Франциянинг нуфузли France Football журнали “Олтин тўп 2019” мукофотига даъвогарлик қиладиган 30 футболчининг номини эълон қилди.

Жароҳат, турли можаролар сабаб мавсумнинг аксар қисмини ўтказиб юборган Неймар сўнгги 8 йил ичида биринчи бор мазкур рўйхатдан тушиб қолди. Аммо  мукофотнинг асосий даъвогари ўзгаргани йўқ.

Яқинда Лионель Месси ФИФА таснифига кўра, йилнинг энг яхши футболчиси, деб топилди. У мазкур соврин учун азалий рақиби Криштиану Роналду ва “Ливерпуль” етакчиси Виржил ван Дейкдан устун келди.

Бу ғалаба гўё “Олтин тўп” ғолибини ҳам аниқлаб берди. Аммо бунга бизнинг ишончимиз комил эмас, чунки:

4.Европа Чемпионлар Лигасидаги муваффақиятсизлик

“Барселона” ўтган мавсум аввалидаги ўйинлари билан ўз мухлисларини муваффақиятларга ишонтира олди, энди улар жамоадан навбатдаги “Олтин требл”ни кута бошладилар.

ЕЧЛ масаласи мухлислар учун устувор бўлиб қолди.2015 йилдан бери илк марта мусобақанинг ярим финалига йўл олган каталонияликлар учун узоқ кутилган ғалабагача бир қадам қолганди. Ҳаттоки, “Ливерпул”га қарши биринчи учрашув(3:0)дан кейин мухлислар финал чипталарини харид қилишни бошладилар. Аммо “Энфилд Роуд”даги жавоб учрашуви Мессининг Европадаги навбатдаги “фожеа”сига айланди.

Биламизки, ҳакамлар ҳайъати “Олтин тўп” ғолибини аниқлашда биринчи навбатда ЕЧЛга эътибор қаратишади.

3.Америка Кубогидаги омадсизлик

Америка Кубогида яна эски воқеа такрорланди: Месси ўзининг “Барселона”даги аксига айлангандек эди ва терма жамоа сафида бутунлай йўқолиб қолди.

Аргентиналик мухлислар яна бир жамоа етакчисига ишонч билдирдилар, аммо у ҳеч кимни ғалабага илҳомлантира олмади. Тўғри, терма жамоа ярим финалга чиқди, бироқ бунинг учун Мессига раҳмат айтилмайди. Парагвай дарвозасига киритилган ягона гол ва битта голли узатма – бу даражадаги футболчилар учун муваффақиятсизликдан ўзга ҳеч нарса эмас. 

Эслатиб ўтамиз, Криштиану Роналду Португалия терма жамоасини олға бошлаб УЕФА Миллатдар Лигасида ғалаба қозонишни уддалади.

2.“Барселона”нинг жорий мавсумдаги суст старти

“Олтин тўп” учун кураш ҳамон давом этмоқда. Тўғри, асосан футболчининг ўтган мавсумдаги ҳаракатлари муҳимроқ бўлсада, ҳакамлар ҳайъати номзодларнинг ҳозирги ҳолатларига ҳам эътибор қаратишади. Бу жабҳада Леонинг муаммолари етарли.

Аргентиналик футболчи яхши старт ололмади, чунки жароҳатлар билан боғлиқ муаммолар ҳамон давом этмоқда. Роналдунинг “Ювентус”даги аҳволи анча яхши. Ван Дейк ҳақида гапирмаса  ҳам бўлади.

1.Кучли рақобатчилар

Бу йилги мукофот ҳам олдингисига ўхшайдиган кўринади, чунки аниқ фаворит йўқ. Месси ва ван Дейкнинг имкониятлари юқорироқ кўринмоқда. Аммо Роналдуни ҳам ҳисобдан чиқармаслик керак.

Португалиялик ҳужумчи ўтган мавсум “Ювентус” сафида 28 гол уриб, 10 голга ҳаммуаллифлик қилди. А серияда “Йилнинг энг яхши ўйинчиси”га айланди ва Миллатлар Лигаси мусобақасининг энг яхши тўпурари бўлди.

Ван Дейк ҳам жиддий рақиб. Голландиялик футболчи “Ливерпуль” клубининг ЕЧЛда ғалаба қозонишида муҳим рол ўйнади ва АПЛда ҳам ажойиб ўйин кўрсатди. У Голландия билан Миллатлар Лигаси финалига чиқди ва АПЛда “Йилнинг энг яхши ўйинчиси”, деб топилди. Кўпчилик нуфузли мукофотга айнан у сазовор бўлиши кераклигини таъкиламоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Олтин тўп” ўз соҳибига 2 декабрь куни топширилади. Воқеалар ривожини бизда кузатиб боринг.

Фахриддин Рўзиев