Бир неча кун олдин, Италия матбуотида Каталониянинг “Барселона” клуби етакчиси ва сардори Лионель Месси жамоа раҳбариятидан Миланнинг “Интер” клуби ҳужумчиси Лаутаро Мартинез билан шартнома имзолашни сўрагани ҳақида хабарлар тарқалди. Гап шундаки, Месси мазкур битимнинг “кўк-анор” ранглилар учун фойдали бўлишига шунчалик ишоняптики, у раҳбариятдан  “нерадзуррилар”га футболчининг шартномасида кўрсатилган товон пулини тўлашни талаб қилмоқда.

ОАВ маълумотларига қараганда, Лаутаро атрофидаги миш-мишлар “Интер” раҳбариятини сергаклантирди. Ҳозир улар ҳужумчи билан товон пули миқдори ошириладиган янги шартнома имзолаш имкониятлари устида бош қотиришга мажбур бўлмоқдалар. Албатта, бу миш-мишлар ўйинчи агентлари томонидан уюштирилган янги “сериал” бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Аммо аргентиналик футболчининг мавсум аввалидаги ажойиб ҳаракатлари ҳам борки, кишини беихтиёр мушоҳада қилишга ундайди. Шубҳасиз, ўтган йили Лаутаро харид қилинар паллада (Аргентинанинг  “Расинг” клубидан 14 миллион евро эвазига) “нерадзуррилар” раҳбарияти футболчининг товон пули миқдорини 111 миллион евро қилиб белгилаш уни бошқа клублар “тажоввуз”идан ҳимоя қила олишига ишонганлар. Аммо Месси фактори ва “кўк-анор ранглилар”нинг иқтисодий ҳолати ҳужумчи шартномасининг сотиб олинишига имкон беради.

Дарҳақиқат, “Барселона”нинг бугунги таркибига назар солиб, Лаутаро Мартинездек савияли, иқтидорли ҳужумчи бу жамоа учун ортиқчалик қилмайди, деган хулосага келишингиз мумкин. Яқинда харид қилинган Гризманн, ўйиндан ўйинга кучайиб, формага кираётган Суарез ва Месси ҳақида гапириш ортиқча. Бундан ташқари, таркибда Усмон Дембеле, Карлес Перез ва Анссумане Фати сингари иқтидорли ёшлар бор. Лекин айнан Лаутаро замонавий “Барселона”га етишмаётган таран сифатли марказий ҳужумчилар сирасига киради. Аргентиналик футболчи ҳар ўйинда ўртача 5,27 марта рақиб дарвозасига чанг солади. Каталонияликлар сафида рақиб дарвозаси томон энг кўп зарба йўллайдиган футболчиларнинг кўрсаткичлари нисбатан абгор ҳолатда: Луиз Суарез – 3,07; Карлос Перез – 2,75; Антуан Гризманн – 2,31.

Шубҳасиз, Гризманн ёки Месси майдонда Мартинезга нисбатан кенгроқ вазифаларни бажарадилар. Улар нафақат рақиб дарвозабонининг ҳушёрлигини синаб кўриш, балки жамоа ўйинин бошқариш, шахсий ижодкорлик эвазига ҳужумдаги кескинликни оширишга ҳам масъулдирлар. Клубда бундай ижрочилар бор экан, найзанинг учи янада ўткирроқ бўлиши, зарба бериш учун қулай вазиятда қулай жойни топа олиши ўта мухимдир. Зеро, зарбалар сонининг ошиши мос равишда гол уриш эҳтимолини ҳам оширади.

Бошқача айтганда, Месси ва Гризманн – эркин ижодкорлар. Уларни марказий ҳужумга кўчириш мантиқсизликдир. Перез ва Фати эса ҳали анча ёш ва улар одатда марказий ампула талабларига жавоб бермайдилар. Биргина Суарез қолди. Аммо жамоа бир нечта фронтда кураш олиб бориши ва уругвайлик футболчининг ёшини инобатга олсак, раҳбарият ва скаутлар аллақачон унинг муқобилини топишлари керак эди.

Лаутаро ва Луизнинг майдондаги бевосита ҳаракатларини таққосласак, аргентиналик ҳужумчи рақиб жарима майдонида фаолроқ эканига гувоҳ бўламиз.

Бугунги кунда Суарезнинг Мартинездан устун томонлари ҳам борми? Албатта, бор. У йўллайдиган зарбаларнинг 56 фоизи манзилга етиб борса, бу кўрсаткич Лаутарода 48 га тенг. Аммо унутмаслигимиз керакки, бу жиҳат кўпроқ тажриба билан боғлиқ. Мартинез эса Суарездан 10 ёш кичик ва Европада эндигина иккинчи мавсумини ўтказмоқда.

Лаутаронинг Месси билан яхши алоқада эканлиги жуда муҳим. 2013 йилда Леонинг хоҳишига кўра, жамоа муаббийлик постини Херардо Мартино эгаллаганди. У бу гал раҳбариятдан ҳамюртини харид қилишни сўради.

“Интер” ҳужумчисининг эҳтимолий трансфери ҳақида унинг агенти Бету Яке шундай деди:

“Бизга ҳали ҳеч ким қўнғироқ қилмади, лекин вазиятни ойдинлаштириш учун айтмоқчиманки, мижозимга “Барселона”дан қизиқишлар бор ва бу қизиқишнинг ортиш эҳтимоли юқори”.

Эҳтимол, Лаутаронинг ўзи “Ноу Камп” томон ошиқмас. Зеро, унинг Миландаги миссияси якунлангани йўқ. Бундан ташқари, у Конте қураётган янги жамоанинг асосий фигурасига айланиб улгурди. Шу сабабли ҳам “Жузеппе Меацца”ни ўсишга эришиш учун энг қулай жой ҳисоблаши мумкин. Аммо қайси аргентиналик Месси билан бир жамоада тўп суришни орзу қилмайди, дейсиз?  

Фахриддин Рўзиев