France Football журналистларининг Туринга ташрифлари ўз-ўзидан «Олтин тўп»га даъвогарлик қилаётган Криштиану Роналду коэффициентини кўтариб юборди. Обрўли нашр «Юве» етакчисидан алоҳида интервью олгач, кўпчилик Роналдуга нуфузли совриннинг янги соҳиби сифатида қарай бошлади. Шу-шу машҳур тўпурар хорижлик касбдошларимиз қуршовида бўлиб турибди. Қуйида унинг France Football нашри вакиллари билан мулоқотига бирров назар ташлаб, энг эътиборли фикрларига эътибор қаратишни лозим кўрдик.

Энг юксак шахсий натижалари

- 19-20 ёшли пайтда футболнинг асосий моҳиятини тушундим - рақамлар, совринлар, рекордлар ва голлар. Бунинг учун эса алоҳида иқтидор керак, истеъдодсиз ҳеч вақога эришиб бўлмайди. Лекин иқтидорнинг ўзи наф бермайди, меҳнат ҳам зарур. 700та гол - ҳайратланарли натижа, бу маррани саноқли футболчилар забт этишгани мендаги фахр ҳиссини янада оширади. Айтингчи, қайси футболчи менинг ёшимда «Ювентус»дек номдор жамоада бинойидек тўп сурган?

Энг чиройли голи

- Шахсан ўзимга «Ювентус» дарвозасига урган голим маъқул. Дарвозани қайчи усулида ишғол этишни йиллар давомида орзу қилганман. Эҳтимол, «Юве»га қарши баҳсда урилгани фаолиятим давомидаги энг чиройли голдир. У узоқ вақт хотирамда қолиши аниқ.

Бошқа чемпионатлар

- Англия футболи Испания ва Италияникидан кескин фарқланади. Умуман, шу 3та чемпионатда ҳам тўп сурганим камолотга эришишда муҳим роль ўйнади. Агар янги синовлар, янги рақиблар билан куч синашиш, қийинчиликларни бартараф этишни ёқтирмаганимда, ҳозирги даражага кўтарилолмасдим. 33 ёшда Туринга йўл олганим кўпчиликни ажаблантиргани ҳам рост. Амалда ўтган мавсум «А» сериянинг энг яхши футболчиси бўлдим. Демак, янги жамоага ҳам, янги мураббийга ҳам тезда мослашаман. Жумладан, клубдан терма жамоа ўйинига ҳам.

«МЮ»даги даври

- Агар инсонда озгина фаросат бўлса, у ёнидаги шеригининг ишлари, ҳаракатларидан ибрат олади. Шу маънода айтсам, «МЮ»да Гиггз, Скоулз, ван Нистелрой, Фердинанд каби жамоадошларимдан кўп нарсалар ўргандим. Йўқ, тақлид қилмадим, шунчаки, уларнинг усулларини ўз ўйинимга мосладим. Шунингдек, янги даражага чиқишимда сэр Алекс Фергюсоннинг ҳиссаси салмоқли. Айнан у туфайли нафақат рақибларимни алдаб ўтиш ва узатмалар бериш, балки гол уришни ҳам уддалай олишимга кучлироқ ишона бошладим.

Маҳорат сайқали

- Бу борада заиф томоним йўқ, менимча. Дейлик, оёқларим ва бошим билан гол уряпман, жисмоний қувватим, тезлигим талаб даражасида.

Месси билан рақобат

- Бу баҳс бор куч маҳоратимизни ишга солишни тақозо этди. Юксак рақобат  таъсирини «Реал»да «МЮ»дагидан кучлироқ ҳис этдим. Босим шунга яраша эди. Қисқаси, рақобат иккимизга ҳам катта манфаат келтирди.

Омадсизлик ва жароҳатлар

- Ёш футболчиларга эътибор беринг. 25-27 ёшли юксак салоҳият соҳиблари жароҳатланиб, майдонга тушолмаяптилар. Нима, бу тасодифми? Кўпчилик жароҳатни омадсизликка йўяди. Сабаби нима? Ҳаётда ҳар ким танлаш имкониятига эга - кимдир омадга талпинади, бошқаси омадсизликка йўлиқади. Мен эса биринчисини танлаганман. Демакки, омад келтирадиган ишга қўл уриш муҳим. Яратган ҳаммасини кўриб туради. Барчасига қатъий тартибга амал қилиш орқали эришдим. 2-3 йил юксак спорт формасида юриш бошқа, 16-17 мавсум барқарорликни сақлаб туриш бошқа. Нима, бу ҳам иқтидорга боғлиқми? Йўқ, бундай эмас.

«Локомотив»га қарши ўйин...


Давоми бор. Ушбу интервьюни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин