Ал-Фотил, Ёсир Ал-Шаҳрони, Умар Иброхим.
Ярим ҳимоячилар: Салмон Ал-Фориж, Яхё Ал-Шаҳри, Салим Ал-Досари, Хаттан Бобхир, Абдулалеҳ Ал-Малки, Абдулла Отаиф, Абдулла ал-Хайбори, Абдулраҳмон Алдавсари, Абдулфаттоҳ Асири, Абдулазиз Ал Биши, Наваф Ал-Абид.
Ҳужумчилар: Ҳарун Камара, Абдуллоҳ Алҳамддан, Фирос Албиракан.

ҲАКАМЛАР БРИГАДАСИ

Учрашувни япониялик ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради. Бош ҳакам – Рюжи Сато, унга қанотларда ҳамюртлари – Ҳироши Ямаучи ҳамда Жун Миҳара ёрдам беради. Захира ҳаками – Юдаи Ямамото. Ўйин назоратчиси этиб Омар Муса Халаф Абулум (Иордания) тайинланди, комиссар эса Моҳд Сайфиддин Абу Бакар (Малайзия).

ЧИПТАЛАР “ЧИПС” НАРХИДА

Ўйинни стадионда кузатиш учун ҳар қандай касб эгалари бемалол бориши мумкин. Чунки чипталар нархи арзон. Бу ҳам бежиз эмас албатта, чунки бугун барчамиз бир бўлиб терма жамоамизни қўллаб-қувватлашимиз шарт

Чипталар нархи билан танишинг:
1 - категория – 15 минг сўм
2 - категория – 25 минг сўм
ВИП-зал – 35 минг сўм.

ХУЛОСА

Ғалаба учун 3 та омил ўз ишини қилиб берса бўлгани. Булар:

1: Тактикани амалда қўллаш
Бугунги ўйинда асосий ролни бажарадиган футболчилар Вадим Абрамовнинг тактикасига амал қилиб ўйнашлари лозим.

2: Мухлислар
Бу гапни миллион маротаба эшитган бўлсангиз ҳам яна бир бор такрорлашга мажбурман, чунки вакилларимиз бугун жиддий рақибга қарши ўйнайди. Шунинг учун ҳаво совуқ бўлса ҳам стадионга ташриф буюриб далда бўлиб туришингизни сўраймиз.

3: Об-ҳаво
Иссиқ ўлка вакиллари бугун катта эҳтимол билан қийналиб қолишлари мумкин. Чунки совуқ ғалабага катта ҳисса қўшади. Энди бунинг акси, бизнинг ғалабамизга қаршилик кўрсатадиган факторлар ҳам йўқ эмас.
Айни дамда Ўзбекистонга совуқ кунлар келган чироқлар ҳам вақти-вақти билан ўчиб турибди. Эсингизда-а? Ўша “свет” ўчиб қолган ўйинни яна эслатишни ҳожати бўлмаса керак. Ҳар ҳолда бугун ўша кулгили воқеа қайтарилмайди деган умиддамиз!

Аброр Эшонхонов

Ўқилган: 7914
ЖЧ-2022 саралаши Саудия Арабистони термаси Ўзбекистон миллий терма жамоаси

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича